Конституцион ислоҳотлар нима учун керак?
Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституцион ислоҳотлар юзасидан турли фикр ва мулохазалар билдирилмоқда. Мазкур жараёнда барчага тенг яратилган фикр эркинлиги сабабли оддий фуқародан тортиб, мамлакатнинг кўзга кўринган мансабдор шахслари ва олимлари хам бу борада фикрини эркин ва баралла айтмоқда. Албатта, бу борадаги мулоҳазалар турлича ва доим хам бир-бирига мутаносиб эмас.
Биз хам мамлакатнинг амалдаги конституциясига киритилаётган ўзгартиришларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги аҳамиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Маълумки, жамият ва давлат ривожланиб борар экан амалда бўлган қонунлар хам ушбу ўзгариш ва ривожланишга мос тарзда такомиллаштирилишни талаб қилади. Акс ҳолда, замон талабига жавоб бермаган қонун юридик кучга эга ҳисоблансада, амалда жамият ва фуқаролар учун фойдасиз, ишламайдиган қоидага айланиб қолади.
Ўтган сўнгги беш йилликда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.
Жумладан, Конституциянинг 111-моддасида Судьялар Олий кенгашининг мустақиллиги белгиланиб, ушбу модда “Судьялар олий кенгаши – судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органдир” деган тахрирда баён қилинмоқда.
Мазкур киритилаётган ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида собитқадамлигини, судларнинг мустақиллиги конституциявий принцип даражасига кўтарилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Шунингдек, Конституциянинг 112-моддаси 1-қисми тахриридаги “Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади” деган жумладан “одил судловни амалга ошириш борасидаги” деган сўзлар чиқариб ташланмоқда. Яъни, эндиликда судьянинг нафақат одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига, балки умумий фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.
Шу моддадаги “Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин” деган жумла “Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин” деган жумлалар билан алмаштирилмоқда.
Бугунги кунда, судларга бўлган аҳолининг ишончини янада ошириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, судни чин маънода адолат қўрғонига айлантириш давлатимиз олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ривожланган ҳорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, суд ҳокимиятининг мустақиллиги бошқа ҳокимият тармоқларини тийиб туриш, ҳокимият ваколатларини тақсимлашда адолатга эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Конституциямизга киритилаётган юқоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг муҳим конституциявий принципларини белгилаб беради.
Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда жамият, давлат ва фуқаролар олдида турган энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилаётган нормалари соҳани жахон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратади.
Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович






