СУД ҲОКИМИЯТИНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИ ВА СУДЬЯЛАР ДАХЛСИЗЛИГИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Кейинги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 2023 йил 16 январдаги ПФ-11-сонли Фармонига асосан
2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясига мувофиқ қуйидагилар, яъни:

“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди.

Бундан ташқари, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши назарда тутилган.

Шунингдек, суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди, унга кўра:

судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;

суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш;

одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш;

судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланди.

Фарғона туманлараро маъмурий суди Девонхона мудири М.СОТИБОЛДИЕВ

Конституция бўйича референдум 30 апрелда бўлиб ўтади. Референдум ўзи нима?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонун 30 апрел, якшанба куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида овозга қўйилади.

Референдум ўзи нима?

Бевосита демократиянинг муҳим воситаси ҳисобланган референдум умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилиш шаклидир. Унинг сайловдан асосий фарқи — референдум ўтказилаётганда бирон-бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки унда муайян масала — қонун, қонун лойиҳаси, конституция, конституцияга тузатишлар, мамлакат халқаро мақомига тааллуқли ёки ички сиёсатига оид бирор бир савол қўйилади.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонунга кўра, «референдум Ўзбекистон қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир» дея ёзиб қўйилган.

Бевосита Олий мажлис Қонунчилик Палатасининг 10 март кунги ялпи мажлисига келадиган бўлсак, унда иштирок этган депутатлардан 132 нафари Конституциянинг янги таҳрири тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлади, икки депутат бетараф қолди, уч депутат овоз бермади.

Янги таҳрирга асосан, Ўзбекистон конституциясидаги моддалар сони ҳозирги 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса  275 тадан
434 тага ошириляпти. 128 та модданинг 91 тасига консептуал ўзгаришлар киритилмоқда. Умуман олганда, конституция 
65 фоизга ўзгартириляпти.

Ўзгаришлар қаторидан президентлик муддатини  5 йилдан
7 йилга  узайтириш, сенаторлар сонини  100 нафардан
65 нафарга тушириш,  Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилиш, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатларини бир-биридан ажратиш кабилар ўрин олган.

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида фаол қатнашайлик!

Судья ёрдамчиси                                                         У.Жабборов

Референдумда овоз бериш бюллетени.

Референдумда овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масаланинг матни аниқ акс эттирилади ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари «ҳа» ёки «йўқ» ёхуд «рози» ёки «қарши» деб кўрсатилади.

Референдумга бир нечта масала қўйилганда улар битта овоз бериш бюллетенига киритилади, кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонтал чизиқлар билан ажратилади. Қонун лойиҳаси бирон-бир моддасининг муқобил матнлари ҳам кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонтал чизиқлар билан ажратилади.

Овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак.

Бюллетенлар давлат тилида, шунингдек округ комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда чоп этилади.

Овоз бериш бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкин.

Участка комиссиялари овоз бериш бюллетенларини референдум ўтказиладиган кунга, шу жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида 3 кун қолганида округ комиссияларидан олади.

Овоз бериш бюллетенлари берилганлиги ва олинганлигини округ ва участка комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби тегишли ҳужжатда ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Участка комиссияси оладиган овоз бериш бюллетенларининг сони участка бўйича рўйхатларга киритилган фуқаролар сонининг ярим фоизидан кўп бўлиши мумкин эмас. Масалан, референдум участкасида жами 50 нафар фуқаро рўйхатга киритилган бўлса, бюллетенлар сони
75 дан ошмаслиги керак.

Овоз бериш бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига референдум ўтказувчи участка комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Участка комиссияси томонидан тасдиқланмаган овоз бериш бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик
ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларидаги овоз берувчилар сони ҳақида Ўзбекистон
Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси овоз бериш бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлайди.

 

Овоз бериш жараёни.

Туман, шаҳар ҳокимлиги овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир участкани бино билан таъминлайди. Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка комиссияси зиммасида бўлади.

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланган бўлиши, овоз бериш бюллетенлари тақдим этиладиган жой аниқланган ва овоз бериш қутилари ўрнатилган бўлиши лозим.

Овоз бериш қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.

Овоз бериш биносида ёки бевосита унинг олдида участка комиссияси стенд жиҳозлаб, унга овоз бериш бюллетенининг намунаси ва уни тўлдириш тартиби жойлаштирилади.

Агар референдумга қонун лойиҳаси қўйилган бўлса, стендда
шу лойиҳа матни жойлаштирилади. Агар референдумга қўйилган қонун лойиҳаси амалдаги қонуннинг бекор қилинишини ёки унга ўзгартишлар ёхуд қўшимчалар киритилишини назарда тутса, стендга бекор қилиниши, ўзгартирилиши ёхуд қўшимчалар киритилиши таклиф қилинаётган амалдаги қонун матни жойлаштирилади.

 

Овоз бериш вақти ва жойи.

Овоз бериш референдум куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида 10 кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларида, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, участка комиссияси овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.

 

Овоз беришнинг бошланиши.

Референдум куни овоз бериш биноси участка комиссияси аъзоларининг камида 2/3 қисми ҳозир бўлгандагина очилади.

Комиссия раиси комиссия аъзолари ҳозирлигида овоз бериш қутисини муҳрлайди, овоз бериш бюллетенлари ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатларини комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда овоз бериш бошланганлигини эълон қилади.

Овоз бериш бюллетенларининг умумий сони алоҳида ҳужжат билан расмийлаштирилади.

Овоз бериш тартиби.

Фуқаро овоз бериш биносига келгач, участка комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга овоз бериш бюллетени берилади.

Бирор-бир сабабга кўра рўйхатга кирмай қолган фуқароларнинг фамилиялари шахсни, турар жойни тасдиқловчи ҳужжатга асосан овоз берувчи фуқаролар рўйхати иловасига киритилади.

Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Бунда овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилиши мумкин.

Фуқаролар овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масала бўйича ўзи овоз бераётган вариант рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «Описание: https://lex.uz/files/6259022» ёхуд «х» белгисини қўяди.

Тўлдирилган бюллетен участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб турадиган овоз бериш қутиларига ташланади.

Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган тақдирда, уларнинг илтимосига кўра референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ана шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этади.

Фуқароларнинг аризалари бўйича йўлга тушадиган участка комиссиясининг аъзолари аризалар сонига тенг миқдордаги бюллетенларни имзо чекиб оладилар.

Фуқаролар аризаларининг сони, шунингдек ишлатилган
ва қайтарилган овоз бериш бюллетенларининг сони алоҳида далолатномада қайд этилади. Бир вақтнинг ўзида овоз берувчи
фуқаролар рўйхатида фуқаро референдум участкаси биносидан
ташқарида овоз берганлиги қайд этиб қўйилади.

Участка комиссияси аъзолари референдум участкаси биносига қайтганларидан кейин кўчма овоз бериш қутиси овозларни санаб чиқиш бошлангунча очилмайди.

Овоз беришни референдум участкаси биносидан ташқарида ташкил этиш ва ўтказиш овоз бериш сирининг ошкор бўлиши ёки фуқаронинг хоҳиш-иродаси бузиб кўрсатилиши эҳтимолини истисно этиши керак.

Участка комиссиясининг аъзоси ёки кузатувчи овоз бериш сирини ошкор қилса ёки фуқароларнинг хоҳиш-иродасига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилса, участка комиссиясининг аъзоси комиссия ишида иштирок этишдан четлаштирилади, кузатувчи эса овоз бериш биносидан дарҳол чиқариб юборилади. Бу ҳақда референдум ўтказувчи участка комиссияси қарор қабул қилади.

 

Муддатидан олдин овоз бериш.

Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш референдумга 10 кун қолганида бошланади ва референдумга 3 кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва фуқароларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига ОАВ орқали етказилади.

Овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш в.ҳ.) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади.

Овоз берувчи референдумда овоз бериш бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида
2 нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди.

Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади.

Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг 2 нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

 

Фуқаронинг чет давлатда турган жойида овоз бериши.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш фуқаронинг турган жойида ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик
ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка комиссияси фуқароларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда фуқароларни, кузатувчиларни ОАВ орқали хабардор этади.

Фуқароларнинг турган жойида овоз бериши Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка комиссиясининг камида 2 нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.

Овоз бериш тугаганидан кейин участка комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги овоз бериш бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни пломбалайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.

Овоз бериш бюллетенлари солинган қоп пломбаланган ҳолда далолатнома билан бирга референдум участкасига олиб борилади
ва референдум куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                      Курбанов Солижон Мурадович.

Референдум ўтказувчи комиссиялар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби

Референдум ўтказувчи комиссиялар референдумни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг Қонун талаблари бузилганлиги ёки референдумни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари (Қонуннинг тегишинча 18, 20 ва 22-моддалари) доирасида кўриб чиқади.

Мазкур мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олингач, улар бўйича референдум ўтказувчи комиссиялар текширувлар ўтказади
ва 3 кунлик муддатда мурожаатчиларга ёзма жавоб беради.

Референдумга камида 6 кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар эса дарҳол кўриб чиқилиб, жавоб қайтарилиши шарт.

Референдум ўтказувчи комиссиянинг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни Қонунда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган референдум ўтказувчи участка комиссиясига келиб тушган мурожаат
3 кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс
бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.

Мурожаатни кўриб чиққан референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилади
ва бу тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилади.

Таъкидлаш лозимки, референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш референдум ўтказувчи комиссияларнинг ваколатига кирмайди. Бундай шикоятлар қатъий равишда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари.

Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.

Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади.

Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин.

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати асосида тузилади.

Ҳарбий қисмлардаги овоз берувчи ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ва бошқа фуқароларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ерда истиқомат қилсалар, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади.

Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг турар жойлари бўйича умумий асосларда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкалари бўйича фуқароларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар (идоралар) раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Овоз берувчи фуқароларнинг фамилиялари рўйхатларда овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади.

Чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссияларига уларни овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш тўғрисида референдумдан 15 кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларини 3 кун ичида текширади ва фуқарони овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик
ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка комиссиялари
овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни дарҳол Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари овоз бериш
кунига 10 кун қолганда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса овоз бериш кунига 7 кун қолганида ҳамма танишиши учун тақдим қилинади.

Участка комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида фуқароларни хабардор этади.

Фуқароларга участка комиссияси биносида ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали овоз берувчи фуқароларнинг рўйхати билан танишиш имконияти таъминланади.

Чет давлатларда турган фуқароларга овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш референдумга 5 кун қолганида тўхтатилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка комиссиясига арз қилиши мумкин.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси 24 соат ичида бундай аризани текшириб чиқиши ва хатоларни тузатиши ёки аризачига унинг аризаси рад этилишининг асослари кўрсатилган ҳолда маълумотнома бериши шарт.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                      Курбанов Солижон Мурадович.

Референдум ўтказишнинг асосий принциплари

Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг
ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.

Референдум ўтказиш принципларининг мазмун-моҳиятини қўйидагича изоҳлаш мумкин:

Ўз хоҳиш-иродасини умумий билдириш.

Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида
18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси қаерда истиқомат қилишидан қатъий назар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.

Бироқ, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Ўз хоҳиш-иродасини тенг билдириш.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар ва ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.

Ўз хоҳиш-иродасини тўғридан-тўғри билдириш.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда бевосита иштирок этадилар.

Яширин овоз бериш.

Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди. Бунда яширин овоз бериш референдумда иштирок этувчи фуқаронинг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади.

Референдумда иштирок этиш ихтиёрийлиги ва эркинлиги.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкоралик.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат органлари ва жамоат бирлашмалари ўз фаолиятларини ошкора амалга оширадилар.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни референдум ўтказувчи комиссиялар амалга оширадилар. Улар фуқароларни
ўз ишларидан, округлар, овоз бериш участкалари тузилганлиги, комиссияларнинг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этадилар, овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари билан таништирадилар, овоз бериш якунларидан хабардор қиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари (келугсида ОАВ деб юритилади) референдумга тайёргарликнинг бориши ва у қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда очиқлик.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар,
ОАВ вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар (гувоҳнома, мандат в.ҳ.) билан тасдиқланган бўлиши керак.

Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари
ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қиладилар.

Референдум ўтказувчи округ комиссияси манфаатдор ташкилотдан, фуқаролар ташаббускор гуруҳидан ариза олганидан кейин 5 кун ичида мандатни кузатувчи учун беради. Бошқа давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                      Курбанов Солижон Мурадович.

Референдум жараёнининг иштирокчилари кимлар?

Қуйидагилар референдум жараёнининг иштирокчилари ҳисобланади:

Фуқаро – референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга Ўзбекистон Республикаси фуқаросидир.

Референдум ўтказувчи комиссия – референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни амалга оширувчи комиссиядир.

Кузатувчи – референдум жараёнини кузатиш учун ваколат берилган шахсдир. Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари, шунингдек чет эл давлатлари ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиши мумкин.

ОАВ –оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма ва (ёки) электрон тарзда 6 ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                      Курбанов Солижон Мурадович.

Референдум округлари

Референдум округлари Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида жами 14 та тузилади.

Референдум округларининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони ва референдум ўтказувчи округ комиссиялари жойлашган ер кўрсатилган рўйхатлари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин кечи билан 5 кун ичида Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.

Референдум участкалари.

Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида, қоида тариқасида, камида 20 ва кўпи билан 3.000 нафар фуқародан иборат этиб, референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин 15 кундан кечикмай тузилади.

Референдум участкалари ҳарбий қисмлар, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам тузилади.
Бу участкалар ўзлари жойлашган ердаги референдум округларига киради.

Референдум участкалари Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилиши мумкин.

Ўзбекистондан ташқарида тузиладиган референдум участкаларини тегишли округга бирикитиш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади.

Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш
ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам референдум участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса истисно тариқасида референдум ўтказишга камида 5 кун қолганда тузилади.

Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тузилади.

Ҳарбий қисмларда референдум участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан тузилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум
участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Референдум ўтказувчи комиссиялар.

Референдум ўтказувчи комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:

  1. Марказий сайлов комиссияси;
  2. референдум ўтказувчи округ комиссиялари (келгусида округ комиссияси деб юритилади);
  3. референдум ўтказувчи участка комиссиялари (келгусида участка комиссияси деб юритилади).

Референдум ўтказиш билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимият вакиллик органларига сайловлар ўтказиладиган бўлса, референдумни ўтказиш тегишли сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши мумкин.

21 ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар округ ва участка комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин.

Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар округ
ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Участка комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпини бир ташкилотда ишлайдиган шахслар ташкил этадиган бўлса, улар ушбу комиссия таркибига тавсия этилиши мумкин эмас.

Бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка комиссиялари мустасно.

Комиссиянинг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Комиссия аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга (Марказий сайлов комиссияси ёки оркуг комиссияси) тегишли бўлиб, комиссия аъзоси Қонун талабларини бузган ёки ўз вазифаларини мунтазам равишда эътиборсиз қолдириб келган тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                      Курбанов Солижон Мурадович.

Округ комиссияси.

Округ комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан 10 кундан кечикмай комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг 8-18 нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Округ комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин 7 кундан кечикмай Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Округ комиссияси:

  1. тегишли округ ҳудудида Қонун ижросини назорат қилади;
  2. референдум участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;
  3. участка комиссияларини тузади ҳамда уларнинг таркиби
    ва жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;
  4. участка комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
  5. маблағларни участка комиссиялари ўртасида тақсимлайди, участка комиссияларининг бинолар, транспорт, алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ва округда референдумни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;
  6. референдумга қўйилган масаланинг мазмунини тушунтиришга қаратилган тадбирларни ўтказишда ОАВга кўмаклашади;
  7. маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди;
  8. овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари тузилиши ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;
  9. участка комиссияларини овоз бериш бюллетенлари билан таъминлайди;
  10. округ бўйича овоз бериш якунларини аниқлайди ва Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;
  11. овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар
    юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган
    шикоятлар мустасно.

Участка комиссияси.

Участка комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин округ комиссияси томонидан 25 кундан кечикмай 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан комиссия раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда тузилади.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси таркибининг сони зарур бўлган ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум ўтказувчи участка комиссияси раисининг вазифаларини уларнинг раҳбари амалга оширади.

Участка комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Участка комиссияси ваколатлари:

  1. участка бўйича референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатини тузади;
  2. фуқароларни овоз берувчи фуқаролар рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади;
  3. аҳолини овоз бериш ўтказиладиган кун ва жой тўғрисида хабардор этади;
  4. овоз бериш хоналари, кабиналари ва қутилари ҳамда бошқа ашёлар тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;
  5. референдум участкасида овоз беришни ташкил этади;
  6. референдум участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;
  7. овоз беришга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ўтказиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

 

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси:      Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли. 

Марказий сайлов комиссияси

  1. Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш учун ташкил этиладиган референдум ўтказувчи комиссиялар тизимига бошчилик қилади, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Қонуннинг ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хилда қўлланилишини таъминлайди;
  2. референдум ўтказувчи комиссиялар фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади, референдумни ташкил этиш масалалари юзасидан ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади, йўриқномалар чиқаради, низомларни тасдиқлайди ва тушунтиришлар беради;
  3. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан фойдаланишга доир фаолиятга умумий раҳбарликни ва бу фаолиятни мувофиқлаштиришни амалга оширади;
  4. референдумни ўтказувчи округларни тузади;
  5. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик
    ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларини тегишли округларга бириктириш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;
  6. референдумни ўтказувчи округ комиссияларини тузади, шунингдек уларнинг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;
  7. референдумни ўтказувчи комиссиялар таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди;
  8. агар референдумни ўтказувчи округ комиссияларининг қарорлари Қонунга зид бўлса, ушбу қарорларни мустақил равишда ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилади;
  9. чет давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг референдумдаги кузатувчиларига мандатлар беради;
  10. референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, пул маблағларини референдумни ўтказувчи комиссияларга тақсимлайди, референдумни ўтказувчи комиссияларнинг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, референдумни моддий-техник жиҳатдан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;
  11. сиёсий партияларнинг кузатувчилари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари учун мандат намунасини белгилайди;
  12. референдумда овоз бериш бюллетенларининг, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга фуқаролар рўйхатларининг, имзо варақаларининг, референдум ўтказувчи комиссиялар баённомаларининг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг намуналари ҳамда шаклларини, овоз бериш қутиларининг ва референдум ўтказувчи комиссиялар муҳрларининг намуналарини, уларни сақлаш тартибини белгилайди;
  13. референдум ўтказувчи комиссиялар, сиёсий партиялар, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумотларини эшитади;
  14. референдумнинг натижаларини аниқлайди ва референдум якунларини эълон қилади;
  15. овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар
    юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустасно;
  16. Қонун талаблари бузилганлиги тўғрисидаги материалларни судга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;
  17. хорижий мамлакатлардаги референдумларни кузатишда иштирок этади, шу жумладан халқаро ташкилотларнинг миссиялари таркибида иштирок этади;
  18. халқаро ташкилотларни, чет давлатларнинг сайлов органларини
    ва вакилларини референдумни кузатиш учун таклиф этади;
  19. референдумни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг идоравий архивларга топширилишини таъминлайди;
  20. жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлайди ва ривожлантиради.

Марказий сайлов комиссиясининг Қонун билан тартибга солинмаган ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва сайлов тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси:      Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли. 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг принциплари бўйича тушунтириш.

8-модда. Одил судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши

Маъмурий ишлар бўйича одил судлов ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади.

9-модда. Қонун ва суд олдида тенглик

Маъмурий ишлар бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, юридик шахсларнинг эса мулкчилик шаклидан, жойлашган еридан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.

10-модда. Судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши

Одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьялар мустақиллигининг кафолатлари қонун билан белгиланади.

11-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги

Маъмурий суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

Суд холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда, тарафлар ўз процессуал мажбуриятларини бажариши ва ўзларига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур шароитлар яратиб беради.

Суд маъмурий иш бўйича барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаш чораларини кўради.

12-модда. Маъмурий суд ишлари юритиладиган тил

Маъмурий суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.

Маъмурий суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади.

13-модда. Суд муҳокамасининг ошкоралиги

Судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади.

Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ мажлисда видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзуви эса амалга оширилмайди.

Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда, ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди.

Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.

14-модда. Суд муҳокамасининг бевоситалиги

Суд маъмурий ишни кўриб чиқишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.

15-модда. Маъмурий ишларни қонунчилик асосида ҳал қилиш

Суд маъмурий ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.

Суд маъмурий ишни кўраётганда маъмурий органнинг ҳужжати қонунга мувофиқ эмаслигини, шу жумладан ҳужжат ваколат доирасидан четга чиқилган ҳолда қабул қилинганлигини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади.

Низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар ҳам мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиқиб ҳал қилади.

Маъмурий ишларни кўриб чиқишда қонунчиликдаги барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг фойдасига талқин этилади.

16-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси:                           Курбанов Солижон Мурадович.

Фарғона туманлараро маъмурийсудининг судья ёрдамчиси:     Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли.

Skip to content