Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг принциплари бўйича тушунтириш.
8-модда. Одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши
Маъмурий ишлар бўйича одил судлов ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади.
9-модда. Қонун ва суд олдида тенглик
Маъмурий ишлар бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, юридик шахсларнинг эса мулкчилик шаклидан, жойлашган еридан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
10-модда. Судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши
Одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьялар мустақиллигининг кафолатлари қонун билан белгиланади.
11-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги
Маъмурий суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.
Суд холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда, тарафлар ўз процессуал мажбуриятларини бажариши ва ўзларига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур шароитлар яратиб беради.
Суд маъмурий иш бўйича барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаш чораларини кўради.
12-модда. Маъмурий суд ишлари юритиладиган тил
Маъмурий суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.
Маъмурий суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
Суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади.
13-модда. Суд муҳокамасининг ошкоралиги
Судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади.
Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ мажлисда видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзуви эса амалга оширилмайди.
Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда, ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди.
Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.
14-модда. Суд муҳокамасининг бевоситалиги
Суд маъмурий ишни кўриб чиқишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.
15-модда. Маъмурий ишларни қонунчилик асосида ҳал қилиш
Суд маъмурий ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.
Суд маъмурий ишни кўраётганда маъмурий органнинг ҳужжати қонунга мувофиқ эмаслигини, шу жумладан ҳужжат ваколат доирасидан четга чиқилган ҳолда қабул қилинганлигини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади.
Низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар ҳам мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиқиб ҳал қилади.
Маъмурий ишларни кўриб чиқишда қонунчиликдаги барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг фойдасига талқин этилади.
16-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.
Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси: Курбанов Солижон Мурадович.
Фарғона туманлараро маъмурийсудининг судья ёрдамчиси: Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли.