Ер участкасини хусусийлаштириш янги қонун билан кафолатланди

Барчамизга маълумки, ер чекланган табиий ресурс бўлиб, давлат бойлиги ҳисобланиши туфайли алоҳида муҳофаза этишни ҳамда оқилона фойдаланишни талаб этади.

Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ муносабатларни самарали тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ерга оид низоларни олдини олиш, бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга оид муҳим қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

2021 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.

Ушбу Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунда хусусийлаштириш мумкин бўлган ва хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ер участкалари санаб ўтилган.

Жумладан, юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари хусусийлаштириш объекти бўлиши мумкин.

Қуйидаги ер участкалари эса хусусийлаштирилмайди:

фойдали қазилма конлари, қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ҳамда сув фондларининг, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларининг муҳофаза зоналари, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари);

хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;

қонунчиликда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига тақдим этилган ер участкалари — махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган даврда;

кўп квартирали уйлар жойлашган, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек юридик шахсларга давлат ва жамият эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари.

Ер участкаларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари хусусийлаштириб олишлари мумкин. Чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ер участкаларини хусусийлаштиролмайди.

Кўпчиликда фуқаролари ва юридик шахслари томонидан ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш қандай шаклида амалга оширилиши қизиқиш уйғотади. Келинг, шу ҳақда сўз юритсак.

Ер участкаларини хусусийлаштириш ҳақидаги ариза Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси томонидан – тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан ҳамда фуқаро томонидан –  якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан берилади.

Aриза давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Aриза ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос бўлади. Aризани кўриб чиқиш Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Aризани кўриб чиқиш натижаси ижобий ёки салбий қарорни ўз ичига олиши мумкин бўлган хабарномадан иборат бўлади.

Хусусийлаштириш субъектига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қиймати юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган, тегишли ерлар учун хусусийлаштириш пайтида белгиланган ер солиғи базавий ставкасининг каррали миқдорларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини тўлаш ижобий қарорга эга бўлган хабарнома олинганидан кейин ўн иш куни ичида аризачи томонидан амалга оширилади.

Ер участкасининг қиймати ўз вақтида ва тўлиқ тўланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги бир иш куни ичида давлат ордерини беради. Давлат ордери ер участкаси мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжат ҳисобланади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси С.Шокиров