Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг асосий қоидаларини тушунтириб беринг?
1-модда. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
2-модда. Маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари
Маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:
маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг (бундан буён матнда юридик шахслар деб юритилади) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш;
қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.
3-модда. Ушбу Кодекснинг амал қилиш соҳаси
Ушбу Кодекс фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этишда маъмурий суд ишларини юритишни амалга ошириш тартибига нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Кодекс маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишга нисбатан татбиқ этилмайди.
4-модда. Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи
Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар мурожаат қилишга ҳақли.
Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.
5-модда. Судга мурожаат қилиш шакли
Судга мурожаат қилиш:
фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;
апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
6-модда. Маъмурий иш
Маъмурий иш ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан судга тақдим этилган ёхуд суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар, шунингдек қоғозда расмийлаштирилган суд ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар асосида шакллантирилади.
Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.
Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилган ҳолларда, ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ўзларининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан судга тақдим этилган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.
Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда алоҳида процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Электрон шаклдаги маъмурий ишни бошқа маъмурий судга ёки бошқа органга ўтказиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Электрон шаклда шакллантирилган маъмурий иш қоғоздаги кўчирма нусхасига эга бўлиши мумкин.
7-модда. Суд ҳужжатлари
Суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади.
Биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинади.
Апелляция, кассация шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан қарорлар қабул қилинади.
Иш мазмунан ҳал этилмасдан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ажримлар шаклида чиқарилади.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг раиси: Курбанов Солижон Мурадович.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг судья ёрдамчиси: Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли.