Маълумки, жамият ва давлат ривожланиб борар экан амалда бўлган қонунлар ҳам бу ривожланишга мос тарзда такомиллаштиришни талаб қилади. Акс ҳолда, замон талабига жавоб бермаган қонун юридик кучга эга ҳисоблансада, амалда жамият ва фуқаролар учун фойдасиз, ишламайдиган қоидага айланиб қолади.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш, яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.
Мазкур хаётий заруратдан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг эски тахрирдаги Конституцияси 1992 йил
8 декабрь куни қабул қилинган, 6 та бўлим, 26 та боб, 128 та моддадан иборат эди. Унинг 22-боби “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти” деб номланиб, 106-моддадан 116-моддагача бўлган 11 та нормаларни қамраб оларди.
Таъкидлаш керакки, эски тахрирдаги Конституциянинг энг кўп ўзгартириш киритилган моддаларидан бири Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти тизимини белгиловчи 107-моддаси ҳисобланади.
Дастлаб, мазкур норманинг биринчи қисми “Ўзбекистон Республикасининг суд тизими беш йил муддатга сайланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикасининг Олий суди, Қорақалпоғистон Республикасининг хўжалик судидан, шу муддатга тайинланадиган вилоят судлари, Тошкент шаҳар суди, туман, шаҳар ва хўжалик судларидан иборат” деб баён этилган эди.
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелдаги 470-II-сон Қонуни билан киритилган ўзгартиришга мувофиқ мазкур модданинг биринчи қисми “Ўзбекистон Республикасида суд тизими беш йил муддатга сайланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судидан, шу муддатга тайинланадиган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳарбий ва хўжалик судларидан иборат” деган тахрирда баён қилинди. Бу холатда жиноят ва фуқаролик судлари ихтисослашуви муносабати билан конституцион нормага ўзгатириш киритилган. Конституциянинг мазкур моддасига навбатдаги ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрелдаги ЎРҚ-426-сонли Қонуни билан киритилиб, модда “Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборат” деган тахрирда баён қилинди. Мазкур ўзгартириш суд тизимида маъмурий судлар фаолиятининг йўлга қўйилиши муносабати билан амалга оширилди. Сўнгги ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг
2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-671-сонли Қонуни билан киритилиб, модда “Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир” тахририда баён қилинди. Мазкур ўзгариш суд тизимида умумюрисдикция судлари ва маъмурий судлар фаолиятини тартибга солиш юзасидан киритилди.
Ривожланган давлатлар тажрибасида судларнинг янада ихтисослашганлик холатини кўриш мумкин ҳамда бу давлат ва жамият ривожланиши билан боғлиқ табиий ҳолат ҳисобланади. Демак, келажакда ҳам суд тизимининг ихтисослашуви ва ўзгаришини истисно этиб бўлмайди.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясида суд тизими айнан кўрсатиб ўтилмасдан, 131-модданинг 1-қисмида “Ўзбекистон Республикаси суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади” деб кўрсатилди. Бу конституцион норма мунтазам равишда ўзгаришининг олдини олади.
Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда жамият, давлат ва фуқаролар олдида турган энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилган нормалари сохани жахон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратди.
Юлдашев Бахтиёр Рахимович
Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси
Ортиқов Элмуроджон Мирзарахимович
Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси