Суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш янада кучайтирилади.

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сонли Фармонига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясига мувофиқ қуйидагилар, яъни:

“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.

Х.Ахмаджонов ва О.Абдусатторов

Фарғона вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчилари

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.

Қонун (ЎРҚ–810, 16.12.2022 й.) билан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»га  ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказиш белгиланди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланганда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилгандан эътиборан 48 соатда уни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномага муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни аниқлаган мансабдор шахснинг шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги, тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи раҳбари томонидан тасдиқланган қарори, яшаш манзиллари (манзиллар бўйича бюро) ҳақида ахборот берувчи органнинг маълумотномаси, шунингдек муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги яшаш жойини текшириш натижалари тўғрисидаги маълумот, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг тушунтириши ёки бундай шахс томонидан тушунтириш бериш рад этилганлиги тўғрисида тегишли тарзда тузилган далолатнома, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тўғрисида тиббий маълумотнома, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённомалар илова қилинади, шунингдек, юқорида кўрсатилган илтимосномага уни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши ва ушбу билан илтимоснома тегишли тартибда асосланиши мумкин.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.

Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади. Суд мажлисида ўзига нисбатан иш материали кўрилаётган шахс ва ички ишлар ходими иштироки мажбурийдир, шунингдек, адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.

Судья томонидан илтимоснома тегишли тартибда қаноатлантирилиши ёки қаноатлантиришдан рад этилиши мумкин.

Илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда, судья томонидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ушбу қарорнинг ижроси зудлик таъминланиши шарт.

Шунингдек, суднинг қарори устидан апелляция тартибида шикоят (протест)берилиши мумкин.

И.Садриддинов

Фарғона вилоят маъмурий

судининг судья катта ёрдамчиси

О.Абдусатторов

Фарғона вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Муйян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 2022 йил 16 декабрдаги ЎРҚ–810 сонли «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 24 бобидаги муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш бўйича тегишли туман ва шаҳар ИИБ органлари томонидан берилган илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормалар Ўзбекистон Республикаси  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказилиши, шуниндек, ушбу туркумдаги ишлар маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича тегишли туман, шаҳар судларига ўтказилиши белгиланди.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланганда, ИИБ органлари  томонидан улар тегишли тартибда текширилади ва текширув натижалари бўйича  ИИБ органига келтирилган кундан эътиборан 48 соат ичида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномага

-муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни аниқлаган мансабдор шахснинг шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги, тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи раҳбари томонидан тасдиқланган қарори;

-яшаш манзиллари (манзиллар бўйича бюро) ҳақида ахборот берувчи органнинг маълумотномаси, шунингдек муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги яшаш жойини текшириш натижалари тўғрисидаги маълумот;

-муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг тушунтириши ёки бундай шахс томонидан тушунтириш бериш рад этилганлиги тўғрисида тегишли тарзда тузилган далолатнома;

-муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тўғрисида тиббий маълумотнома;

-муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённомалар илова қилинади.

Шунингдек, илтимосномага уни асословчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ИИБ органи томонидан берилади.

Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади. Суд мажлисида ўзига нисбатан иш материали кўрилаётган шахс ва ИИБ ходими иштироки мажбурийдир, шунингдек, адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.

Д.Махаматов,

Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси

Мурожаатнома юзасидан

Куни кеча президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат ўқиб эшиттирилди, унда ҳар бир соҳа бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусида амалга оширилиши сув ва ҳаводек зарур бўлган ислоҳотлар юзасидан кенг тўхталиб ўтилди. Ҳар бир давлат органининг ваколатлари ва шунингдек, уларнинг ўз ваколатларини қай даражада амалга оширгани, келгусида қай даражада амалга оширилиши лозимлиги юзасидан топшириқлар берилди. Хусусан, давлат бошқарувида оптималлаштириш ишларини амалга ошириш, яъни вазирлик ва идораларни сонини қисқартириш ва сифатини ошириш белгиланди.

Шунингдек, суд ҳокимиятининг фаолияти юзасидан ҳам олиб борилиши зарур бўлган топшириқлар берилди ва суд тизимида амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида айтиб ўтилди. Одил судлов сифатини оширадиган тизим шакллантириш мақсадида судьялар олдига ҳам салмоқли вазифалар қўйилди, шу ўринда суд қарорларини барқарорлигини таъминлаш, бу йўналишда эса қуйи судларнинг масъулиятини ошириш яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, тинтув ўтказиш, телефонни эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокуратурадан судга ўтказилиши маълум қилинди. Бу ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкам ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид ҳар бир хатти-ҳаракат фақат суднинг қарорига асосан амалга оширилишидан далолат беради, шу ўринда таъкидлаш жоизки, одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилиши ҳам бунинг яққол далилидир.

Мурожаатномада энди, терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмаслигини, бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали амалга оширилиши айтиб ўтилди

Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилиб, улар махсус ўқитилиши, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланиши таъкидланди.

Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши айтиб ўтилди, бу эса фуқароларга қулайлик яратиб, улар ўзи хоҳлаган ҳудудда ишлари кўрилишини белгилайдилар.

Бир сўз билан айтганда, мурожаатнома бизнинг кейинги йилларда амалга оширишимиз зарур бўлган ислоҳотларнинг остонасидир.

Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси Д.Махаматов

Гендер тенгликни таъминлашни ўзига хо хусусиятлари.

Гендер тенгликни таъминлаш масаласи дунё бўйлаб муҳим аҳамиятга эга. БМТ томонидан қабул қилинган ҳужжатларда, хусусан, 2015 йил қабул қилинган 70-сонли резолюцияда бу ўз ифодасини топган.

БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари” қабул қилинган.

Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад – “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”дир.

Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Ушбу вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек, давлат аҳамиятидаги жамоат ташкилотлари масъул.

2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида миллий қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда “гендер” тушунчасига таъриф берилди. Унга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади.

“Гендер” тушунчасининг луғавий маъноси лотинча “genus”, яъни “жинс” маъносини англатади. Агарда, биологик жинс инсонларни аёл ва эркакларга ажратадиган бўлса, гендер – бу аёл ва эркакларнинг жамиятдаги ўрнини ажратишга қаратилган. Жамиятда аёл ва эркакларнинг ўз ўрнини топиши ва белгилаши учун давлат уларга бир хил шароит ва имконият яратиб бериши гендер тенгликни таъминлашда асос бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган ушбу олий юридик кучга эга қонун ҳужжатида қонун ва ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида янги йўналиш – гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий этилди.

Хусусан, гендер-ҳуқуқий эспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш ҳисобланади.

Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида мазкур қонуннинг 4-моддасига мувофиқ қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқлик, жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби принциплар белгиланди.

Гендер-ҳуқуқий эспертизани ўтказиш ваколатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларга юклатилди. Уларнинг ҳар бири ўз фаолияти йўналишидан келиб чиқиб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини таҳлил қилади ҳамда гендер-ҳуқуқий эспертиза хулосасини қабул қилади.

Бундай ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш оқибатлари баҳоланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган, камситиш хусусиятига эга хавфлар аниқланади. Уларни бартараф этишга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқилади.

Қайд этиш керакки, қонун юртимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, унда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳада давлат бошқаруви механизмлари каби масалалар ҳам белгиланди.

Хусусан, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси –хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш. Ушбу соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Амалга оширилган ишлар бўйича ҳар йили Олий Мажлисга ахборот тақдим этади. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш ва бу борада халқаро стандартларга риоя этиш соҳасида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорликни амалга оширади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                   Ш.Ахмеджанова

Конституцион ислоҳотлар нима учун керак?

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституцион ислоҳотлар юзасидан турли фикр ва мулохазалар билдирилмоқда. Мазкур жараёнда барчага тенг яратилган фикр эркинлиги сабабли оддий фуқародан тортиб, мамлакатнинг кўзга кўринган мансабдор шахслари ва олимлари хам бу борада фикрини эркин ва баралла айтмоқда. Албатта, бу борадаги мулоҳазалар турлича ва доим хам бир-бирига мутаносиб эмас.

Биз хам мамлакатнинг амалдаги конституциясига киритилаётган ўзгартиришларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги аҳамиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Маълумки, жамият ва давлат ривожланиб борар экан амалда бўлган қонунлар хам ушбу ўзгариш ва ривожланишга мос тарзда такомиллаштирилишни талаб қилади. Акс ҳолда, замон талабига жавоб бермаган қонун юридик кучга эга ҳисоблансада, амалда жамият ва фуқаролар учун фойдасиз, ишламайдиган қоидага айланиб қолади.

Ўтган сўнгги беш йилликда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.

Жумладан, Конституциянинг 111-моддасида Судьялар Олий кенгашининг мустақиллиги белгиланиб, ушбу модда “Судьялар олий кенгаши – судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органдир” деган тахрирда баён қилинмоқда.

Мазкур киритилаётган ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида собитқадамлигини, судларнинг мустақиллиги конституциявий принцип даражасига кўтарилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Шунингдек, Конституциянинг 112-моддаси 1-қисми тахриридаги “Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади” деган жумладан “одил судловни амалга ошириш борасидаги” деган сўзлар чиқариб ташланмоқда. Яъни, эндиликда судьянинг нафақат одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига, балки умумий фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Шу моддадаги “Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин” деган жумла “Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин” деган жумлалар билан алмаштирилмоқда.

Бугунги кунда, судларга бўлган аҳолининг ишончини янада ошириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, судни чин маънода адолат қўрғонига айлантириш давлатимиз олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ривожланган ҳорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, суд ҳокимиятининг мустақиллиги бошқа ҳокимият тармоқларини тийиб туриш, ҳокимият ваколатларини тақсимлашда адолатга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизга киритилаётган юқоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг муҳим конституциявий принципларини белгилаб беради.

Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда жамият, давлат ва фуқаролар олдида турган энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилаётган нормалари соҳани жахон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович

Ерга оид хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан
2021 йил 6 ноябрь куни инаугурация маросимида сўзланган нутқда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг йўналишлари бўйича тўхталиб, ҳусусий мулк ҳуқуқи устиворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланиши, давлат идораси маълумотига ишониб, мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритган илк даврлардан бошлаб мамлакатда хусусий мулкнинг давлат томонидан ҳуқуқий кафолатланишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин” деган қоида бежиз киритилмаган.

Мустақиллик йилларида хусусий мулк ҳуқуқини химоя қилиш борасида давлат томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Мулкдорлар ҳуқуқларини химоя қилишнинг ҳуқуқий базаси ва механизми яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ерга оид муносабатларда хусусий мулк институтининг жорий этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонларига хусусий мулк ҳуқуқи асосида эга бўлиш имкониятини яратди. Бу қоида шуни англатадики, эндиликда хусусий мулк ҳуқуқини таъминлаш юзасидан қабул қилинган ҳар қандай норматив ҳужжатлар хусусийлаштирилган ер майдонларига нисбатан хам татбиқ этилади.

Ерга ҳусусий мулк мақомини бериш борасидаги қонунчилик асосларини яратишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги
ПФ-6243-сонли “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Жумладан, Фармоннинг 6-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кириш вазифаси юклатилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил
15 ноябрь куни имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.             

Қонуннинг 10-моддасига асосан, хусусийлаштириш объектлари сифатида юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари кўрсатиб ўтилди.

Қонуннинг мазкур нормасига асосан фуқаролар ўзарига якка  тартибда уй-жой қуриш, ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, фуқаролар бўш турган ер участкаларини хам электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиб олишлари мумкин.

Энг муҳим жиҳат шундаки, Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ “Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектларидир.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва қонунга мувофиқ давлат томонидан ҳимоя қилинади” деб белгиланди.

Қонуннинг 31-моддасида эса “Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш” деб кўрсатилган.

Таъкидлаш керакки, айни қонун амалга киритилгунга қадар мавжуд бўлган тартибга мувофиқ, ер давлат мулки ҳисобланган. Бу эса, айрим ҳолларда давлат мулки ҳисобланган ер майдонларини олиб қўйишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонида жойлашган бино-иншоотларга доир мулк ҳуқуқининг бузилишига олиб келган.

Эндиликда Қонун талабига кўра, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорлардан олиб қўйилиши мумкин эмас, фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сотиб олиниши мумкин.

Ер қонунчилигига киритилган мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини самарали химоя қилиш, ерни хусусий мулк сифатида эътироф этиш ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашдан иборатдир.     

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев 

Конституцион ислоҳотлар нима учун керак?

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституцион ислоҳотлар юзасидан турли фикр ва мулохазалар билдирилмоқда. Мазкур жараёнда барчага тенг яратилган фикр эркинлиги сабабли оддий фуқародан тортиб, мамлакатнинг кўзга кўринган мансабдор шахслари ва олимлари хам бу борада фикрини эркин ва баралла айтмоқда. Албатта, бу борадаги мулоҳазалар турлича ва доим хам бир-бирига мутаносиб эмас.

Биз хам мамлакатнинг амалдаги конституциясига киритилаётган ўзгартиришларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги аҳамиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Маълумки, жамият ва давлат ривожланиб борар экан амалда бўлган қонунлар хам ушбу ўзгариш ва ривожланишга мос тарзда такомиллаштирилишни талаб қилади. Акс ҳолда, замон талабига жавоб бермаган қонун юридик кучга эга ҳисоблансада, амалда жамият ва фуқаролар учун фойдасиз, ишламайдиган қоидага айланиб қолади.

Ўтган сўнгги беш йилликда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.

Жумладан, Конституциянинг 111-моддасида Судьялар Олий кенгашининг мустақиллиги белгиланиб, ушбу модда “Судьялар олий кенгаши – судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органдир” деган тахрирда баён қилинмоқда.

Мазкур киритилаётган ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида собитқадамлигини, судларнинг мустақиллиги конституциявий принцип даражасига кўтарилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Шунингдек, Конституциянинг 112-моддаси 1-қисми тахриридаги “Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади” деган жумладан “одил судловни амалга ошириш борасидаги” деган сўзлар чиқариб ташланмоқда. Яъни, эндиликда судьянинг нафақат одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига, балки умумий фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Шу моддадаги “Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин” деган жумла “Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин” деган жумлалар билан алмаштирилмоқда.

Бугунги кунда, судларга бўлган аҳолининг ишончини янада ошириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, судни чин маънода адолат қўрғонига айлантириш давлатимиз олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ривожланган ҳорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, суд ҳокимиятининг мустақиллиги бошқа ҳокимият тармоқларини тийиб туриш, ҳокимият ваколатларини тақсимлашда адолатга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизга киритилаётган юқоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг муҳим конституциявий принципларини белгилаб беради.

Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда жамият, давлат ва фуқаролар олдида турган энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилаётган нормалари соҳани жахон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович

Коррупция – тараққиёт кушандаси

Давлат ва жамиятнинг тараққиёти, унда яшайдиган инсонлар фаровонлиги турли омилларга боғлиқ. Мазкур омиллар у ёки бу даражада жамиятда қарор топган ижтимоий тизимнинг харакатерини очиб беради, жамиятнинг тараққий топиши ёки таназзулга юз тутишида асосий сабаб бўлиб хизмат қилади.

Масалан, жамиятни таназзул сари етакловчи, маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлувчи иллат коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум. Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли. Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлиги вазифасига киришиши билан имзо чеккан энг биринчи ҳужжат «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди. Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга.

Жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармони, унда белгилаб берилган чора-тадбирлар, мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, келгусида ҳар бир соҳа ва давлат органида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилган.

Фармоннинг 1-бандига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилгани, Фармоннинг 3-бандига кўра эса 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилгани, мазкур тадбирлар натижасида ҳар бир давлат идорасида коррупцион ҳаракатларни чеклаш имконини берувчи жамоатчилик ва ички назорат функциялари кучайтирди.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш фаолияти нафақат бу соҳага масъул идораларнинг фаолияти билан, балки бутун жамият, ҳар бир жамоа ва фуқаронинг виждон талаби, қалб амрига айлангандагина бу иллатнинг жамият тараққиётига салбий таъсирини минималлаштириш мумкин.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Р.Юлдашев

Кўзга кўринмас фирибгарлар ёки “Сиз катта ютуқ соҳибига айландингиз”

Замон шиддат билан ривожланмоқда. Ахборот-технологиялар, интернет, ижтимоий тармоқлар ва электрон пул ўтказмалари турмуш тарзимизнинг бир қисмига айланиб улгургани бор гап. Ушбу омиллар инсоннинг турмуш тарзи, касби ва кундалик хаётида қатор қулайликларни келтириб чиқардики, ижобий жиҳатлар тўғрисида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.          

Бироқ, бугун биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу интернет тармоғи ёки у билан боғлиқ бошқа тармоқларнинг фойдали жиҳатлари эмас, балки мазкур тармоқлар фаолияти ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзининг ғараз ниятларини амалга ошириб келаётган айрим шахслардир.

Афсуски, кўпчилик ижтимоий тармоқлар орқали юборилган “сиз фалон миллион сўм ютуққа эга бўлдингиз” деган хабарни кўриши билан шошиб қолади. Табиийки бу хабарни ким юборганию, манбаанинг ишончлилигини текшириб кўриш хаёлига хам келмайди. Тезроқ хабарда кўрсатилган ютуқни олиш пайида бўлади.

Мазкур хабарлар асосан, одамларни ишонтириш мақсадида, канал ёки компаниялар расмий номининг бир оз ўзгартирилган шаклидан фойдаланган холда юборилади. Масалан, “Payme” расмий иловасидан “Сиз 50 миллион сўм бонусга эга бўлдингиз” деган хабар келади. Бундай ютуқдан эсанкираб қолган фуқаро хабар юборилган интернет манзилининг тўлиқ номи “Paymetk.uz” эканига эътибор қаратиб хам ўтирмайди.

Сайтга киришингиз билан сиздан ютуқни пул ўтказмаси орқали олишингизни таъминлаш мақсадида, пластик карта рақамингиз ва унинг амал қилиш муддатини кўрсатиш сўралади. Сиз ушбу маълумотларни киритишингиз билан, уяли телефонингизга СМС хабарнома орқали код юборилади. Албатта, сиздан мазкур код рақамини сайтда ёзишингизни сўровчи электрон ойна пайдо бўлади. Ваъда қилинган 50 миллионни тезроқ олиш мақсадида кодни ёзиб юборасиз.

Ва ниҳоят, энг қизиқ жойи! Пластик картангизда мавжуд маблағ қаергадир ғойиб бўлади. Пластик картангизда маблағ йўқ бўлса ёки жуда кам миқдорда маблағ бўлса, сизни “лох” қилмоқчи бўлганлар устидан мийиғингизда кулиб қўясиз. Акс холдачи?!

Унутмаслик керакки, сизнинг пластик картангизга пул ўтказиш учун хеч қачон унинг амал қилиш муддати ёки юборилган СМС хабарнома керак бўлмайди. Бундай маълумотлар сиздан сўраляптими, билингки сиз ФИРИБГАРлар тузоғига яқинсиз.

Афсуски, мана шундай кўзга кўринмас фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз мингларча топилади. Инсонларнинг ҳалол топган пулини алдов йўли билан қўлга киритиш ва бу орқали бойлик орттиришни ўзига касб қилиб олган нафс бандалари хам ундан кам эмас.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси “Фирибгарлик” деб номланади. Фирибгарлик жиноятининг мазмунида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш ҳаракатлари ётади.     

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисмида “Фирибгарлик:

а) анча миқдорда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб кўрсатилган.

Жиноятчику жазосини олар, алданган фуқарога етказилган моддий зарар қопланар. Лекин, оддийгина ҳавфсизлик қоидаларини билмаслик, ўзига тегишли қонуний маблағларни ойлаб давом этган тергов ва суд жараёнлари натижасида қайтариб олиш, энг асосийси қимматли вақтимиз ва асабимиздан айрилишимизга арзирмикан.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев 

Skip to content