Солиқ текширувида гувоҳнинг иштироки

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон Фармонида солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтиришда халқаро солиқ муносабатларининг роли ҳозирги кунда долзарб масалалардан бири ҳисобланиши кўрсатилган.

2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш мамлакатда амалга оширилаётган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига, Ҳукуматнинг молиявий-иқтисодий муносабатларнинг барча жиҳатларини ислоҳ қилиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ қабул қилинган қарорларига асосланади. Концепцияни ишлаб чиқиш зарурати узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини чеклайдиган мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни, хавф-хатар ва таҳдидларни ҳал этиш, шунингдек, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожланишга ўтишнинг мақсадлари ва устуворликларини белгилаш ва аҳоли ҳаёт даражасини ошириш билан боғлиқлиги эътироф этилган.

Бу йўналишда солиқ текширувларини тўғри ва изчил амалга ошириш солиқ оганларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар
ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.

Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.

Солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бирор-бир ҳолатлар ўзига маълум бўлган ҳар қандай вояга етган жисмоний шахс кўрсатмалар бериш учун гувоҳ сифатида чақирилиши мумкин.

Солиқ текшируви давомида кўрсатмалар олишдан аввал солиқ органининг мансабдор шахси гувоҳни кўрсатмалар беришни рад этганлик ёки бундан бош тортганлик ёхуд била туриб ёлғон кўрсатмалар берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради.

Солиқ органлари назорат тадбирлари доирасида солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бирор-бир ҳолатлар ўзига маълум бўлган шахсни гувоҳ сифатида чақиртириши мумкин. Солиқ кодексида белгиланишича, ҳар қандай вояга етган жисмоний шахс кўрсатма бериш учун гувоҳ сифатида жалб этилади.

Гувоҳларни сўроқ қилишнинг мақсади назорат қилувчида шубха ўйғотадиган солиқ тўловчи томонидан муайян молиявий-хўжалик фаолиятни амалга оширишнинг ҳолатларини аниқлашдан иборат. Сўроқ солиқ органи томонидан солиқ қонунбузилиш фактини аниқлашда энг асосий ва аҳамиятли далил ҳисобланади. Мисол сифатида қуйидаги ҳолатни кўриб чиқиш мумкин, солиқ текширувчида солиқ тўловчига ҳақиқиқтдан ҳам махсулот етказиб берилганлигида шубха пайдо бўлган ҳолатда, солиқ органи мансабдор шахснинг омбор ишчиларини, юк ташувчиларини, шунингдек, ҳайдовчи ва махсулот етказиб берувчини сўроқ қилиши мумкин. Бундан ташқари, корхона ҳужжатларида субпудратчи хизматига мурожаат этганлиги акс этган, бироқ амалда барча ишлар корхона ишчилари томонидан бажарилган. Бундай ҳолатда субпудратчининг ишчилари объектга келмаганлигини билган ишчилар чақиртирилиши мумкин.   

Сўроқ қилиш давомида олинган маълумотлар солиқ органи томонидан келажакда солиқ қонун бузилиши тўғрисидаги ишлар бўйича исботлар базасининг элементи сифатида фойдаланилади. Яъни, бошқача қилиб айтганда мазкур тадбир текшириш ўтказилаётган солиқ тўловчи учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли бунга катта эътибор билан ендашиш лозим.

Амалдаги қонунчилик солиқ органи вакили томонидан назорат қилувчи органнинг фикрича солиқ назорати учун ахамиятли маълумотларга эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахс гувоҳлар каторига киритилиши мумкин. Хусусан, солиқ органи солиқ тўловчи мансабдор шахснинг ўзидан ҳамда унинг ходимидан, шунингдек контрагентлар, солиқ агентлари ва бошқа шахслардан кўрсатма олиш ҳуқуқига эга.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                               Ш.Ахмеджанова

АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЭНГ АСОСИЙ ВА ЗАРУР ШАРТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 28 январь куни «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонни ҳамда 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини имзолади.

Тараққиёт стратегияси “Инсон қадри учун” ва “Давлат инсонлар учун” (“Халқпарвар давлат”) каби юксак тамойилларга асосланган ҳолда яқин ва ўрта муддатли даврда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича асосий 7 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсадларни қамраб олган.

Тараққиёт стратегиясининг иккинчи йўналиши мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари бу борада, Ўзбекистонни “ҳуқуқ устуворлиги индекси” юқори бўлган давлатлар қаторига киритиш асосий вазифалардан бири эканлигини таъкидлаган. Ушбу мақсадда мулкни ҳимоя қилиш ва маъмурий судларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги тизими яратилади.

2022 йилда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилади. Ушбу амалиёт авваллари фақатгина жиноят ишлари бўйича судларда қўлланилар эди.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида маъмурий судларда мансабдор шахсларининг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида қарорнинг (ҳаракатнинг) қонунийлигини исботлаш мажбурияти уни қабул қилган мансабдор шахс зиммасига юклайдиган тартибни белгилаш орқали самарали суд назоратини ўрнатиш белгиланган.

«Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да суд тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида, қўйидаги тартиб ўрнатилади:

биринчидан, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъий назар уни ушбу судлар томонидан қабул қилиш ва судга тааллуқлигига кўра тегишли судга юборилади, яъни судга киритилган даъво ариза (ариза) ва шикоятларни улар мазкур судга тегишли эмаслиги бўйича қабул қилишни рад этиш каби суд амалиётига йўқ қўйилмайди;

иккинчидан, давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш бўйича маъмурий судлар ваколати аниқ белгиланади.

Ҳозирда маъмурий судлар томонидан маъмурий органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилганда, унинг оқибатида келиб чиққан зарарларни ундириш фуқаролик ва иқтисодий судларда ҳал этилади. Эндиликда, оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо юзасидан иш тўлалигича маъмурий судлар томонидан кўриб ҳал этилади.

Бундан ташқари, жорий йилда судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимидаги раҳбарлик лавозимларга тайинлашда сайланиш
ва ҳисобдорлик каби демократик тамойиллар жорий этилади, бунинг учун қўйидаги:

судьялик лавозимига номзодларни тайинлаш жараёнида Судьялар ҳамжамияти органларининг аниқ ваколатини белгилаш;

судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этиш, уларнинг холислиги ва беғаразлигини таъминлаш каби вазифалар қўйилмоқда.

Шунингдек, 2022 йилда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

Судьялар олий мактабини халқаро андозалар асосида тубдан ислоҳ қилиш;

одил судлов соҳасида инновацион технологияларни татбиқ этиш учун касбий тайёргарликни зарур даражада таъминлаш;

судьяликка номзодларни тайёрлашга “70 фоиз амалиёт –
30 фоиз назария”
тамойилини қўллаш;

судьяларни тайёрлаш жараёнига хорижий мутахассислар, жумладан чет элда фаолият юритувчи маъмурий суд судьяларини жалб этиш белгиланган.

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш мақсадида, алоҳида давлат мукофоти таъсис этилади.

“Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”га мувофиқ, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида 2022-2026 йилларда қуйидаги йўналишларда ислоҳотлар амалга оширилади:

“Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтирилади;

суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойиллари рўёбга чиқарилади;

суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан оширилади;

низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлари яратилади, ярашув институтини қўллаш доираси янада кенгайтирилади;

судьялар ҳамжамияти органларининг суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашдаги ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини-ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмлари яратилади;

суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишлари олиб борилади;

суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш белгиланган.

Мазкур мақсад ва вазифаларни амалга ошириш йўлида аҳолининг кенг қатламлари, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органларининг мутасаддилари ўз ҳиссаларини қўшишлари керак бўлади.

Ишонаманки, ҳар биримиз юқоридаги мақсад ва вазифаларни ўз вақтида, самарали бажариш, адолат ва қонунийлик устуворлигини сўзсиз таъминлаш ҳамда ҳар бир шахснинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси Ф.Мамажонова

Маъмурий судларнинг сайлов жараёнидаги урни

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб берилган. Бу қоида ва меъёрлар асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умум эътироф этилган демократик, шу жумладан, мустақиллик, қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик таомиллари ташкил қилади.

Сайловни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда барча шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ нормаларига оғишмай риоя этилишини, фуқароларнинг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашда судларнинг роли юқоридир.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. 

Сайлов комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки қарори шикоят қилиш предмети бўлиши мумкин.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг умумий мазмунига кўра, ҳуқуқи бузилган шахс сайлов комиссиялари ёки ишчи гуруҳнинг қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Яъни, манфаатдор шахсга сайлов комиссиялари, ишчи гуруҳ қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишнинг суд тартиби таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарори) устидан берилган шикоятларни туманлараро маъмурий судлари суди кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 185-моддасига кўра, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:

унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;

унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;

унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;

унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шу муносабат билан судлар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ ишларни кўришда, судга мурожаат қилаётган манфаатдор шахснинг айнан қайси ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги, низо предмети айнан манфаатдор шахснинг ҳуқуқларига боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигига эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан судга шикоят қилинганда, шикоятда жавобгар сифатида тегишли сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи кўрсатилади.

Бироқ шикоятда жавобгар сифатида сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи эмас, балки унинг раиси ёки раис ўринбосари кўрсатилганлиги асосида шикоятни қабул қилишни рад этишга, иш юритишни тугатишга ёки ушбу асос билан даъвони рад этишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи жавобгар сифатида талқин этилади.

Ушбу тоифадаги ишларни кўришда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ўзгача муддат назарда тутилмаганлиги сабабли Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 186-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган уч ой муддат доирасида судга мурожаат қилиниши мумкин бўлади.

Ўз навбатида, мазкур қонунда белгиланган судга шикоят билан мурожаат қилиш муддатининг ўтганлиги билдирилган талабни рад этиш учун асос бўлади.

Шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини қисқа муддатларда тиклаш орқали уларнинг сайловда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларидан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида ушбу тоифадаги шикоятларни кўриб чиқиш учун энг қисқа муддатлар белгиланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси
142-моддасига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган мазкур процессуал муддатлар ишни кўраётган суд учун қатъий бўлиб, ушбу муддатларнинг узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, шикоят дарҳол кўриб чиқилиши шартлиги ҳақидаги қатъий норма ўрнатилганлиги сабабли, ушбу тоифадаги иш бўйича шикоят келиб тушганда у девонхона орқали дарҳол рўйхатдан ўтказилиб, судьянинг иш юритувига топширилиши лозим.

Шикоятни дарҳол кўриб чиқиш деганда, шикоят судга келиб тушган куннинг ўзидаёқ мазмунан кўрилиши тушунилади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси       

Ф. Мамажонова

СУДЛАР ФАОЛИЯТИ РАҚАМЛАШТИРИЛДИ

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрь кунги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, қуйидаги тартиблар белгиланди.

  • фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;
  • судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;
  • махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
  • суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;
  • суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.

2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;
  • 2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;
  • 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;
  • 2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилди.

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;
  • манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;
  • суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;
  • суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

Фарғона туманлараро маъмурий

суди ходими М.Сотиболдиев

Суд ҳужжатларини ижро этишга аралашганлик учун жавобгарлик белгиланди

2022 йил 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган ЎРҚ-762-сонли қонун билан суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилди.

Унга кўра, мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, 1 йилдан 3 йилгача озодликни маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Шунингдек, йирик битимлар тузишда, молия-кредит хизматларини кўрсатишда, халқаро йўловчи ташиш ва давлат хизматларини кўрсатишда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик борлигини текширмаслик ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонун билан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Унга кўра, соддалаштирилган тартибда ундирув қарздорнинг мол-мулкига (пул мустасно) қаратилмайди ва қарздорга жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

Соддалаштирилган тартибда ундирув банкдаги пулга, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (822 минг сўмдан) кўп бўлмаган суммани ундириш учун эса иш ҳақига, стипендия, пенсия ва бошқа даромадларга қаратилади.

О.Тошпўлатов, И.Садриддинов М.Ахмедов

Суд-экспертлик фаолиятида экспертиза ва тадқиқотларнинг янги турлари ўтказилиши йўлга қўйилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февраль кунги ПҚ-122-сонли “Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Қарорга кўра:

Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази тузилмасида Генетик тадқиқотлар ва Шахснинг геном ахборотини давлат рўйхатига олиш бўлимлари ташкил этилди;

Ички ишлар вазирлиги таъсисчилигида ўқотар, пневматик, газли, сигнал берувчи, совуқ, улоқтирувчи ва бошқа қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини, махсус воситаларни, ўқ ўтказмайдиган махсус ҳимоя воситаларини, электрошок қурилмалари, пиротехника буюмлари ва портловчи материалларни сертификатлашни амалга оширувчи давлат муассасаси ташкил этилади;

ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмаларига эксперт-криминалистика соҳасида шартнома асосида экспертлик, биометрик идентификация, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини ҳамда соҳага оид бошқа пуллик хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини берилди;

махсус илмий-техник ва интеллектуал салоҳиятга эга шахсларни мутахассис ёки техник ишчи сифатида эксперт-криминалистика бўлинмаларига шартнома асосида жалб этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, экспертиза ва тадқиқотларнинг қуйидаги янги турлари ўтказилиши йўлга қўйилади:

2022 йил якунигача:

видео ва фототехника экспертизаси, шу жумладан видеоёзувларда қайд қилинган транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш экспертизаси;

электр таъсирли қуроллар экспертизаси;

газли қуроллар экспертизаси;

газ-ҳаво аралашмаси ва физик портлашлар экспертизаси;

транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари портлаши экспертизаси;

одам ДНКси биологик экспертизаси;

махсус техника ва транспорт воситаларини баҳолаш экспертизаси;

2023 йил 1 январгача шахс, буюм ва ҳодисалар тўғрисида олинган ахборотлар бўйича автоматлаштирилган криминалистик ахборот-қидирув тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2023 йил якунигача суд-тергов фаолиятида ашёвий далил сифатида олинган синтетик турдаги гиёҳвандлик, шунингдек, психотроп ва кучли таъсир этувчи дори воситаларининг кимёвий таркиби бўйича марказлашган ахборот-қидирув тизимини яратиш чоралари кўрилади.

2022/2023 ўқув йилидан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг бакалавриат дастури бўйича таълим тизимида «рақамли криминалистика асослари» фани ўқитилиши йўлга қўйилади.

О.Тошпўлатов, И.Садриддинов М.Ахмедов Р.Шукуров

Аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги учун рад этиш тақиқланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январь кунги ПҚ-107-сонли “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилади:

маъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилганларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имкониятидан фойдаланиш шароити яратилади;

давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи берилади;

маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланади.

❕Эндиликда аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатишни тақиқланади.

Аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилади.

Бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлганда уларни бирлаштириш тақиқланади.

О.Тошпўлатов, И.Садриддинов

Фарғона вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчилари

Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 май кунги ПҚ-244-сонли “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди

Ушбу Қарорга кўра, ички ишлар органларига ўз ташаббусига кўра наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш юзасидан ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш ҳуқуқи берилди.

2023 йил 1 январдан:

➖наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш бўйича барча тиббий текширувлар наркология диспансерларининг ўзида, зарур ҳолларда бошқа муассасаларда амалга оширилади;

➖наркология диспансерларидаги мавжуд койкалар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилади.

Наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги ишларни электрон тарзда судларга юбориш ва судлар томонидан уларни видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқиш мумкин.

2023 йил 1 январдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг амбулатор ва стационар бўлимларида тиббий психолог ёки психотерапевт лавозимлари жорий этилади.

Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида камида 10 ўринли мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктлари (2022 йилда 114 та, 2023–2024 йилларда 20 та) ташкил этилади.

Шунингдек, 2022 йил якунигача наркологик беморларни ихтиёрий ва мажбурий даволаш учун наркология диспансерларида қўшимча 430 та ўрин ташкил этилади.

О.Тошпўлатов, И.Садриддинов, Р.Шукуров, М.Ахмедов

Фарғона вилоят маъмурий суди ходимлари

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 май кунги ЎРҚ-769-сонли “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Арбитраж судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чоралари иқтисодий суд томонидан кўрилиши мумкин

Жумаладан, Кодексга арбитр тушунчаси киритилиб, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар, жумладан, арбитрни тайинлаш, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар муҳокамаси кўрилиши белгиланди.

Шунингдек, арбитрлар, арбитраж таркиби томонидан тайинланган экспертлар, арбитраж муассасасининг ходимлари, ҳакамлик судьялари – арбитраж ёки ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги белгиланди.

Эндиликда арбитраж судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чоралари арбитраж муҳокамаси тарафининг аризасига кўра иқтисодий суд томонидан кўрилиши мумкин.

Қонун билан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни юритиш тартиби белгиланди.

❗️Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари (540 000 сўм) миқдорида давлат божи ундирилади. 

О.Тошпўлатов, И.Садриддинов, Р.Шукуров, М.Ахмедов

Фарғона вилоят маъмурий суди ходимлари

Сайлов комиссиялари ёки ишчи гуруҳнинг қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Фуқаролар йиғини раиси (оқсақоли) сайлови бўйича фикр юритишимиздан аввал, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳақида тушунчага эга бўлшимиз лозим, яъни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланадиган мустақил фаолиятидир.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилади. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликларидир.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига тўхталадиган бўсак, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга таъсир кўрсатишга, шунингдек уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Шунингдек, фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Сайлов комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки қарори шикоят қилиш предмети бўлиши мумкин.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг умумий мазмунига кўра, ҳуқуқи бузилган шахс сайлов комиссиялари ёки ишчи гуруҳнинг қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади, яъни манфаатдор шахсга сайлов комиссиялари, ишчи гуруҳ қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилишнинг суд тартиби таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарори) устидан берилган шикоятларни туманлараро маъмурий судлари кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 185-моддасига кўра, манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:

унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;

унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;

унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;

унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

Шу муносабат билан судлар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ ишларни кўришда, судга мурожаат қилаётган манфаатдор шахснинг айнан қайси ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги, низо предмети айнан манфаатдор шахснинг ҳуқуқларига боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигига эътибор қаратишлари лозим бўлади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан судга шикоят қилинганда, шикоятда жавобгар сифатида тегишли сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи кўрсатилади.

Бироқ, шикоятда жавобгар сифатида сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи эмас, балки унинг раиси ёки раис ўринбосари кўрсатилганлиги асосида шикоятни қабул қилишни рад этишга, иш юритишни тугатишга ёки ушбу асос билан даъвони рад этишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда сайлов комиссияси ёки ишчи гуруҳи жавобгар сифатида талқин этилади.

Ушбу тоифадаги ишларни кўришда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ўзгача муддат назарда тутилмаганлиги сабабли Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 186-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган уч ой муддат доирасида судга мурожаат қилиниши мумкин бўлади.

Ўз навбатида, мазкур қонунда белгиланган судга шикоят билан мурожаат қилиш муддатининг ўтганлиги билдирилган талабни рад этиш учун асос бўлади.

Шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини қисқа муддатларда тиклаш орқали уларнинг сайловда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларидан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида ушбу тоифадаги шикоятларни кўриб чиқиш учун энг қисқа муддатлар белгиланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси
142-моддасига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган мазкур процессуал муддатлар ишни кўраётган суд учун қатъий бўлиб, ушбу муддатларнинг узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси Ж.Касимов

Skip to content