Фуқаролар муддатидан олдин ҳам овоз бериши мумкинми?

Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш референдумга ўн кун қолганида бошланади ва референдумга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва фуқароларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади ва  тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди.  Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади.

Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси:      Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли. 

Референдумда овоз бериш тартиби қандай?

Референдумда овоз бериш бюллетени фуқаро томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

Фуқаролар овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масала бўйича ўзи овоз бераётган вариант рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга кўрсатилган белгилардан бирини қўяди.

Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.

Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра, янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабаблар билан овоз бериш биносига кела олмаса, уларнинг илтимосига кўра, референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ана шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                 Курбанов Солижон Мурадович.

Референдумда кимлар иштирок этади?

Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.  Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.

Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб, фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси:      Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли. 

Аслида референдум тушунчаси қандай маънони англатади?

“Референдум” сўзининг маъноси давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган ва баъзан қонунлар қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган умумхалқ сўрови, овоз бериш йўли билан халқ фикрини аниқлашдир.

Юртимизда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонун дастлаб 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун йиллар давомида халқаро ва Ўзбекистон Республикасида орттирилган амалий тажрибаларни инобатга олган ҳолда 2001 йил 30 август куни янги таҳрирда қабул қилинган.

Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.  Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                 Курбанов Солижон Мурадович.

У М У М Л А Ш Т И Р М А        

Фарғона туманлараро маъмурий суди томонидан 2023 йилнинг
1-чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят туман (шаҳар) бўлими давлат ижрочиларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари юзасидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича 28 та маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, шундан, 2 та қарор ва 1 та хатти-ҳаракат юзасидан аризалар қаноатлантирилиб, аризачиларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланган, 13 та аризалар қаноатлантиришдан рад қилинган, 4 та аризалар иш юритишдан тугатилган, 4 та аризалар кўрмасдан қолдирилган, 3 та ариза қабул қилишдан рад қилинган ва 1 та ариза қайтарилган.

Туманлараро маъмурий суди томонидан ишларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 4 та хусусий ажрим чиқарилган.

Мазкур тоифадаги ишлар бўйича 9.300.000 сўм давлат божи суммалари ихтиёрий тўланиб, аризачилардан давлат фойдасига 12.000.000 сўм давлат божи ҳамда Мажбурий ижро бюросидан давлат фойдасига 300.000 сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Фарғона туманлараро

маъмурий судининг судьяси                                                     Д.Мадаминов

Суд ислоҳатларининг асосий мақсади – инсон қадри учун

Сўнги йилларда бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Янги Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида бир қатор ижобий, салмоқли ва самарали ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқди.

Бу боради Ўзбекистон Республика Президентининг 2023 йил
16 январдаги ПФ-11-сонли Фармони билан тасдиқланган “2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси” ҳам судга мурожаат қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судлов ва қонун устиворлигини таъминлаш учун замин яратади.

Хусусан, Стратегияда доирасида “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.

Фарғона туманлараро маъмурий

суди судьяси С.Шокиров

Ер участкасини хусусийлаштириш янги қонун билан кафолатланди

Барчамизга маълумки, ер чекланган табиий ресурс бўлиб, давлат бойлиги ҳисобланиши туфайли алоҳида муҳофаза этишни ҳамда оқилона фойдаланишни талаб этади.

Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ муносабатларни самарали тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ерга оид низоларни олдини олиш, бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга оид муҳим қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

2021 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади.

Ушбу Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунда хусусийлаштириш мумкин бўлган ва хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ер участкалари санаб ўтилган.

Жумладан, юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари хусусийлаштириш объекти бўлиши мумкин.

Қуйидаги ер участкалари эса хусусийлаштирилмайди:

фойдали қазилма конлари, қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ҳамда сув фондларининг, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларининг муҳофаза зоналари, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари);

хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;

қонунчиликда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига тақдим этилган ер участкалари — махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган даврда;

кўп квартирали уйлар жойлашган, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек юридик шахсларга давлат ва жамият эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари.

Ер участкаларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари хусусийлаштириб олишлари мумкин. Чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ер участкаларини хусусийлаштиролмайди.

Кўпчиликда фуқаролари ва юридик шахслари томонидан ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш қандай шаклида амалга оширилиши қизиқиш уйғотади. Келинг, шу ҳақда сўз юритсак.

Ер участкаларини хусусийлаштириш ҳақидаги ариза Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси томонидан – тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан ҳамда фуқаро томонидан –  якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан берилади.

Aриза давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Aриза ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос бўлади. Aризани кўриб чиқиш Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Aризани кўриб чиқиш натижаси ижобий ёки салбий қарорни ўз ичига олиши мумкин бўлган хабарномадан иборат бўлади.

Хусусийлаштириш субъектига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қиймати юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган, тегишли ерлар учун хусусийлаштириш пайтида белгиланган ер солиғи базавий ставкасининг каррали миқдорларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини тўлаш ижобий қарорга эга бўлган хабарнома олинганидан кейин ўн иш куни ичида аризачи томонидан амалга оширилади.

Ер участкасининг қиймати ўз вақтида ва тўлиқ тўланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги бир иш куни ичида давлат ордерини беради. Давлат ордери ер участкаси мулк ҳуқуқини белгиловчи ҳужжат ҳисобланади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси С.Шокиров

Ерга оид хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан
2021 йил 6 ноябрь куни инаугурация маросимида сўзланган нутқда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг йўналишлари бўйича тўхталиб, ҳусусий мулк ҳуқуқи устиворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланиши, давлат идораси маълумотига ишониб, мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритган илк даврлардан бошлаб мамлакатда хусусий мулкнинг давлат томонидан ҳуқуқий кафолатланишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин” деган қоида бежиз киритилмаган.

Мустақиллик йилларида хусусий мулк ҳуқуқини химоя қилиш борасида давлат томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Мулкдорлар ҳуқуқларини химоя қилишнинг ҳуқуқий базаси ва механизми яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ерга оид муносабатларда хусусий мулк институтининг жорий этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонларига хусусий мулк ҳуқуқи асосида эга бўлиш имкониятини яратди. Бу қоида шуни англатадики, эндиликда хусусий мулк ҳуқуқини таъминлаш юзасидан қабул қилинган ҳар қандай норматив ҳужжатлар хусусийлаштирилган ер майдонларига нисбатан хам татбиқ этилади.

Ерга ҳусусий мулк мақомини бериш борасидаги қонунчилик асосларини яратишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги
ПФ-6243-сонли “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Жумладан, Фармоннинг 6-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кириш вазифаси юклатилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил
15 ноябрь куни имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.             

Қонуннинг 10-моддасига асосан, хусусийлаштириш объектлари сифатида юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари кўрсатиб ўтилди.

Қонуннинг мазкур нормасига асосан фуқаролар ўзарига якка  тартибда уй-жой қуриш, ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, фуқаролар бўш турган ер участкаларини хам электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиб олишлари мумкин.

Энг муҳим жиҳат шундаки, Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ “Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектларидир.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва қонунга мувофиқ давлат томонидан ҳимоя қилинади” деб белгиланди.

Қонуннинг 31-моддасида эса “Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш” деб кўрсатилган.

Таъкидлаш керакки, айни қонун амалга киритилгунга қадар мавжуд бўлган тартибга мувофиқ, ер давлат мулки ҳисобланган. Бу эса, айрим ҳолларда давлат мулки ҳисобланган ер майдонларини олиб қўйишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонида жойлашган бино-иншоотларга доир мулк ҳуқуқининг бузилишига олиб келган.

Эндиликда Қонун талабига кўра, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорлардан олиб қўйилиши мумкин эмас, фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сотиб олиниши мумкин.

Ер қонунчилигига киритилган мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини самарали химоя қилиш, ерни хусусий мулк сифатида эътироф этиш ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашдан иборатдир.     

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев

Ер участкаларини электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича хусусийлаштириш ва ижарага олиш мумкинми?

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2021 йил 6 ноябрда бўлиб ўтган инаугурация маросимидаги нутқида мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилиши, бу борада қонун бузилиши мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳоланиши, шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланиб, давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланишини таъкидлаган эдилар.

Бугунги кунда мамлакатимизда ер билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий база яратилган.

Ислоҳотлар жараёнида бундай ҳужжатлар доимий янгиланиб, такомиллашиб бормоқда.  Бу эса аҳолини қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлардан доимий бохабар бўлиб боришни талаб этади.

Кўпчиликни қизиқтирган савол: ер участкаларини электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича хусусийлаштириш ва ижарага олиш қандай тартибда амалга оширилади? Шу ҳақда сўз юритсак.

Ер участкаларини электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича хусусийлаштириш ва ижарага олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси органлари ерларни хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, бўш ер участкаларини “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳар ойнинг 5 ва 20-саналарида жойлаштиришни таъминлайди.

Жисмоний ва юридик шахслар “YERELEKTRON” ААТда аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси органлари жисмоний ёки юридик шахснинг таклифи келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида қишлоқ жойларда турғун чакана савдо шаҳобчасини қуриш мўлжалланган ерлар бўйича уч иш куни ичида ер участкаси бўйича зарур материалларни кўриб чиқади ва тайёрлайди, натижаси бўйича таклиф этилган ер участкасини “YERELEKTRON” ААТга жойлаштиради ёки сабабларни кўрсатган ҳолда жойлаштиришни рад этади.

Қурилиш органлари ер участкаси тўғрисидаги маълумотлар “YERELEKTRON” ААТга жойлаштирилган кундан бошлаб беш иш куни ичида ушбу ер участкаси тўғрисида тегишли хулосани тайёрлайди.

Қурилиш органларининг хулосаси “YERELEKTRON” ААТга электрон шаклда киритилади ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.

Қурилиш органлари муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишнинг техник шартлари келиб тушган кундан эътиборан уч иш куни ичида архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқади ва материалларни электрон шаклда “YERELEKTRON” ААТга киритади ҳамда уларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди ва бунда “YERELEKTRON” ААТ орқали ер участкасини танлаш материаллари автоматик режимда туман (шаҳар) ҳокимлигига юборилади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги ер участкасининг материаллари келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари билан келишилган ҳолда, ер участкасига инвестиция киритиш мажбуриятларини белгилайди.

Бунда ер участкасига мулк ва ижара ҳуқуқини инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан олиш тўғрисидаги олди-сотди шартномаси автоматик тарзда “YERELEKTRON” ААТ томонидан электрон шаклда шакллантирилади ва туман (шаҳар) ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Ер участкасига мулк ва ижара ҳуқуқи “YERELEKTRON” ААТ орқали ер участкасининг бошланғич нархи ва инвестиция мажбуриятлари белгилангандан сўнг автоматик равишда қўшимча қарорлар қабул қилинмасдан операторга юборилади.

Оператор ер участкасига мулк ва ижара ҳуқуқининг аукционга қўйилишига оид буюртма келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани савдо майдончасида жойлаштиради.

Хабарнома ва лот ҳақидаги маълумотлар (ҳужжатлар) аукцион бошланишидан камида 15 календарь кундан аввал операторнинг веб-порталида жойлаштирилади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этишга доир буюртма:

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун –  Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари томонидан;

якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун –   Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан берилади.

Аукционда иштирок этиш учун жисмоний ёки юридик шахслар оператор веб-порталида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.

Ариза тақдим этишдан аввал жисмоний ва юридик шахслар инвестиция мажбуриятлари шартномаси билан танишиши ва унинг шартларини қабул қилиши, лот ҳақидаги маълумотлар (ҳужжатлар) билан танишиши ва шахсий ҳисобрақамини ўзи танлаган лотнинг закалат пули миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлдириши лозим.

Аукционда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш хабарнома жойлаштирилган кундан бошланади ва аукцион ўтказилишидан олдинги кун соат 24-00 да якунланади ва операторнинг веб-порталида автоматик тарзда амалга оширилади. Қабул қилиш учун белгиланган муддат ўтгандан кейин келиб тушган аризалар қабул қилинмайди.

Лотнинг закалат пули унинг бошланғич нархининг 20 фоизи миқдорида белгиланади. Тегишли лот бўйича аукцион бошлангач, веб-порталда автоматик режимда аукцион бошланганлиги тўғрисидаги ахборот шакллантирилади ва эълон қилинади.

Аукцион операторнинг веб-порталидаги хабарномада кўрсатилган кун ва вақтда бошланади. Аукцион унга қўйилган икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилади. Аукцион иш куни мобайнида соат 9-00 дан               18-00 гача ўтказилади. Аукционни ўтказиш вақти 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин, аукцион ўтказиладиган кун соат 21-00 га қадар якунланиши лозим. Лот нархи бўйича охирги таклифни соат 21-00 га қадар билдирган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.

Тегишли лот бўйича аукцион ниҳоясига етгач, веб-порталда автоматик режимда аукцион тугаган вақти ва унинг натижалари тўғрисидаги ахборот шакллантирилади ва эълон қилинади.

Аукцион ғолиби аукцион якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай, лот қийматини тўлиқ тўлаши лозим. Бунда ушбу лот бўйича аввал тўланган закалат пули мол-мулк қийматига қўшиб ҳисобланади.

Агар ер участкасининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг баробаридан ортиқ бўлса, аукцион ғолиби аукцион натижалари тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб беш банк кунидан кечиктирмасдан, аукцион давомида белгиланган нархнинг эллик фоизи миқдорида аванс тўловини киритиш ҳуқуқига эга. Закалат пули аванс тўлови ҳисобига ўтказилади.

Қолган маблағ аукцион натижалари тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб ўттиз календарь кунидан кечиктирмай тўланади.

Электрон савдо майдончасида аукцион орқали ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сотишда ўрнатилган тартибда тўловларни амалга оширмаган тақдирда, ер участкасига бўлган ҳуқуқ инвестор (аукцион ғолиби)нинг харажатлари қопланмаган ҳолда бекор қилинади.

Оператор тўлов тўлиқ амалга оширилган кундан кейинги иш кунида, лот қийматининг QR-кодини (матрик штрихли код) қўллаш орқали аукцион натижалари тўғрисидаги электрон баённомани расмийлаштиради.

Баённома аукцион ғолибининг шахсий кабинетига, “YERELEKTRON” ААТ орқали туман (шаҳар) ҳокимлиги ва туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли филиалига юборилади.

Агар аукцион натижаларига кўра, аукцион ғолиби беш иш куни ичида лот қийматини тўлиқ тўламаса, оператор кейинги календарь кунидан кечиктирмай охиргидан олдинги таклифни билдирган аукцион иштирокчисига электрон шаклда у аукцион давомида таклиф этган нархда лот қийматини беш иш куни ичида тўлашни таклиф қилади.

Агар охиргидан олдинги таклифни билдирган аукцион иштирокчиси беш иш куни ичида лот қийматини тўлиқ тўласа, у аукцион ғолиби деб топилади.

Аукцион натижалари тўғрисидаги баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, ушбу ер участкасига мулк ва ижара ҳуқуқини аукцион ғолиби номига давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг филиали томонидан баённома келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни ичида амалга оширилади.

Умуман олганда, ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш мамлакатимизда эркин иқтисодиёт ва соғлом рақобат муҳитини қарор топтиришга, айниқса, фуқароларда тадбиркорликка ишонч ва иштиёқ уйғотишга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси С.Шокиров

Конституциявий суд қарорида Конституциянинг янги таҳрири мансабдор шахсларга қандай қўлланилиши тушунтирилди

Ўзбекистон Конституциявий судининг қарорида референдумда қандай саволга жавоб бериш сўралиши маълум бўлди. Қолаверса, Конституция янгилангандан сўнг, давлат амалдорлари ушбу лавозимларга бошқа фуқаролар билан тенг равишда сайланиши ва тайинланиши мумкинлиги тушунтирилди.

 30 апрел куни бўлиб ўтадиган референдумда Ўзбекистонликлардан қуйидагича саволга жавоб бериш сўралади: «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?». Бу ҳақда 13 март куни Конституциявий суд томонидан қабул қилинган қарорда қайд этилган. Йиғилиш бундан бир неча кун олдин Қонунчилик палатасида депутатлар тасдиқлаб берган янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун асосида ташкиллаштирилди.

Конституциявий суднинг қарорида, шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциявий қонун лойиҳасининг 2−7-моддаларида унинг кучга кириши, тўғридан-тўғри амал қилиши, давлат ҳокимияти органлари ва давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши тартиби ва муддатлари баён этилган.

Хусусан, Конституциявий қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ёзилган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар мазкур Конституциявий қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар бошқа фуқаролар билан тенг равишда Конституция, шу жумладан ушбу Конституциявий қонун таҳриридаги Конституция, талабларига мувофиқ ушбу лавозимларга сайланиш (тайинланиш) ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.

«Яъни, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида сайлаш (тайинлаш) тартиби ва (ёки) муддати ўзгараётган барча давлат ҳокимияти мансабдор шахсларига бу қоида тегишли», — дейилади ҳужжатда.

Қонунчилик палатасининг 10 март куни бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган Конституциянинг янги таҳририда шундай дейилади:

2-моддага мувофиқ, янги таҳрир Марказий сайлов комиссияси томонидан референдум натижалари эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

3-моддада ҳужжат кучга киргандан кейин Ўзбекистон ҳудудида амалдаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янги таҳрирдаги Конституцияга зид бўлмаган қисми қўлланилиши назарда тутилган.

4-моддага мувофиқ, янги Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлиги ва мавжудлигидан қатъи назар, қонун кучга кирган кундан бошлаб бевосита амалда қўлланила бошлайди.

5-моддага кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг амалдаги чақириғи қонун кучга кирган кундан бошлаб Конституциянинг янги таҳририда кўрсатилган ваколатларга мувофиқ ўз фаолиятини амалга оширади.

Янги Конституциянинг нормаси Сенатнинг сайланадиган ва тайинланадиган аъзолари тўғрисидаги 93-моддаси 3-қисмига биноан Сенат 2024 йилда ўтадиган навбатдаги чақириғи пайтидан қўлланилади. Аввалроқ уларнинг сони 100 дан 65 нафар сенаторгача қисқартирилиши ҳақида хабар берилганди.

Бугунги кунда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашлари раислари лавозимларини эгаллаб келмоқда. Конституциявий қонунинг 6-моддасига мувофиқ, ваколатларни ажратиш Тошкент ва вилоятларда (маҳаллий кенгашларга сайловлар натижасига кўра) 2024 йилдан бошлаб, туман ва шаҳарларда эса — 2026 йил 1 январдан амалга оширилади.

7-модда билан бир шахс маълум бир лавозимга кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма киритилмоқда. Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ва масъул қўмита раиси Жахонгир Ширинов гап қуйидаги лавозимлар ҳақида кетаётганини маълум қилди:

Қонунчилик палатаси спикери;

Сенат раиси;

Ўзбекистон президенти (амалдаги Конституцияга мувофиқ);

Вилояти, туман ва шаҳарларнинг маҳаллий кенгашлари раиси;

ҳоким;

Олий суд раиси ва унинг ўринбосарлари;

Судялар олий кенгаши раиси ва унинг ўринбосарлари;

Марказий банк раиси;

Бош прокурор.

Фарғона вилоят маъмурий

судининг архив мудири;                                                                    Ш.Насиров

Фарғона вилоят маъмурий

судининг бош консультанти;                                                       М.Ахмедов

Фарғона туманлараро маъмурий

 судининг архив мудири;                                                                  Д.Абдубанабова

Skip to content