Маълумки, республикамиз Конституция ва қонунларнинг устуворлиги таъминланган ҳуқуқий демократик давлатдир.

. Шу маънода айтганда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг Бош қомусимизга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

2021 йил 27 апрель куни Президентимиз томонидан янги таҳрирда маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуни имзоланди. Унда эски таҳрирдагидан фарқли равишда бир қатор янгиликлар мавжуд. Жумладан, қонуннинг «Конституциявий судни сайлаш» дея номланган 6-моддасида Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлиши таъкидланган. Илгари эса бу таркиб 7 нафарни ташкил қилган.

Модомики, гап Конституциявий суд хусусида борар экан, бу ўринда суд судьяси ва унинг мақоми ҳақида тўхталмаслик мумкин эмас. Қонуннинг 10-17-моддаларининг ўз ичига олган 2-бобида бўлса Конституциявий суд судьясининг мақоми ҳақида сўз боради. Айтайлик, 10-моддага мувофиқ, сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин. Конституциявий суднинг судьясига Олий ёки Биринчи малака даражалари берилади. Олий малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан берилади. Илгари ҳар иккала даража ҳам Президент томонидан берилган.

Биринчи марта Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланган шахс «Конституциявий суднинг судьяси вазифаларини ҳалол ва виждонан бажаришга, конституциявий тузумни ҳимоя қилишга, бунда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунишга тантанали қасамёд қиламан» дея Сенатнинг мазкур судья сайланган мажлисида қасамёд қилади.

Конституциявий суд судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси унга ўта оғир жиноят ёхуд одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Мазкур қоида Конституциявий суднинг Конституциявий суд судьяси сифатида ишлаган даврида шундай жиноятни содир этганликда айбланаётган собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади. Қонуннинг аввалги таҳририда бундай тартиб белгиланмаган эди. Конституциявий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин. Конституциявий суд судьясини мажбурий келтириш, ушлаб туриш, худди шунингдек унинг шахсий ашёларини, багажини, транспортини, уй-жойини, хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди. Мазкур қоида қонуннинг 14-моддасида батафсил ёритилган.

Шуни эътироф этиш лозимки, қонуннинг 27-моддаси энг муҳим янгиликлардан бирини ўз ичига олади. Аниқроғи, мазкур моддада Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига кимлар эга эканлиги ўз аксини топган бўлиб, унга биноан фуқароларга ҳам мазкур судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Яъни Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Конституцияга мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиши белгиланди. Албатта, бунинг учун қонуннинг 29-моддасида қайд қилинган алоҳида талаблар белгиланган. Яъни Конституциявий судга мурожаат ёзма ёки электрон шаклда юборилади. Электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак. Коллегиал органнинг Конституциявий судга мурожаатига ушбу органнинг тегишли қарори илова қилинади. Мурожаатда Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, у эълон қилинган манба, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва қонунининг шарҳ берилиши лозим бўлган қоидалари, мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари, қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантириш, мурожаат қилувчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери, почта манзили ёки яшаш жойи, вакил ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар(бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно), илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларида иш судда кўриб чиқилганлиги ва судда ҳимоя қилишнинг барча шаклларидан фойдаланилганлиги кўрсатилган бўлиши керак. Мурожаатда мурожаат қилувчи ишни ҳал этиш учун зарур деб ҳисоблаган бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Табиийки, Конституциявий суд мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиши ҳам мумкин. Фақатгина қонуннинг 34-моддасида белгиланган асослар мавжуд бўлганда. Булар – агар мурожаат Конституциявий судга тааллуқли бўлмаса, мурожаат предмети юзасидан Конституциявий суд томонидан илгари қонуний кучга кирган қарор чиқарилган бўлса(бундан Конституциявий суд қарорларини қайтадан кўриб чиқиш учун асослар мавжуд бўлган ҳоллар мустасно), мурожаат ушбу Қонуннинг 27-моддасида кўрсатилмаган давлат органидан ёки шахслардан келиб тушган бўлса, фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг мурожаати ушбу Қонун 86-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этиш тўғрисида Конституциявий суд ажрим чиқаради ва у Конституциявий суд аппарати томонидан конституциявий суд ишини юритиш манфаатдор иштирокчиларига етказилади.

Қонунда яна бир эътиборли жиҳат мавжудки, бунинг учун унинг «Ошкоралик» деб номланган 24-моддасини ўқиш ва уқиш лозим. Унга асосан, суд мажлислари очиқ ўтказилади. Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни сақлаш зарур бўлган тақдирда суднинг ёпиқ мажлиси ўтказилишига йўл қўйилади. Айни пайтгача ёки қонуннинг эски таҳририда ёпиқ суд мажлисини ўтказиш асослари аниқ кўрсатилмаган эди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Қолаверса, қонун кучга кириши билан Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 31 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги 431-сонли Конституциявий қонуни ўз кучини йўқотади.

Фарғона вилоят маъмурий суди бош мутахассислари М.Ахмедов,  Р.Шукуров

Судлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди

Президент томонидан янги таҳрирдаги “Судлар туғрисида”ги қонун билан судьялик лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблар кучайтирилмоқда.

Президент 28 июль куни янги таҳрирдаги “Судлар туғрисида”ги қонунни имзолади.

Янги қонунда судьялар мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари ва судья лавозимига номзодлар ва сайланган шахсларга қўйилган талаблар ҳалқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган. Ҳужжатда судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилган, судьяларнинг ваколатларини бекор қилиш асослари ва тартиби аниқлаштирилиб, уларнинг судьяларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда.

Туман ёки шаҳар судининг судьяси этиб тайинлаш ёки сайлаш учун юридик касб бўйича энг кам иш стажи 5 йил ўрнига 7 йил, вилоят судьялигига – 7 йил ўрнига 10 йил, Олий суд судьялигига – 10 йил ўрнига 15 йил этиб белгиланмоқда.

Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги илгари қонуннинг
73 моддаси билан тартибга солинган бўлса, энди ушбу нормага 4 та моддадан иборат 11-боб бағишланган.

Унга кўра, судья интизомий жавобгарликка қуйидаги ҳолатларда тортилиши мумкин:

  • одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлик учун;
  • суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун;
  • судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун;
  • судьялар одоб-аҳлок кодекси талабларини бузганлик учун.

Судьяларнинг малака ҳайъати судьяга қуйидаги интизомий жазолардан биринчи қўллаши мумкин:

  1. огоҳлатириш;
  2. ҳайфсан;
  3. ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;
  4. малака даражасини бир поғонага пасайтириш;
  5. ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.

Янги қонун билан киритилган 12-боб судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳолатлари ва тартибини назарда тутади.

Судьяларни моддий қўллаб-қувватлашга келадиган бўлсак, янги қонун уларга уй-жой олиш ва ижарага олинган турар-жой бинолари учун компенсация олиш имкониятини беради.

Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин  кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси И.Матмусаев

Фарғона вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси М.Усмонова

Янги Ўзбекистонда янги сайлов жараёнлари

Барчамизга яхши маълумки, 2021 йил 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлиги учун навбатдаги сайлов жараёнлари ўтказилади. Бу йилги сайлов жараёнлари аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши кутилмоқда. Маҳаллий ва ҳалқаро кузатувчиларнинг фикрига кўра, демократик ривожланишнинг янги босқичига кўтарилган Ўзбекистонда сайловнинг тўлақонли равишда миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари доирасида ўтиши кутилмоқда.

Сайлов жараёнларининг демократик тамойиллар асосида ўтказилиши ва ушбу ҳолатнинг халқаро хамжамият томонидан эътироф этилишида халқаро кузатувчиларнинг жараёндаги иштирокига зарур шароитларни яратиб бериш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Мазкур йўналишда Марказий сайлов комиссияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган маълумотларга асосан, сайлов кампаниясига старт берилган кундан бошлаб 2021 йил 14 сентябрь ҳолатига Марказий сайлов комиссияси томонидан 12 нафар Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Сайловларни кузатиш Мисиясининг 12 нафар асосий гуруҳ вакиллари аккредитациядан ўтказилган.

Татаристон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Япониянинг Марказий Осиё ва Кавказ тадқиқотлари институти бош директори, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори, Беларусь Республикаси Президенти хузуридаги Белоруссия стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари, Грузия марказий сайлов комиссияси котиби аппарати раҳбари ва юридик бўлими бош мутахассиси – жами 6 нафар халқаро кузатувчини аккредетациядан ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг йиғилиш қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун 21 та халқаро ташкилотларга, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ПарламентАссамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар хамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик кенгаши, бутунжахон сайлов органлари ассоциациаси, 27 та хорижий мамлакатлар сайлов органлари ва 47 та давлатлардан 223 нафар кузатувчиларга таклифномалар юборилган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, Кодекснинг 33-моддасига асосан сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади.

Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади.

Манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида сайлов комиссияси кузатувчи учун мандат беради. Бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;

овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;

 агар тегишли сайлов участкасида ушбу Кодекснинг талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар тақиқланади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;

фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;

сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш; 

сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.

 Кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши керак.

Албатта, сайлов муҳим сиёсий жараён. Уни ўтказиш барча давлат органлари ва фуқароларнинг жипслиги хамда уюшқоқлигини талаб этади. Бу жиҳатдан, сайлов билан боғлиқ сиёсий жараёнларда ҳалқаро кузатувчиларнинг иштироки сайловларнинг ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамоилларига асосан ўтказилишига замин яратади. 

Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси И.Матмусаев

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев 

Бугун Фарғона вилоят маъмурий суди биносида Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигининг давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилоят бошқармаси унинг туман ва шаҳарлардаги бўлимлари мансабдор шахслари билан уларнинг фуқаролар

шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича хатти-ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги юзасидан кўриб чиқилган оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар юзасидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига келгусида йўл қўймасликни олдини олиш юзасидан семинар машғулот ўтказилди.

Ушбу семинар машғулотини Фарғона вилоят ва Фарғона туманлараро маъмурий суди томонидан ўтказишдан мақсад Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилоят бошқармаси ва унинг туман ва шаҳарлардаги бўлимлари маъсул ходимлари томонидан келгусида қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек, корхоналар,

муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузмасликларини олдини олиш ҳамда ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларининг олдини олишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Курбанов Солижон Мурадович

Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси.

Фарғона шаҳридаги “Корея Университети” (КИУФ)да Фарғона вилояти суд раислари томонидан сайёр қабуллар ташкил этилди

Суд раислари томонидан ташкил этилган сайёр қабулга Фарғона шаҳрида жойлашган 70 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ва вилоятнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 50 нафардан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакиллари жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, тадбиркорлик фаолияти, фуқаролик ва оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид масалалар бўйича мурожаат қилишиб, ўз мурожаатларига тегишли тартибда жавоб олишди.

Сайёр қабулда суд раислари ва судьялар иштирокчиларнинг айнан судга тааллуқли масалалар бўйича мурожаатини қабул қилишди. Айрим фуқароларнинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки маҳаллий ҳокимият органларига тегишли мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар беришди.

Қолаверса, фуқароларга амалдаги қонунлар мазмун-моҳияти, судга мурожаат қилиш тартиби ҳамда уларни кўриб чиқиш билан боғлиқ асосий маълумотлар жамланган кўргазмали материаллар ҳам тарқатилди.

Курбанов Соли Мурадович

Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси.

Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан ёшларнинг ҳуқуқий билим савиясини ошириш ҳолати юзасидан 2021 йил 17 сентябрь куни Фарғона шаҳридаги “Корея университети” (КИУФ) талабалари билан давра сухбати ўтказилди

Маърузачилар томонидан 2021 йил 05 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтганлиги ва Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатиларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни маъқулланганлиги, мазкур қонунга асосан Конституциянинг 117-моддасига ўзгартириш киритилиб, олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлисининг қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий муддатлари тугайдиган йилда декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилган бўлса, эндиликда октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланлиги, Сайлов кодексининг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланган бўлиб, янги ўзгартишга мувофиқ ушбу моддадаги Маҳаллий Кенгашлар вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман-шаҳар Кенгашларига ажратилиб, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўйича сайлов участкалари округ сайлов комиссияси томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланлиги ҳақида маълумот беришди.

Шунингдек, яна қуйидаги ўзгартиришлар айтиб ўтилди. Жумладан:

Кодекснинг 51-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб,  унга кўра Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгиланди.

Кодекс 561-модда билан тўлдирилиб, сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш борасидаги муносабатлар тартибга солинди.

Унга кўра, сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.

Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни сурғучлайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.

Сайлов бюллетенлари солинган қоп сурғучланган ҳолда далолатнома билан бирга сайлов участкасига олиб борилади ва сайлов куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади”;

Кодекснинг 86-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, Сенат аъзолари сайлови якунлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят бериш муддати ўн кундан 15 кунга узайтирилди.

Кодекснинг 102-моддасига ўзгартиш киритилиб, Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят бериш муддати ўн кундан 5 кунга қисқартирилди.

Кодекс 1021-модда билан тўлдирилиб, марказий сайлов комиссияси аъзоларига аэропорт, аэровокзаллар, темир йўл вокзаллари ҳамда станцияларининг расмий шахслар ва делегацияларга хизмат кўрсатиш залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси ўз гувоҳномасини кўрсатганидан кейин темир йўл вокзаллари ва станцияларининг чипта сотадиган кассалари, фуқаро авиацияси агентлиги ёки аэропортлар унга поезд вагонидан, самолёт салонидан навбатсиз жой бериши шарт. Марказий сайлов комиссияси аъзоси Марказий сайлов комиссиясининг мажлисига бораётганда унга самолёт чиптаси парвоздан камида икки соат олдин, бошқа ҳолларда эса камида бир сутка олдин берилади”.

Курбанов Соли Мурадович

Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси.

Валидинов Абдулхалим Ғофиржон ўғли

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси.

HAMKORLIK VA TAJRIBA ALMASHINUV

Sud tizimi bilan o‘zaro hamkorlik asosida ishlash kadastr tizimi vakillari uchun soha rivojiga katta hissa qo‘shadi. Soha qonunchiligida ro‘y berayotgan o‘zgarishlar, aholining muammoli va nizoli vaziyatlarda qilayotgan murojaatlariga qonuniy yechim borasidagi harakatlarda ham hamkorlik muhim. Ana shularni inobatga olgan holda Farg‘ona viloyat Ma’muriy sud binosida seminar-trening tashkil etildi. Unda sudyalar va davlat kadastrlari palatasi viloyat boshqarmasi boshlig‘i hamda mas’ul xodimlar ishtirok etishdi.

МАЪМУРИЙ СУД АМАЛИЁТИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади)
4-моддасига мувофиқ, манфаатдор шахс, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, прокурор, шунингдек, бошқа шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга ваколатли айрим фуқаролар ва давлат органлари маъмурий орган қарорини ҳақиқий эмас ва унинг мансабдор шахси ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан судга мурожаат қилишга ҳақли, агар қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли унинг:

  • ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган;
  • ҳуқуқлари, эркинликларини амалга ошириш ва қонуний манфаатларини амалга оширишда тўсқинлик яратилган;
  • зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклатилган;
  • у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсқинлик яратилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Маъмурий органлар деганда, давлат бошқаруви органлари (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги
ПФ-3358-сонли Фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, марказлар, инспекциялар) ва уларнинг ҳудудий органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, маъмурий-бошқарув ваколати берилган бошқа ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади.

Маъмурий органлар мансабдор шахслари деганда, ҳокимият вакили вазифасини бажарадиган ёхуд мазкур органларда маъмурий-бошқарув (ташкилий-фармойиш бериш) вазифасини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахслар тушунилади.

Манфаатдор шахс деганда, маъмурий органнинг қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қаратилган фуқаро ёки юридик шахс ёхуд бундай қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл этган бошқа шахс тушунилади.

Қарор деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан якка ёки коллегиал тарзда қабул қилинган ва муайян ҳуқуқий оқибат туғдирувчи ҳужжат тушунилади.

Бунда шуни назарда тутишп лозимки, қарорлар белгиланган шаклда (масалан, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари қарорлари) ёки эркин тарзда (масалан, фуқаронинг мурожаатини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ёзма хабар) қабул қилиниши мумкин.

Энди айнан маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари деганда, қарор шаклида ифодаланмаган бўлса ҳам, бироқ манфаатдор шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилишига олиб келган ёки уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган юридик аҳамиятга эга фармойишлар тушунилади.

Ҳаракатсизлик деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар (лавозим йўриқномалари, низомлар, регламентлар, буйруқлар) билан юклатилган мажбуриятни бажармаслик тушунилади.

Маъмурий органлар мансабдор шахсларининг жиноят иши ёхуд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан МСИЮтК
23-бобида белгиланган тартибда эмас, тегишлича, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда шикоят қилинади.

Шу билан бирга, судлар шуни назарда тутиши лозимки, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари мансабдор шахсларининг ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ҳақидаги қарорлари ва ҳаракатлари МСИЮтК 23-бобида назарда тутилган тартибда низолашилиши мумкин, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 542-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилинадиган масалалар бундан мустасно.

Маъмурий органларнинг қуйидагилар билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган шикоятлар МСИЮтК
23-бобида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади:

бино, иншоот ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, фойдаланишга топшириш, фойдаланиш ва бузишга келишиш ва рухсат бериш (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентлар);

жамоат бирлашмалари, шу жумладан сиёсий партиялар, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек, давлат органининг белгиланган муддатда бундай рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаши («Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 12-моддасининг учинчи қисми, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 9-моддасининг учинчи қисми, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 12-моддасининг учинчи қисми, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддаси);

оммавий ахборот воситасиии давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёки давлат органининг белгиланган муддатда уни рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаши, оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш, оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш («Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22 — 24-моддалари);

фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқини амалга ошириш («Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси).

Давлат ижрочисининг қарори, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан МСИЮтК 23-бобида назарда тутилган тартибда шикоят қилинади, иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича чиқарилган қарорлар бундан мустасно («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 861-моддасининг биринчи қисми).

Ҳарбий бошқарув органлари ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар чақирув комиссияларининг қарорлари устидан шикоятлар ҳарбий судлар томонидан кўрилади («Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддаси, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 20-моддасининг тўққизинчи қисми).

Маъмурий органнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмаси ёки мансабдор шахсга нисбатан талаб қўйилганида, суд МСИЮтК 42-моддаси қоидаларига риоя қилган ҳолда, иш бўйича жавобгар сифатида тегишли органни жалб этиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши керак.

Судга махсус комиссиянинг қарори устидан шикоят қилинганида, иш бўйича жавобгар сифатида махсус комиссиянинг ишчи органи бўлган давлат органи жалб этилиши лозим.

Агар иш ҳал қилингунга қадар маъмурий орган қайта ташкил этилган ёхуд тугатилган бўлса, суд унинг ҳуқуқий ворисини ёки аризачининг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклаш ваколатига эга бўлган органни ишда иштирок этишга жалб қилади.

Агар иш кўриб чиқилаётган вақтга келиб қарори ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) шикоят қилинаётган шахс мансабдор шахс бўлмай қолган бўлса, суд ушбу мансабни эгаллаб турган шахсни ёхуд аризачининг бузилган ҳуқуқлар ва эркинликларини тиклаш ваколатига эга тегишли органни ишда иштирок этиш учун жалб этиш масаласини ҳал қилади.

Аризачи ариза (шикоят) билан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи орган ёхуд мансабдор шахсга мурожаат қилишга ҳақли. Юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга дастлаб мурожаат қилмаслик, аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш учун асос бўлмайди.

Шу билан бирга, шуни назарда тутиш лозимки, қонун ҳужжатларида айрим қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан мажбурий равишда судгача низолашиш тартиби назарда тутилиши мумкин.

Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахслари қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) низолашилаётган орган жойлашган ёхуд мансабдор шахс ишлайдиган жойдаги туман (шаҳар) маъмурий судига берилади.

Турли жойларда бўлган бир нечта жавобгарга нисбатан талаб қўйилганда, ариза (шикоят) аризачининг танлови бўйича жавобгарлардан бири жойлашган жойдаги судга тақдим этилади.

Агар маъмурий орган жойлашган жой унинг ваколати амалга ошириладиган ҳудудга тўғри келмаса, ариза ўша орган ўз мажбуриятларини бажараётган жойда фаолият кўрсатаётган судга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция суди сифатида қонун билан унинг ваколатига киритилган ишларни кўриб чиқади.

Қарорни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳаракатни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) МСИЮтК 128, 187-моддаларига мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланган бўлиши лозим.

Аризага (шикоятга) МСИЮтК 130-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек, низолашилаётган қарор нусхаси илова қилинади.

МСИЮтК 134-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, аризага қарорни илова қилмаслик аризани қайтаришга асос бўлмайди. Суд низолашилаётган қарорни аризачининг илтимосномасига кўра ёки ўз ташаббуси билан маъмурий органдан талаб қилиб олишга ҳақли.

МСИЮтК 92-моддасига кўра, суд аризачининг ёки манфаати борасида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса ва бундай чораларни кўрмай туриб, уларни ҳимоя қилиш мумкин бўлмаган ёхуд қийин бўлган ҳолларда дастлабки ҳимоя чораларини кўришга ҳақли.

Шуни назарда тутиш лозимки, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахслари қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш тўғрисидаги ишларни кўришда, суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг даъво муддати тўғрисидаги нормаларини қўллашга ҳақли эмас ва фақат МСИЮтК ҳамда тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунларда назарда тутилган муддатларгагина асосланиши керак.

Аризанинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларни ўтказиб берилиши уни қайтариш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолларда ариза иш юритишга қабул қилиниб, мазмунан кўриб чиқилиши лозим.

Суд ҳар бир иш бўйича аризачи томонидан қонун билан белгиланган судга мурожаат қилиш муддатларига риоя қилинганлигини аниқлаши, мазкур муддатлар бузилганда эса, манфаатдор шахс ушбу ҳолатга эътибор қаратганлигидан қатъи назар уларнинг ўтказиб юборилиши сабабларини муҳокама қилиши лозим.

Судга мурожаат қилиш муддати аризачига қуйидагилар маълум бўлган куннинг эртасидан бошланади:

унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;

унинг ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга оширишга тўсиқлар вужудга келтирилганлиги;

унинг зиммасига бирор-бир мажбурият юкланганлиги.

Судга мурожаат қилиш муддатига риоя қилиниши масаласи ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга ҳолат эканлиги сабабли, уни тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги хулосалар, МСИЮтК
156-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига кўра, суднинг ҳал қилув қарорида асослантирилиши лозим.

Агар судга мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилган ёки ўтказиб юборилган муддатни тиклаш суд томонидан рад этилган бўлса, аризани қаноатлантириш рад қилинади.

Қабул қилинган қарорлар, содир этилган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) ноқонунийлиги ҳақида далолат берувчи юқорида кўрсатилган ҳолатларнинг ҳеч бўлмаганда биттасининг мавжудлиги аризани (шикоятни) қаноатлантиришга асос бўлиши мумкин.

МСИЮтК 189-моддасига мувофиқ, суд маъмурий орган, унинг мансабдор шахси қарорини тўлиқ ёки муайян қисмини ҳақиқий эмас, ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аризани (шикоятни) қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилишда, суд арз қилинган талаблар доирасидан четга чиқишга хақли эмас.

Иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилишда, суд МСИЮтК
189-моддасида мавжуд хусусиятларни инобатга олган ҳолда МСИЮтК
19-бобида назарда тутилган умумий қоидаларга амал қилиши лозим.

24. Қонунда маъмурий органлар, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар бўйича суд харажатларига нисбатан қандайдир истиснолар белгиланмаганлиги сабабли, иш бўйича қилинган суд харажатлари масаласи суд томонидан МСИЮтК 12-бобида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳал этилади.

Судларга тушунтирилсинки, МСИЮтК 276-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ қарорни ҳақиқий эмас ёки ҳаракатни қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги суд ҳужжатининг ижроси маъмурий органга юбориладиган суднинг ҳал қилув қарори (қарори) асосида амалга оширилиб, унда йўл қўйилган қонун бузилишини бартараф этиш учун муддат кўрсатилиши лозим.

Пул маблағларини, шу жумладан, суд харажатларини ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарорининг мажбурий ижроси юзасидан ижро варақаси берилади.

Судлар ҳал қилув қарорининг ўз вақтида ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириши ва унинг ижроси тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаганда, ахборот талаб қилиб олиши лозим.

Агар ишни кўришда маъмурий органлар ёки мансабдор шахслар фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланса, суд бунга нисбатан хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдириши лозим.

Фарғона туманлараро

маъмурий судининг судья ёрдамчилари

А.Бурхонов, Ф.Абдубоисова, Г.Сулаймонова                                     

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2021 йил                                02 августдаги ЎРҚ-705-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 113-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланди.

Унга кўра, ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган, шунингдек карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши тахдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгилангап тартибда жорий этиладигаи профилактика эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлигининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.

Д.Махаматов,

Фарғона вилоят маъмурий суди раиси

О.Тошпўлатов,

Вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик байрами юртимизда кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан кўплаб ватандошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланишди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Камиловга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” унвони берилди.

Бундан ташқари, 2021 йил 31 август куни вилоят суди биносида Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси Д.Махаматовга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони вилоят судлари судьялари ва ходимлари иштирокида тантанали равишда топширилди. Шунингдек, вилоят маъмурий суди судьяси У.Ахмедов ва туманлараро маъмурий суди судьяси Ш.Ахмеджановаларга Олий суд раисининг фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди. Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига, Олий суд раҳбариятига ўзларининг миннатдорчиликларини билдирдилар.

Бундан ташқари, Фарғона вилоят маъмурий суди биносида, вилоят маъмурий судлари судьялари ва суд ходимлари иштирокида жорий йилнинг 31 август куни тизимдаги самарали ва узоқ йиллик меҳнати, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларга қўшган ҳиссаси учун вилоят маъмурий суди судьялари ва суд ходимларидан бир гуруҳини вилоят маъмурий суди раисининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар кўрсатилган юксак эътибор учун ташаккур билдириб, келгусида суднинг обрўсини янада оширишга, ўз устида ишлашга, ҳуқуқ тарғиботини янада ривожлантиришга ўзларининг ҳиссаларини қўшишга ваъда бердилар.

Шунингдек, вилоятда фаолият кўрсатаётган давлат бошқаруви, ижро органлари ходимларидан бир гуруҳини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳамда тизимдаги кўп йиллик самарали ва ҳалол меҳнати, хизмат вазифасига бўлган садоқати, “Куч – адолатда” тамойилини ривожлантириш, ҳуқуқ тарғиботига қўшган хиссаси, суд жараёнларидаги фаол иштироки учун – Фарғона вилоят, Олтиариқ, Бувайда туманлари ҳокимликлари ҳуқуқшунослари, Фарғона вилоят ва шаҳар прокурори ёрдамчилари, БТПЖ Фарғона шаҳар бўлими ҳуқуқшуноси ва бошқа ташкилотлар ходимлари вилоят маъмурий судининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Фарғона вилоят маъмурий суди

Skip to content