Кексалар ва ногиронлиги

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар фақат Давлат хизматлари маркази ёки Ягона ижтимоий давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали берилади.

Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:

▫️ уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

▫️ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);

▫️республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

▫️ Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

▫️ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;

▫️ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

▫️ ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар;

▫️ ёшга доир пенсия олувчилар.

Давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.  

О.Тошпўлатов, И.Садриддинов, Р.Шукуров

Фарғона вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчилари

Маъмурий судларнинг сайлов жараёнидаги урни

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб берилган. Бу қоида ва меъёрлар асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умум эътироф этилган демократик, шу жумладан, мустақиллик, қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик таомиллари ташкил қилади.

Сайловни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда барча шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ нормаларига оғишмай риоя этилишини, фуқароларнинг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашда судларнинг роли юқоридир.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. 

Сайлов комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки қарори шикоят қилиш предмети бўлиши мумкин.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг умумий мазмунига кўра, ҳуқуқи бузилган шахс сайлов комиссиялари ёки ишчи гуруҳнинг қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Яъни, манфаатдор шахсга сайлов комиссиялари, ишчи гуруҳ қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишнинг суд тартиби таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарори) устидан берилган шикоятларни туманлараро маъмурий судлари суди кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 185-моддасига кўра, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:

унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;

унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;

унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;

унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шу муносабат билан судлар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ ишларни кўришда, судга мурожаат қилаётган манфаатдор шахснинг айнан қайси ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги, низо предмети айнан манфаатдор шахснинг ҳуқуқларига боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигига эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан судга шикоят қилинганда, шикоятда жавобгар сифатида тегишли сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи кўрсатилади.

Бироқ шикоятда жавобгар сифатида сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи эмас, балки унинг раиси ёки раис ўринбосари кўрсатилганлиги асосида шикоятни қабул қилишни рад этишга, иш юритишни тугатишга ёки ушбу асос билан даъвони рад этишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи жавобгар сифатида талқин этилади.

Ушбу тоифадаги ишларни кўришда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ўзгача муддат назарда тутилмаганлиги сабабли Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 186-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган уч ой муддат доирасида судга мурожаат қилиниши мумкин бўлади.

Ўз навбатида, мазкур қонунда белгиланган судга шикоят билан мурожаат қилиш муддатининг ўтганлиги билдирилган талабни рад этиш учун асос бўлади.

Шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини қисқа муддатларда тиклаш орқали уларнинг сайловда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларидан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида ушбу тоифадаги шикоятларни кўриб чиқиш учун энг қисқа муддатлар белгиланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси
142-моддасига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган мазкур процессуал муддатлар ишни кўраётган суд учун қатъий бўлиб, ушбу муддатларнинг узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, шикоят дарҳол кўриб чиқилиши шартлиги ҳақидаги қатъий норма ўрнатилганлиги сабабли, ушбу тоифадаги иш бўйича шикоят келиб тушганда у девонхона орқали дарҳол рўйхатдан ўтказилиб, судьянинг иш юритувига топширилиши лозим.

Шикоятни дарҳол кўриб чиқиш деганда, шикоят судга келиб тушган куннинг ўзидаёқ мазмунан кўрилиши тушунилади.

М.Усмонова

Р.Шукуров

М.Ахмедов

Семинар машғулоти ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январь кунги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори 5-бандининг биринчи хатбошиси асосида, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништиш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, давлат органлари ходимларини маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда қонунийликни таъминлашдаги роли билан батафсил таништириш бўйича онлайн семинар тренинглар ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу режа асосида Олий суд, Судьялар олий кенгаши томонидан республикадаги Давлат хизматлари марказлари ходимлари билан онлайн шаклдаги семинар-тренинг видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда 2022 йил 14 май куни ўтказилди.\

Семинар-тренингда тажрибали мутахассислар ва судьялар томонидан «Маъмурий судлар фаолияти ва уларнинг жамиятда конунийликни таъминлашдаги роли», «Давлат хизматлари курсатиш сохасида юзага келадиган низоларни судда кўришнинг узига хос хусусиятлари», «Давлат хизматлари курсатиш сохасида юзага келадиган низоларни судда куриш амалиёти» мавзуларида қонунчилик ва суд амалиётининг таҳлилидан келиб чиқилган ҳолда қизиқарли маърузалар қилинди.

Иштирокчилар томонидан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари томонидан амалга оширилиши жараёнида юзага келаётган низолар ва унинг суд органларида кўриб чиқилиши билан боғлиқ муаммолар қизғин муҳокама этилди.

Семинар-тренингда якунида «Давлат хизматлари тўғрисида»ги қонун ва  электрон давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида интеграциялашувни кучайтириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, 2022 йил 18 май куни соат 15-00 да нотариуслар билан семинар машғулотлари ўтказилади.

О.Тошпўлатов, Р.Шукуров, И.Садриддинов

Фарғона вилоят маъмурий суди ходимлари

Фуқароларрнинг муаммолари сайёр қабулларда ўрганилди

Фарғона вилоятидаги фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш, уларни қонуний ҳал этиш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов раҳбарлигида 5-10 май кунлари фуқароларнинг сайёр қабуллари ташкил этилди.

Судларга оид мурожаатларни қабул қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исаков ҳамда Судьялар Олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров раҳбарлигида ташкил этилди.

Қўқон шаҳри, Боғдод, Қўштепа, Фарғона туманлари ҳамда Фарғона шаҳрида ўтказилган сайёр қабуллар давомида судларга оид жами 471 та мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 195 таси фуқаролик ишлари бўйича, 222 таси жиноят ишлари бўйича, 39 таси маъмурий ҳамда 15 таси иқтисодий судларга таалуқли мурожаатларни ташкил этди.

Мурожаатларнинг 267 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 204 та қаноатлантирилиб жойида ҳал этилди.

Фуқаролар томонидан сайёр қабул ташкил этилгани, уларнинг муаммоларини тинглаб қонуний ечим топилишига кўмаклашилаётгани учун мутасадди ташкилотларга миннатдорчиликлар билдирилди.

Келгусида ҳам вилоятнинг олис ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этиш ишлари давом эттирилиб, фуқароларнинг муаммоларини қонуний ҳал этиб бориш кўзда тутилган.

Фарғона вилоят маъмурий суди

бош консультантларии М.Ахмедов, Р.Шукуров

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
29 январдаги ПҚ-107-сон Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун мохияти юзасидан

Суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилганлигини, Олий суднинг расмий веб-сайтида барча суд қарорлари доимий равишда эълон қилиниб келинаётганлигини, судлар ўз қарорларининг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириб келинаётганлигини, суд раислари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари билан брифинглар ўтказиб келаётганлигини, шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур бўлиб ҳисобланишини, жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилаётганлигини, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида, Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши, Олий суд Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган қуйидаги тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминлаш қайд этилганлигини, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш белгиланган.

Шунингдек, Мазкур қарорда процессуал қонун ҳужжатларида белгиланаётган тартиблар доирасида қуйидаги яъни тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш каби вазифалар белгиланган.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчилари:

Ф.Абдубоисова, А.Бурхонов, Д.Султонов

Суд ҳужжатларини ижро этишга аралашганлик учун жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 11 апрель куни “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига, жиноят процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги, Банк сири тўғрисидаги қонунларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 2321-моддаси билан тўлдирилди, унга кўра, суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашиш, яъни ижро ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилишни ёки давлат ижрочисига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказишни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланаши белгиланди.

Ўша қилмишлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса —

муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, йирик битимлар тузишда, молия-кредит хизматларини кўрсатишда, халқаро йўловчи ташиш ва давлат хизматларини кўрсатишда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик борлигини текширмаслик ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонун билан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Унга кўра, соддалаштирилган тартибда ундирув қарздорнинг мол-мулкига (пул мустасно) қаратилмайди ва қарздорга жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

Соддалаштирилган тартибда ундирув банкдаги пулга, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кўп бўлмаган суммани ундириш учун эса иш ҳақига, стипендия, пенсия ва бошқа даромадларга қаратилади.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан кучга кириши белгиланди.

О.Тошпўлатов, Р.Шукуров

Халқаро-ҳуқуқий ёрдам.

Халқаро ҳуқуқий ёрдам – бу бир давлатнинг суд ва бошқа ваколатли органлари томонидан бошқа бир давлатнинг суд ва бошқа ваколатли органларига фуқаролик, жиноий ва бошқа ишларни кўришда амалий ёрдам кўрсатишдир.

Ҳозирги кунда кўплаб ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида 30 дан ортиқ халқаро шартнома, битим ва конвенциялар тузилган бўлиб, улардан 1992 йил 20 мартда имзоланган “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида”ги Киев битими, 1993 йил 22 январда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар юзасидан ҳуқуқий алоқалар ҳамда ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”ги Минск конвенцияси ҳамда 1995 йил 22 декабрда имзоланган “Хорижий арбитраж ҳал қилув қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисида”ги Нью-Йорк конвенцияси ушбу йўналишда судлар фаолиятини тартибга солувчи махсус халқаро шартномалар ҳисобланади.

Улар ўртасида МДҲ давлатлари ўртасида 1993 йил 22 январда Минск шаҳрида имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги кўп томонлама Конвенцияни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Конвенция унга аъзо давлатлар ваколатли органлари томонидан фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг бир қатор шаклларини кўзда тутади. Хусусан, Конвенциянинг 1-моддасига асосан аҳдлашувчи томонлардан ҳар бирининг фуқаролари, шунингдек унинг ҳудудида яшовчи бошқа шахслар бошқа аҳдлашувчи томоннинг фуқаролик, оилавий ва жиноий ишларни кўриш ваколат доирасига кирадиган суд, прокуратура, ички ишлар ва бошқа муассасаларига эркин ва тўсиқларсиз мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, ушбу аҳдлашувчи томон фуқаролари каби ана шундай шартларда уларда қатнашишлари, илтимосномалар киритишлари, даъво аризаси билан мурожаат қилишлари ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин.

Конвенция доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатларга ҳамда жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатларга бўлинади.

Ҳуқуқий ёрдам доирасида муносабатлар Конвенциянинг
5-моддаси билан тартибга солинган бўлиб, унга кўра Конвенция талабларини бажариш учун ваколатли органлар ўзларининг марказий органлари орқали муносабатга киришадилар. Ўзбекистон Республикасида фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, жиноий ишлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси марказий орган сифатида белгиланган.

Конвенцияга асосан (6-модда) ваколатли органлар томонидан кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам ҳужжатларни тузиш ва жўнатиш, тинтув ўтказиш, кўздан кечириш, ашёвий далилларни олиш ва жўнатиш, экспертиза ўтказиш, томонларни, учинчи шахсларни, гумонланувчи, айбланувчиларни, жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни сўроқ қилиш, жиноятда айбланувчи шахсларни қидириш, жиноий таъқиб қилишни амалга ошириш, жиноятда айбланувчи шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш, фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича суд қарорларини, жиноий ишларнинг фуқаролик даъвоси қисми бўйича ҳукмларни, ижро ёзувларини тан олиш ва ижро этиш, ҳужжатларни топшириш йўли билан бир-бирларига ёрдам беришни ўз ичига олади.

Конвенция 10-моддасида ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги топшириқнинг шакли ва тили ҳамда ҳужжатларни топшириш тартиби белгиланган. Унга асосан суд топшириғи уни олувчи давлатнинг тилида ёки рус тилида тузилиши ёки ушбу тилларга қилинган расмий таржима билан таъминланиши лозим.

Чет эл элементи билан мураккаблашган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, хусусан, фуқаролик, оилавий, жиноий ва бошқа ишларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш кўп ҳолларда хорижий давлатнинг ҳудудида алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлади.

Хорижий давлатнинг ҳудудида алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш лозим бўлганда, ушбу ҳаракатлар чет эл давлатининг ваколатли органлари ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Бунда, ушбу ваколатли органларга мурожаат қилишнинг белгиланган процессуал талабларига риоя қилиш лозим. Ушбу процессуал жараёнда, мурожаат қилиш шакли илтимоснома, топшириқ ва сўровнома кўринишида бўлиши мумкин.

Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосноманинг мазмуни ва бундай ёрдам кўрсатилаётган ишнинг ҳарактери қуйидаги унинг турларининг бўлинишига хизмат қилади:

-фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича алоҳида процессуал ҳаракатларни бажариш. Масалан, томонларни сўроқ қилиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш, ҳужжатларни топшириш;

-халқаро шартноманинг талабларига кўра аниқ бир ишни кўриб чиқиш бўйича бир давлатнинг суди томонидан бошқа давлатнинг судига ваколатнинг берилиши;

-хорижий давлатларнинг қарорларини тан олиш ва ижро этиш билан боғлиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, яъни бошқа давлатларнинг суд қарорларини тан олиш (хорижий судларнинг қарорларини миллий судлар томонидан қабул қилинган ҳамда қонуний кучга кирган суд қарорларига тўла тенглаштириш) ва ижросини (сўралаётган томон қонунчилигига кўра қарздорга нисбатан ижро ҳаракатлари доирасида мажбурлов чораларини қўллаш) таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш;

-жиноятчиларни ушлаб бериш (экстрадиция), яъни ҳудудида мазкур шахс жойлашган давлат томонидан, сўраётган давлатга уни жиноий жавобгарликка тортиш ёки унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижросини таъминлаш.

Юқоридагилардан ташқари, ҳуқуқий ёрдам давлатлар томонидан ҳужжатларнинг ўзаро тан олинишини ҳам таъминлайди. Хусусан, Конвенциянинг 13-моддасига асосан аҳдлашувчи томонлардан бирининг ҳудудида муассаса ёки бунга махсус ваколатли шахс томонидан ўз ваколати доирасида белгиланган шаклда тайёрланган ёки тасдиқланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган ҳужжатлар бошқа аҳдлашувчи томон ҳудудида бирон-бир махсус гувоҳномасиз қабул қилинади.

Бундан ташқари, Конвенция аҳдлашувчи томонлар ўртасида бир томон ҳудудида қабул қилинган фуқаролик, оилавий ва зарарни ундириш тўғрисидаги жиноий судларнинг қарорларини бошқа томон ҳудудида тан олиниши ва ижро қилиниши учун ҳуқуқий асосни яратди

Хусусан, ҳеч қандай махсус иш юритувсиз, ҳарактерига кўра ижрони талаб қилмайдиган қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари тан олинади. Бошқа турдига ҳал қилув қарорлари, ҳудудида тан олиниши лозим бўлган аҳдлашувчи томоннинг бошқа давлатнинг қарорини тан олиш тўғрисидаги илтимосномаси асосида қабул қилинган ҳал қилув қарорлари асосида тан олинади.

Хорижий давлат судларининг Ўзбекистон Республикасида ҳал қилув қарорларини ҳамда зарарни ундириш юзасидан жиноий судларнинг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисдаги илтимосномалари Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Конвенцияга асосан жавобгарнинг яшаш жойидаги судлар томонидан кўриб чиқилади.

Хорижий давлатларнинг судлари номига ёзилган Ўзбекистон Республикаси судларининг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномалар, қарорларни қабул қилган судларга тақдим этилади ва улар томонидан чет эл давлатларининг ваколатли органларига Конвенциянинг 53-моддаси талабларига кўра юборилади.

Жумладан, илтимосномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

1) қарор ёки унинг тасдиқланган нусхаси, шунингдек қарор қонуний кучга кирганлиги ва ижро этилиши кераклиги ҳақидаги расмий ҳужжат ёки у қонуний кучга киргунга қадар ижро этилиши керак бўлган, агар бу қарорнинг ўзидан келиб чиқмаса, ҳужжат;

2) суд жараёнида иштирок этмаган томонга қарши қарор чиқарилганлигини, белгиланган тартибда ва ўз вақтида судга чақиртирилганлигини ва келмаганлиги натижалари тўғрисида хабардор бўлганлиги, унинг процессуал муомалага лаёқатли эмаслиги ҳоллари эса белгиланган равишда айтилганлигини билдирувчи ҳужжат;

3) ҳужжат жўнатилиш вақтида қарорлар қисман бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

4) шартномавий судловлилик тўғрисидаги ишлар юзасидан, томонлар келишувини тасдиқловчи ҳужжат.

Шунингдек, Конвенцияда қонуний кучга кирган ҳукмлар ва судланганлик тўғрисидага маълумотлар юзасидан ахборотлар юборилиши кераклиги тўғрисида талаб белгиланган. Жумладан, Конвенциянинг 79-моддаси, 1-қисмига асосан аҳдлашувчи томонлар ҳар йили бошқа аҳдлашувчи томоннинг фуқароларига нисбатан уларнинг судлари томондан чиқарилган айблов ҳукмлари қонуний кучга кирганлиги тўғрисида бир-бирларига маълум қиладилар, айни вақтда ҳукм қилинганларнинг мавжуд бармоқ изларини юборадилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш ушбу вазифани бажариш юклатилган махсус ваколатли давлат органларнинг вазифаси бўлиб, уларга ушбу вазифаларни бажариш юзасидан махсус мажбурият юкланади. Чунки, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнини тўғри ташкиллаштириш давлатлар ва уни амалга оширувчи ваколатли органларнинг обрўсини ва салоҳиятини белгилайди. Шунингдек, Конвенцияга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий алоқаларнинг ривожланиши, улардан фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда вужудга келувчи ҳуқуқий муносабатлар юзасидан масалаларни аниқ ва тезкорлик билан ҳал қилинишини талаб қилади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси А.Аъзамов

Фарғонада 167 та иш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Фарғона вилояти маъмурий судларининг 2021 йилда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги аризалар асосида кўрилган маъмурий ишлар бўйича суд амалиёти такроран таҳлил қилинди.

Таҳлиллар натижасига кўра, ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилишда кўп ҳолларда қонун нормаларининг бузилишига йўл қўйилганлиги маълум бўлган. Хусусан, Фарғона вилояти маъмурий судлар томонидан ўтган йилда кўриб чиқилган 1 минг 256 та маъмурий ишлардан 388 таси ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ тоифадаги низолар ташкил этиб, шундан 167 та иш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. 

Жумладан, Олтиариқ туман ҳокимининг 35 та, Фарғона туман ҳокимининг 19 та, Риштон ва Ўзбекистон туман ҳокимларининг 17 тадан, Фарғона шаҳар ҳокимининг 15 та, Учкўприк туман ҳокимининг 11 та, Бешариқ ва Қува туман ҳокимларининг 9 тадан, Қувасой шаҳар ҳокимининг 7 та, Тошлоқ туман ҳокимининг 6 та иш бўйича қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.  

Вилоятда ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ тоифадаги низолар 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 9 тага, яъни 4,9 фоизга ошган. Туман-шаҳар ҳокимлари томонидан қарорлар қабул қилишда қонунлар талабларига етарли даражада риоя этилмаганлиги сабабли судлар томонидан туман уларга нисбатан 114 та хусусий ажримлар чиқарилган. Бундан кўриниб турибдики, ҳокимлар томонидан йўл қўйилган хато-камчиликлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузилишига сабаб бўлмоқда.  

Фарғона вилояти маъмурий судининг раиси

Дониёрхўжа Маҳаматов

Ўзбекистон Конституциясга киритилган

Ўзбекистон Конституцияси ўн иккинчи чақириқ билан республика Олий Кенгашининг ўн биринчи сессияси 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган. Шу кундан эътиборанЎзбекистонда 8 декабрь умумхалқ байрами сифатида нишонланибкелинади.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституция қабул қилиниши баробарида мустақилликнинг ҳуқуқий тамал тоши ўрнатилган.

Ўзбекистон Конституцияси яратилиш жараёнидақайсидир давлатдан кўр-кўрона кўчириболинмаганлигини ҳам инобатга олиш керак. Ўзбекистон Конституцияси энг тараққий этгандавлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолдаяратилган.

Конституцияга кўра, Ўзбекистон – Президентликбошқарув шаклидаги суверен демократик республика ҳисобланади. Конституцияда давлатни, жамиятниривожлантиришнинг демократик омиллари белгилабберилган бўлиб, унда Халқ давлат ҳокимиятинингбирдан бир манбаи ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга: президент Конституцияга, қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар, фармойишлар қабул қилади.

Конституцияда Ўзбекистон президенти, фуқаролар томонидан умумий, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши белгиланган.

Ўзбекистон Конституциясида жамият ҳамда давлатнинг ҳаётидаги энг муҳим масалалар умумий овоз (референдум)га қўйилиб, ҳал қилинади.

Конституцияда Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган республика Олий Мажлиси ҳамда президенти иш олиб бориши кўзда тутилган бўлиб, Давлат ҳокимияти эса учга – қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятига бўлинади.

Ўзбекистон Конституциясида, давлат, ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолатга қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбектилидир. Бироқ, республика ҳудудида истиқоматқилувчи барча миллат ҳамда элатларнинг тиллари, урф-одатлари уларнинг анъаналари ҳурматқилинишини таъминланиши, ривожланишлари учуншарт-шароит яратилиши ҳам назарда тутилган.

Мамлакатда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлибгина қолмай, ўз ҳудудида ва унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди.

Конституция, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватанлари ичида эркин ҳаракатланишлари, истаган жойларига кўчиб бориб яшаш ҳуқуқларини ҳам кафолатлайди.

Конституцияда, ҳар ким эркинлик ҳамда шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги кўрстилган. Унгакўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсгаолиниши ёки қамоқда сақланишига йўл қўйилмайди.

Жиноятда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда кўриб чиқилмагунча қийноққа солиниши, унга нисбатан зўравонлик, шавқатсиз ёки қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар олиб бориш мумкин эмаслиги тўғрисида кўрсатилган.

Конституция: 6 бўлим, 26 боб, 128-модда ваМуқаддима (кириш) қисмидан иборат.

Конституция биринчи бўлими, “Асосийпринциплар” деб аталади. Унда давлат шакли ҳамдасуверенитетини намоён этувчи хусусиятларбелгиланган;

Конституция иккинчи бўлими, “Инсон вафуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари вабурчлари” деб номланади ва шахснинг ҳуқуқийҳолатига тааллуқли барча жабҳаларни ўз ичига олган;

Конституция учинчи бўлими, “Шахс ва жамият” бўлиб, унинг бобларида жамиятнинг иқтисодий муносабатлар негизи акс этган;

Конституция тўртинчи бўлими, “Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши”га бағишланган. Ундамамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий ҳолатиалоҳида-алоҳида бобларда белгилаб берилган.

Конституция бешинчи бўлими, энг йирик боб ҳисобланиб, “Давлат ҳокимиятини ташкил этиш” деб номланади. Бу бобда Олий Мажлис, ЎзбекистонРеспубликаси президенти сайлаш тартиби, ваколатлари ва ўзаро муносабатлари асосларибелгиланган. Боб, шунингдек, давлат бошқаруворганларининг ташкил этиш тартибини ҳам ўз ичига қамраб олади.

Конституциянинг охирги олтинчи бўлими эса, “Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби”гаажратилган.

Кенгайтириш

Ўзбекистон РеспубликасиКонституциясига киритилганўзгартиришларэ Жамият тараққиётиасосида халқнинг фикрини олган ҳолдаунга ўзгартириш ва қўшимчаларкиритилиши мумкин.

Конституция билан давлат ва жамиятривожланишининг демократик тамойиллари белгилабқўйилган. Республикада рўй бераётган демократикўзгаришлар давомида Конституцияга ҳам ўзгаришларкиритиб келинмоқда. 

1993 йил 28 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 77-моддаси 1-қисмидаги “150 нафар депутатдан” деган сўзлар “депутатлардан” деган сўз билан алмаштирилди;

2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида 2003 йил 24 апрелда қабул қилинган Қонунига мувофиқ, Конституциянинг XVIII, XIX, XX, XXIII бобларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилган;

2007 йил 11 апрелдаги Қонун билан Конституциянинг 89-моддасига, 93- моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига тузатишлар киритилган;

2008 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 77-моддаси биринчи қисмига ўзгартиш киритилган;

2011 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциясининг 78, 80, 93, 96, 98-моддаларига ўзгартиш, қўшимчалар киритилган;

2011 йил 12 декабрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 90-моддаси иккинчи қисмига тузатиш киритилган;

2014 йил 16 апрелда қабул қилинган Қонун биланКонституциянинг 32, 78. 93, 98, 103, 117-моддаларига ўзгартиш, қўшимчалар киритилган;

2017 йил 6 апрелда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига ўзгартиш, қўшимчалар киритилган;

2017 йил 31 майда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 80, 93, 108, 109-моддаларига ўзгартиш, қўшимчалар киритилган;

2017 йил 29 августда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 99, 102-моддаларига ўзгартиш, қўшимчалар киритилган;

2018 йил 15 октябрда қабул қилинган Қонун билан 105-модданинг биринчи қисмидаги “икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) унинг маслаҳатчиларини” деган сўзлар “раисни (оқсоқолни)” деган сўзлар билан алмаштирилган;

2019 йил 18 февралда қабул қилинган Қонун билан 80, 93-моддаларига ўзгартириш киритилиб, Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизмати деб юритила бошланди;

2019 йил 5 мартда қабул қилинган Қонунга асосан 79, 93, 98-моддаларга ўзгартиришлар киритилган;

2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган Қонунга асосан сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан 96, 117-моддаларга ўзгартиришлар киритилди.

2021 йил 8 февралда қабул қилинган Қонунга 93, 98, 100, 107,                                    117–моддаларга ўзгартиришлар киритилди.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судьяси​​​​​​​Ш.Ахмеджанова

СУД ИСЛОҲОТЛАРИ ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштири
ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ҳамда аҳамиятини ошириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўлган маъмурий судларнинг ташкил қилиниши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқди.

Амалга оширилган барча ислоҳотларнинг тадрижий давоми сифатида жаҳон миқёсидаги жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг
2022 йил 28 январь кунги ПФ-60 сонли Фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси  тасдиқланди.

Ушбу Фармонда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида,  маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтиришга алоҳида урғу берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, маъмурий органлар томонидан суд қарорларини ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро андозаларга мувофиқ такомиллаштиришга хизмат қилади.

Хусусан, қарор билан маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Шу асосда суд ишларини юритишнинг процессуал тартибида “суднинг фаол иштироки” тамойилини жорий этиш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш ҳамда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилиши белгиланмоқда.

Ҳозирги вақтда маъмурий органлар ва мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолар маъмурий судлар томонидан, ушбу ҳаракатлар натижасида етказилган зарар суммасини ундириш ҳақидаги низолар эса фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан кўрилади. Бу ҳолат фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд идораларига қайта-қайта мурожаат қилишига сабаб бўлмоқда.

Эндиликда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига
оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи тақдим этилади ҳамда бундай талабларни кўриб чиқиш маъмурий судлар ваколатига ўтказилади.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда маъмурий органлар суд қарорларини ижро этишни турли баҳоналар билан бажармаслик ва ижро этишни пайсалга солиш ҳолатларини тез-тез кузатамиз.  

Бу ҳолатларга чек қўйиш мақсадида, маъмурий органлар томонидан қонуний кучга кирган маъмурий суд қарорини ижро этилиши устидан суд назоратининг таъсирчан механизмини жорий этиш, жумладан, маъмурий судларнинг
оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини оширилган миқдорда қўллаш тартиби белгиланмоқда.

Қарорга кўра, жиноят, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича амалда бўлган ярашув ва келишув битими институтлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларга ҳам жорий қилинади.

Шунингдек, энди судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш тақиқланмоқда, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки иш уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказилади.

Суд ишларини юритишнинг процессуал қонунчилигида маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланади ва бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланади.

Албатта, ушбу тартиблар амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш йўли билан амалга оширилади.

Мазкурга қарорга мувофиқ, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсад қилинган.

Касимов Жамолхон Одилович

Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси

Skip to content