Интернетдаги фирибгарлик ёки ундан ҳимояланиш чораси борми? 

Ҳозирги кунда интернет тармоғидан мамлакатимиздаги 7 ёшдан (балки 3 ёки 5 ёшдан) 70 ёшгача бўлган аҳоли қатлами фойдаланиб келмоқда десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, замона зайли билан интернет, ижтимоий тармоқ, IT технологиялар кириб бормаган соҳа ёки хонадонни топишнинг ўзи мушкул масала.

Хаётимизга кириб келган ушбу ижобий янгиликдан ҳар ким ҳар хил мақсадларда фойдаланмоқда. Кимдир хизмат зарурати юзасидан, кимдир оилавий эҳтиёжи бўйича – яқинлари билан дийдорлашиш учун, кимдир эрмак учун вақт ўтказиш билан оввора бўлса, яна айрим кимсалар тармоқ орқали бошқаларни чув тушириб, алдаб, ўзганинг маблағини ўзлаштиришни ўзига касб қилиб олган.

Сўнгги вақтларда радио, телевидения ва ижтимоий тармоқлар орқали интернет фирибгарлигидан огоҳ бўлишга оид қатор мақолалар эълон қилинди, аҳолини хушёрликка чақирувчи хабарлар тарқатилмоқда. Бироқ, фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Айни вақтда фирибгарлар томонидан инертнет тармоғи орқали фойдаланилётган, кенг тарқалган асосий схемалар қуйидагилар:

  • “е-Фишинг” – мазкур схема орқали фирибгарлар фуқароларга тегишли банк карталарининг рақами ва махфий кодини қўлга киритган ҳолда банк картасидан маблағни ечиб олади. Схема қоидасига кўра, уларга банк картаси рақами ва кодини ишонувчан фуқаронинг ўзи алдов йўли билан тақдим қилади.
  • Инернет магазинларнинг сохта дубликатларини яратиш. Расмий равишда фаолият кўрсатиб келаётган интернет магазинларнинг дубликати яратилиб, айрим товарлар арзон нархда сотувга қўйилади, кўпчилик фуқаролар арзон нархга учиб ушбу товарларни пул ўтказиш йўли билан сотиб олишга уринади, бироқ пул ўтказилгандан сўнг товар етказиб берилмайди.
  • Интернет-банкинг хизматларининг сохта дубликатларини яратиш. Фирибгарлар томонидан банк ва тўлов иловаларининг сохта версиялари яратилади ҳамда фойдаланувчилар мазкур иловалардан рўйхатдан ўтганда, ўзининг шахсий маълумотларини киритишга мажбур бўлади. Шахсий маълумотлардан фойдаланган фирибгарлар ҳисоб рақамидаги маблағни ўзлаштириб олади.
  • Электрон почта блоклангани тўғрисидаги хабар. Фирибгарлар сизнинг электрон почтангиз блоклангани тўғрисида сохта хабар юбориб, уни очиш учун маълум миқдорда пул талаб қилади.
  • Катта ютуқ ёки турли саҳоват акциялари. Фирибгарлар томонидан сиз катта ютуққа эга бўлганингиз тўғрисида хабар юборилиб, уни сизга юбориш ҳаражатлари учун маълум миқдорда пул талаб қилинади. Соҳта маълумотлардан фойдаланган холда саҳоват акциялари ўтказилади, аслида йиғилган пуллар фирибгарларнинг чўнтагига тушади.
  • Интенет тармоғидаги ножўя ҳаракатларингиз учун жарима. Ички ишлар вазирлиги номидан сизга интернет тармоғида ноқонуний сайтларга кирганингиз ёки рўйхатдан ўтганингиз учун жарима қўлланилгани тўғрисида қарор ёки хабар юборилиб, жарима суммасини кўрсатилган ҳисоб рақамига маълум муддатда тўлаб бермасангиз жавобгарликка тортилиш тўғрисида огоҳлантириласиз.

Умуман олганда, фирибгарлар томонидан интернет тармоғида ўзгалар мулкини ўзлаштиришнинг усул ва воситалари мунтазам янгиланиб, такомиллаштириб келинмоқда.

Ҳақли савол туғилади, фуқароларимизни ушбу кўзга кўринмас фирибгарлар хужумидан ҳимоя қилишнинг қандай чораси бор?

Менимча, фирибгарларнинг тузоғига тушмасликнинг энг осон ва самарали усули фуқароларнинг интернет саводхонлигини ошириш ҳисобланди. Зеро, расмий, лицензияга эга сайтларнинг сохта, хеч қандай расмий мақомга эга бўлмаган, норасмий сайтлар билан фарқини тушуна олмаган одамлар интернет тармоғидан фойдаланар экан, қайта ва қайта фирибгарлар тузоғига тушиши табиий ҳолдир.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович

Фирибгарлар огоҳ бўлинг! Жазо чоралари кучайтирилди

Ҳозирги кунда интернет тармоғи қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар”, яъни интернет фирибгарлари учун содда фуқароларни алдаб, уларнинг ишончига кириб, пул маблағларини ўзлаштиришнинг қулай востасига айланиб улгурди десак муболаға бўлмайди.

Сўнгги вақтларда радио, телевидения ва ижтимоий тармоқлар орқали интернет фирибгарлигидан огоҳ бўлишга оид қатор мақолалар эълон қилинди, аҳолини хушёрликка чақирувчи хабарлар тарқатилмоқда. Бироқ, фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Мазкур ҳолатнинг ўзи интернет фирибгарлиги жамиятда ижтимоий хавфли тус олиб, фуқаролар учун жиддий хавф сифатида намоён бўлаётганини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди” деб белгиланган. Демак, фуқароларни интернет фирибгарларининг турли тажовузларидан ҳуқуқий ҳимоя қилиш давлатнинг вазифаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси
2-қисмида “Фирибгарлик:

а) анча миқдорда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб кўрсатилган эди.

2022 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-794-сонли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни имзоланди. Жамиятда интернет фирибгарлиги иллатининг кенг тарқалиб, ижтимоий хавфлилик даражаси ортиб бораётгани сабабли, бундай ҳаракатлар учун жиноий жазо чоралари кучайтирилди.

Жумладан, эндиликда фирибгарлик жиноятини ахборот технологиялардан фойдаланиб содир этганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида баён этилди.

Мазкур ўзгариш фирибгарлик жиноятининг ахборот технологиялардан фойдаланиб содир этилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланишига сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат интернет фирибгарлиги учун жазо чораларини оғирлаштириш билан бир қаторда, мазкур қилмишнинг Жиноят кодекси талабларига асосан “оғир жиноятлар” тоифасига киришини хам белгилади.

Чунки, амалдаги Жиноят кодексининг 15-моддаси талабига кўра, унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.

Шу моддада “оғир жиноятлар”га берилган таърифга мувофиқ оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.

Демак, қонунчиликка киритилган ўзгартиришга мувофиқ интернет фирибгарлиги эндиликда оғир жиноят ҳисобланди. Бу эса мазкур жиноятни содир этган шахсларга жазо чораларини тайинлаш, уларни жавобгарликдан ёки жазо чораларидан озод қилиш ёхуд жазони енгилроғи билан алмаштириш тартибида хам Жиноят кодекси талаблари кучайтирилганини билдиради.

Шундай экан, огоҳ бўлинг! Интернет фирибгарлиги эндиликда оғир жиноят ва оғир жазога сазовор қилмиш ҳисобланади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович

Ерга оид хусусий мулк ҳуқуқининг вужудга келиши

Мустақиллик йилларида хусусий мулк ҳуқуқини химоя қилиш борасида давлат томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Мулкдорлар ҳуқуқларини химоя қилишнинг ҳуқуқий базаси ва механизми яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ерга оид муносабатларда хусусий мулк институтининг жорий этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонларига хусусий мулк ҳуқуқи асосида эга бўлиш имкониятини яратди. Бу қоида шуни англатадики, эндиликда хусусий мулк ҳуқуқини таъминлаш юзасидан қабул қилинган ҳар қандай норматив ҳужжатлар хусусийлаштирилган ер майдонларига нисбатан хам татбиқ этилади.

Ҳақли савол туғилади – фуқаролар ўзларига тегишли ер майдонларини қандай тартибда хусусийлаштиришлари мумкин ва ер майдонларини хусусийлаштириш уларга қандай ҳуқуқлар беради?

Фуқаро ёки юридик шахс томонидан ўзига тегишли ер участкасини хусусийлаштиришининг энг зарурий шарти – ушбу ер майдони тоифасига кўра қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар жумласига кирмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил
14 февралда тасдиқланган 71-сонли қарорига мувофиқ ўзига тегишли ер участкасини хусусийлаштириш мақсадида бўлган фуқаролар ва юридик шахслар бу тўғрисидаги аризани давлат хизматлари марказларига шахсан ташриф буюрган ҳолда ёки ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали бериши мумкин.

Берилган аризалар автоматлаштирилган ахборот тизими орқали, инсон омили аралашувини истисно этган холда 5 иш куни ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижасида ваколатли идоралар томонидан, ер майдонини хусусийлаштириш бўйича ижобий хулосага келинса, аризачига ер майдонини хусусийлаштириш мумкин бўлган сумма кўрсатилган холда хабарнома юборилади. Аризачи 10 календар кун ичида хабарномада кўрсатилган миқдордаги маблағни кўрсатилган ҳисоб рақамига тўлаши керак.

Пул тўланиши билан, яъни узоғи билан 5 дақиқа ичида мулкдорга ерга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери автоматик равишда тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил
15 ноябрь куни имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.             

Қонуннинг 10-моддасига асосан, хусусийлаштириш объектлари сифатида юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари кўрсатиб ўтилди.

Қонуннинг мазкур нормасига асосан фуқаролар ўзарига якка  тартибда уй-жой қуриш, ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, фуқаролар бўш турган ер участкаларини хам электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиб олишлари мумкин.

Энг муҳим жиҳат шундаки, Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ “Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектларидир.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва қонунга мувофиқ давлат томонидан ҳимоя қилинади” деб белгиланди.

Қонуннинг 31-моддасида эса “Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш” деб кўрсатилган.

Таъкидлаш керакки, айни қонун амалга киритилгунга қадар мавжуд бўлган тартибга мувофиқ, ер давлат мулки ҳисобланган. Бу эса, айрим ҳолларда давлат мулки ҳисобланган ер майдонларини олиб қўйишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонида жойлашган бино-иншоотларга доир мулк ҳуқуқининг бузилишига олиб келган.

Эндиликда Қонун талабига кўра, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорлардан олиб қўйилиши мумкин эмас, фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сотиб олиниши мумкин.

         Ер қонунчилигига киритилган мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини самарали химоя қилиш, ерни хусусий мулк сифатида эътироф этиш ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашдан иборатдир.    

 Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев

Маъмурий суд ислоҳотлари фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг муҳим кафолати

Мамлакатимизда ўтган беш йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўлган маъмурий судларнинг ташкил қилиниши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқди.

Амалга оширилган барча ислоҳотларнинг тадрижий давоми сифатида жаҳон миқёсидаги жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг  2022 йил 28 январь кунги ПФ-60 сонли Фармонлари билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси  тасдиқланди.

Ушбу Фармонда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида,  маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтиришга алоҳида урғу берилган.

Бугунги кунга келиб маъмурий судлар жисмоний ҳамда юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келаётган низоларни ҳал этишга ихтисослашган судга айланди. Фуқаролар давлат органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатларидан (ёки ҳаракатсизлиги) норози бўлган тақдирда бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун маъмурий судларга ариза билан мурожаат қилмоқдалар.

Хусусан, 2021 йилда Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг судга тақдим қилган
552 та аризалари қаноатлантирилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Шу жумладан, давлат органларининг 376 та  қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган, давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш юзасидан 149 та ариза ва шикоят  қаноатлантирилган.

Фуқаролар ва юридик шахслар аризаларига асосан кўплаб давлат идоралари қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш ёки хатти-ҳаракатларини (ёки ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Суд қарорларига асосан фуқароларнинг давлат идораларининг ноқонуний қарорлари ёки хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида муайян ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисида мажбуриятлар юкланган.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг                     10-моддасида қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шартлиги,  суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Фарғона вилоят маъмурий суди томонидан 2017-2020 йилларда кўриб тамомланиб, давлат ташкилотларига мажбурият юклаш тўғрисида чиқарилган суд ҳужжатларининг ижро этилиши аҳволи ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра, кўрсатилган давр мобайнида жами 1346 та иш бўйича давлат идоралари томонидан суд ҳужжати ижро этилганлиги ҳақида маълумотлар келиб тушмаган. Давлат идоралари томонида суд ҳужжатларининг ўз  вақтида лозим даражада ижро этилмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Суд ҳужжатларини ижро этмаслик билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 1346 та иш бўйича давлат ташкилотларига эслатма хатлари, 855 та иш бўйича прокуратура органларига хабарномалар юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январь кунги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарори қабул қилинди. Унга кўра давлат органлари томонидан суд қарорларини ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирча механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.

Хусусан, Қарорга кўра, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш амалиётини йўлга қўйиш кўрсатилган.

Мазкурга қарорга мувофиқ фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсад қилинган.

Фарғона вилоят маъмурий суди  судьяси                    Н.Хаджиматов

Бунёдкор халқимиз барқаррор тараққиёт йўлида дадил илдамлайверади.

       Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил  20 декабрь куни Олий Мажлис  ва халқимизга навбатдаги  Мурожаатномани тақдим этди.

     Бу  йилги Мурожаатномада хам Ўзбекистондаги ислоҳатларнинг муҳим йўналишлари баён этилди, уларнинг мамлакатни ҳам суратан, ҳам  сийратан янгилашга, инсон қадрини улуғлашга, ҳалқимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишга қаратилган улуғвор моҳияти ҳақида сўз юритилди.

     Давлатимиз раҳбари пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий  ва сиёсий инқирозлар, зиддиятларга қарамасдан, ҳалқимизнинг қахрамонларча меҳнати билан  катта ютуқларга эришилганини таъкидлади.

      Мамалакатимиз том маънода  улкан қурилиш майдонига  айланган. Янги уй-жойлар, таълим  ва маданият масканлари, маҳобатли кўприклар, равон йўллар, сўлим боғу хиёбонлар юртимиз кўркига кўрк бағишлаб, ҳалқимизнинг ҳаёт сифатини юксалтирмоқда.

     Оқилона ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистон  жаҳон сиёсати марказларидан бирига  айланиб бормоқда.

    Мамалакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш  учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши кераклиги  таъкидланди.

     Шу боис “Аввал-инсон, кейин – жамият ва давлат“ деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз   кераклиги  қайд  этилди.

    Ҳозирги  кундаги жиддий  синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз  асосларини  мустаҳкамлашимиз зарур. Шуларни  эътиборга олган  ҳолда Асосий  Қонунимизни   такомиллаштириш  ишлари  давом  эттирилмоқда.

      Ҳалқ билан мулоқатнинг янги механизмлари йўлга қўйилгани  одамлар фикри, дарду ташвишларини билиш, уларни бартараф этишга қаратилган  чора- тадбирларни  ҳаётга  татбиқ  қилишда  муҳим   аҳамият  касб этмоқда.

      Таҳлиллар кўрсатганидек, юртдошларимиз мактаб, боғча ва шифохоналар кўпайишини, таълим ва тиббиёт сифати оширилишини, маҳаллада йўл,сув, электр, транспорт муаммолари ҳал қилиниши, иш ўринларини кўпайиши, тадбиркорликка  янги имкониятлар  яратилишини, адолат таъминланишини, оворагарчилик, бюрократия  ва коррупция  йўқ  бўлишини  кутмоқда.

       Кўтарилган масалалар аниқ  ва ўринлидир. Қанчалик  қийин  бўлмасин, биз  бу муаммоларни ечишимиз шарт. Ҳеч ким четдан келиб, буларни  ҳал қилиб бермайди. Одамларимизнинг ташаббуси, шижоати ва салоҳиятини ишга солиш  учун барча шароитларни туғдириб бериш асосий  вазифамиз бўлиши  керак, – деди   Президентимиз.

       Шу боис Президентимиз  2023  йилга  “Инсонга эътибор ва сифатли таълим   йили “  деб ном беришни таклиф қилди. Йиғилганлар бу ташаббусни бир  овоздан  қўллаб-қувватлади.

       Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги  энг  устивор  йўналишларга тўхаталиб ўтди.

       Жумладан, биринчи йўналиш сифатида  ихчам  ва самарали давлат бошқаруви тизимига  ўтиш таклиф  қилинди. Хусусий ташаббусларни  янада  кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви” дан  аниқ натижага ишлайдиган  тизимли бошқарувга  ўтиш вақти  келгани таъкидланди.

      Мурожаатномада  инсон  ҳуқуқ  ва  эркинликларини ишончли  ҳимоя қилиш тизимини  янада  такомиллаштиришга  қаратилган  ислоҳатларга ҳам   алоҳида эътибор қаратилди.

       Жумладан қисқа муддатда  ҳуқуқ-тартибот  идораларини  янгича  ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади. Энг аввало, одамларнинг  жойларда  судма-суд сарсон  бўлиб юришларига  барҳам  берилади.

      Президентимиз  энг долзарб   муаммо   бўлган  коррупция масаласига  алоҳида  тўхталиб ўтди. Депутат   ва  сенаторлар,  маҳаллий Кенгашлар  ҳам бонг уриб,   аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф  этиш бўйича  фаол бўлишга  чақирди, бунинг учун уларда етарли  ваколат ҳам, шижоат ҳам   борлигини таъкидлади.  Сунъий  монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман, коррупцияга  имкон берувчи  барча  бўшлиқларга   барҳам  берилишини  қайд  этилди.

      Мурожаатномада экология,айниқса, сув масалалари глобал муаммога  айланиб бораётгани  ҳақида сўз юритилди.  Мамалакатимизда  қишлоқ ва   сув хўжалиги  тизимлари  ислоҳ қилиниши таъкинланди.

    Иқтисодиётга  маҳаллий  ва  хорижий  хусусий   инвестицияларни   кўпайтириш, янги конларни  ишга тушириш, хусусийлаштириш, ишлаб чиқариш  ва экспортни  кўпайтириш, бизнесга солиқ юкини камайтириш, энергетика  тизимини ривожлантириш  борасида  кенг  кўламли  ишлар  амалга оширилиши таъкидланди.

      Умуман, Мурожаатномада илгари сурилган ҳаётбахш ташаббуслар,белгилаб берилган  долзарб  вазифалар ҳалқимизни рози   қилиш, янги Ўзбекистонни барпо этиш, юртимизда   учунчи Ренессанс  пойдеворини  қуришдек  эзгу мақсадларимизга хизмат қилади. Зеро, Президентимиз  таъкидлаганидек, қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан  ҳеч қачон ортга  қайтмаймиз. Кўзланган марраларимизга, алббата, етамиз.

Фарғона вилоят маъмурий

суди судьяси Н.Хаджиматов

Ерга оид хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир

Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритган илк даврлардан бошлаб мамлакатда хусусий мулкнинг давлат томонидан ҳуқуқий кафолатланишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин” деган қоида бежиз киритилмаган.

Мустақиллик йилларида хусусий мулк ҳуқуқини химоя қилиш борасида давлат томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Мулкдорлар ҳуқуқларини химоя қилишнинг ҳуқуқий базаси ва механизми яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ерга оид муносабатларда хусусий мулк институтининг жорий этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонларига хусусий мулк ҳуқуқи асосида эга бўлиш имкониятини яратди. Бу қоида шуни англатадики, эндиликда хусусий мулк ҳуқуқини таъминлаш юзасидан қабул қилинган ҳар қандай норматив ҳужжатлар хусусийлаштирилган ер майдонларига нисбатан хам татбиқ этилади.

Ерга ҳусусий мулк мақомини бериш борасидаги қонунчилик асосларини яратишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги
ПФ-6243-сонли “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Жумладан, Фармоннинг 6-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кириш вазифаси юклатилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил
15 ноябрь куни имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.             

Қонуннинг 10-моддасига асосан, хусусийлаштириш объектлари сифатида юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари кўрсатиб ўтилди.

Қонуннинг мазкур нормасига асосан фуқаролар ўзарига якка  тартибда уй-жой қуриш, ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, фуқаролар бўш турган ер участкаларини хам электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиб олишлари мумкин.

Энг муҳим жиҳат шундаки, Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ “Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектларидир.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва қонунга мувофиқ давлат томонидан ҳимоя қилинади” деб белгиланди.

Қонуннинг 31-моддасида эса “Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш” деб кўрсатилган.

Таъкидлаш керакки, айни қонун амалга киритилгунга қадар мавжуд бўлган тартибга мувофиқ, ер давлат мулки ҳисобланган. Бу эса, айрим ҳолларда давлат мулки ҳисобланган ер майдонларини олиб қўйишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонида жойлашган бино-иншоотларга доир мулк ҳуқуқининг бузилишига олиб келган.

Эндиликда Қонун талабига кўра, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорлардан олиб қўйилиши мумкин эмас, фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сотиб олиниши мумкин.

Ер қонунчилигига киритилган мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини самарали химоя қилиш, ерни хусусий мулк сифатида эътироф этиш ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашдан иборатдир.     

Фарғона вилоят маъмурий

суди судьяси Н.Хаджиматов

Хусусий мулк ҳуқуқига нисбатан чекловлар бекор қилинди

Сир эмас мамлакат ёки жамият иқтисодиётининг негизини  мулкчилик ташкил қилади. Давлат ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулкларнинг кимга тегишли эканлиги билан белгиланади.

Мамлакатимизда сўнг йилларда мулкий ҳуқуқларни ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкчиликни янада ривожлантириш, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат раҳбари ва ҳукуматининг 300 дан ортиқ ҳужжатлари қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорликка давлат томонидан аралашувларга барҳам бериш, уларни эркин фаолият олиб боришига шароит яратиш, хусусий мулкнинг дахлсизлиги таъминлаш масаласига устивор вазифаси сифатида қарайди. 

Бу борада ҳар йилнинг август ойида давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотўтказиши анъанага айланиб улгурди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш масаласи кун тартибининг асосий масаласи этиб белгиланди.

Очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Республика Президенти томонидан 2022 йил 24 августда “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-198-сонли қабул қилинди.

Фармонга кўра, хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қандай тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинмоқда. Келинг, шу ҳақда сўз юритсак.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида:

ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш;

ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш;

юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш;

ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериштартиби бекор қилинди.

б) турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида:

турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш,

суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;

в) жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида

мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш;

г) корпоратив муносабатлар соҳасида:

давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти;

юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти бекор қилинди.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирлар орқали мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш – демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир. 

Фарғона туманлараро маъмурий 

суди судьяси С.Шокиров

Текширув ўтказиш тартиби тадбиркорлар фойдасига такомиллаштирилди

Мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида тараққиётнинг энг муҳим йўналишларидан бири бу – тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобланади.

Охирги йилларда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинди. Рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишлар қисқартирилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” дастурлари тадбиркорлик истаги бўлган фуқароларимизни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Натижада, янги ташкил этилган субъектлар сони кун сайин кўпаймоқда.

Сир эмас қадимий тарихдан замонавий давргача тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунларга риоя қилиши давлат томонидан назорат қилиб келинган. 

Давлатимиз раҳбари тадбиркорликка давлат томонидан аралашувларга барҳам бериш, уларни эркин фаолият олиб боришига шароит яратиш, хусусий мулкнинг дахлсизлиги таъминлаш масаласига устивор вазифаси сифатида қарайди. Бу борада ҳар йилнинг август ойида давлат раҳбарининг очиқ мулоқот орқали тадбиркорларни шахсан қабул қилиши анъанага айланди.

Хусусан, яқинда қабул қилинган Президентимизнинг 2022 йил 
13 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-374-сонли қарори тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг изчил давомидир.

Хўш, янги қарорга кўра, тадбиркорлик субъектлари учун  текширувлар ўтказиш тартибида қандай енгилликлар берилмоқда.

Назорат қилувчи органлар томонидан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритилади.

Назорат қилувчи органлар:

“хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади;

тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас;

тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирларини Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган режа-графиклар асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, «очиқ эшиклар куни» тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида амалга оширади.

Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:

текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда;

текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида;

улар текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида.

2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ушбу тадбирлар фуқароларда тадбиркорликка ишонч ва иштиёқ уйғотишга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Фарғона туманлараро маъмурий 

суди судьяси С.Шокиров

Одил судлов орқали инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари муҳофазасини кучайтириш.

Суд одил судловнинг олий нуқтаси, шу сабабли унинг ролини ошириш эса ҳуқуқий давлат барпоэтиш йўлидаги қонуний жараён ҳисобланади, айнан шундай ёндашув туфайли суд-ҳуқуқтизимида охирги беш йил мобайнида амалгаоширилган ислоҳотларга назар ташлайдиганбўлсак, ушбу даврни ҳеч иккиланмасдан суд-ҳуқуқтизимини ислоҳ этишнинг янги даври деб аташмумкин, боиси ушбу даврда суд-ҳуқуқ тизиминилибераллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигиниянада мустаҳкамлаш, одил судлов сифати васамарадорлигини ошириш, суд ҳимоясинитаъминлашда ортиқча бюрократик тўсиқлар ватизимда мавжуд бир қатор камчиликларнибартараф этиш, соҳани ислоҳ этиш, маъмурийқонунчилигида инсонпарварлик тамойиллариникучайтиришга йўналтирилган ишларнинг кўламива миқёси ниҳоятда кенгайиб, янги босқичларгакўтарилиб, дадил қадамлар ташланди.

Хусусан, ислоҳотлар самараси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги                                          ПФ-4966-сонли Фармони асосида маъмурий судлар ташкил этилиб, улар зиммасига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришдек ғоятда муҳим ҳамда масъулиятли вазифа юкланганди.

Кейинчалик, маъмурий судлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони билан такомиллаштирилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди, бунда асосий эътибор нафақат судларга бўлган ташқи таъсир ва аралашувларни бартараф этиш, балки мазкур тоифадаги ишларнинг ҳажмидан келиб чиқиб, бутун республика бўйича судьялар ўртасида адолатли иш ҳажмини тақсимлашга ҳам қаратилди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг                               9 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездидаги маърузаларида одил судлов, инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқлари олий қадрият сифатида, 
суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг асосий мазмуни бўлиб қолиши, мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизими такомиллаштирилиши, бу борада маъмурий судларнинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида, унинг ваколатлари кенгайтирилиши, шунингдек маъмурий судларга давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколати берилишини таъкидлаб ўтишганди, шундан келиб чиқиб, давлат органлари томонидан фуқаро ёки юридик шахс ҳуқуқлари бузилганда, уларни маъмурий суд томонидан самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи бир қатор омиллар мавжудлиги инобатга олиниб, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш мақсадида 2022 йил 29 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончнини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарорга асосан маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш белгиланди.

Шунингдек, тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш, судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш ҳамда маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланди.

Бундан ташқари жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг  2022 йил 28 январь кунги ПФ-60-сонли Фармонлари билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.

Мазкур Фармонда қайд этилганидек, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш назарда тутилди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, келгусида ушбу Фармон ва Қарордан келиб чиққан ҳолда қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади ҳамда энг асосийси ушбу ўзгартишлар инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, ишларни судда кўриш сифатини оширишга хизмат қилади.

Фарғона вилоят маъмурий

суди судьяси Н.Хаджиматов

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленум

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги “Маъмурий органлар ваулар мансабдор шахсларининг қарорлариҳаракатлари (ҳаракатсизлигиустидан шикоятқилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйичасуд амалиёти ҳақида”ги 24-сонли қарори мазмун-моҳияти

​Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси қабул қилиниши, шунингдек, судлар томонидан маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мазкур қарорида бир қатор юридик терминлар тушунчаларига таъриф берилиб, амалиётда уларни қандай тушуниш ва ишлатилиши ҳақида маълумотлар келтирилади.

​Жумладан: биринчидан, маъмурий органлар деганда, давлат бошқаруви органлари ва уларнинг ҳудудий органлари, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, маъмурий-бошқарув ваколати берилган бошқа ташкилотлар ва махсус ташкил этилган комиссиялар тушунилади. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги ПФ-3358-сонли Фармони билан тасдиқланган Республика давлат бошқаруви органлари рўйхатида кўрсатилган вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, марказлар, инспекциялардир.

Иккинчидан, маъмурий органлар мансабдор шахслари деганда, ҳокимият вакили вазифасини бажарадиган ёхуд мазкур органларда маъмурий-бошқарув (ташкилий-фармойиш бериш) вазифасини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахслар тушунилади. Яъни мазкур шахснинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаради.

Учинчидан, манфаатдор шахс деганда, маъмурий органнинг қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қаратилган фуқаро ёки юридик шахс ёхуд бундай қарор, ҳаракат (ҳаракатсизлик) ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл этган бошқа шахс тушунилади. 

Тўртинчидан, қарор деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан якка ёки коллегиал тарзда қабул қилинган ва муайян ҳуқуқий оқибат туғдирувчи ҳужжат тушунилади. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, қарорлар белгиланган шаклда (масалан, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари қарорлари) ёки эркин тарзда (масалан, фуқаронинг мурожаатини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ёзма хабар) қабул қилиниши мумкин. Демак, фуқаро туман, шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилса-ю, ҳокимликнинг фуқарони мурожаатини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги ёзма хабари чиқарилса, фуқаро мазкур ёзма хабар устидан ҳам қарор сифатида эътироз билдириш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Бешинчидан, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари деганда, қарор шаклида ифодаланмаган бўлса ҳам, бироқ манфаатдор шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузилишига олиб келган ёки уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган юридик аҳамиятга эга фармойишлар тушунилади. Мисол учун фуқаро танлов асосида маълум миқдорда ер майдони ютиб олган ва танлов баённомасида мазкур ер майдони учун қарор чиқариб бериш ҳокимлик зиммасига юклатилган бўлса, лекин ҳокимлик мансабдор шахси томонидан мазкур ер майдонига қарор чиқариб берилмаган тақдирда, фуқаро мансабдор шахснинг ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиши тушунилади.

Олтинчидан, ҳаракатсизлик деганда, маъмурий орган ёки унинг мансабдор шахси зиммасига норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар (лавозим йўриқномалари, низомлар, регламентлар, буйруқлар) билан юклатилган мажбуриятни бажармаслик тушунилади.

Бундан ташқари, мазкур Пленум қарорида қонун ҳужжатларига кўра текширилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мутлақ ваколатига кирадиган давлат органлари қарорлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида устидан судга шикоят беришнинг бошқача тартиби назарда тутилган қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) МСИЮтК 23-бобида белгиланган тартибда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмайди.

Хусусан, маъмурий органлар мансабдор шахсларининг жиноят иши ёхуд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, тегишлича, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда шикоят қилинади.

Шу билан бирга, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари мансабдор шахсларининг ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ҳақидаги қарорлари ва ҳаракатлари МСИЮтК 23-бобида назарда тутилган тартибда низолашилиши мумкин, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 542-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилинадиган масалалар бундан мустасно эканлиги белгилаб қўйилган.

Фарғона вилоят маъмурий

суди судьяси Н.Хаджиматов

Skip to content