ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИГА ОДИ МАСАЛАЛАР

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.
Бундан ташқари, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида бу борадаги хайрли ишларни изчил давом эттириш ва юқори босқичга кўтариш билан боғлиқ муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш мақсадида маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, бу йўналишда давлат ва жамият институтларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, фуқароларга ҳуқуқий таъсир кўрсатиш, шу жумладан, ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш билан боғлиқ чораларни қўллашда қонунийликни сўзсиз таъминлаш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш орқали жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳам устуворлик берилган.
Жиноий қонунчиликни либераллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш билан бирга қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш ва ушбу йўналишда махсус қонун қабул қилиш, жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид нормаларни қўллаш жараёнидаги инсон омилини бартараф этиш масалалари ҳам Тараққиёт стратегиясининг муҳим мақсадлари этиб белгиланган.
Келгусида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ташкил этилаётган мониторинг ташрифлари орқали у ердаги шароитларни халқаро стандартларга мослаштиришга эътибор янада кучайтирилади. Қолаверса, қийноққа учраган шахсларга амалий кўмак кўрсатиш, қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш ҳамда унинг тартибини ишлаб чиқиш борасида қатор вазифалар белгиланган. Бу жуда муҳим. Зеро, ҳар қандай жабрланувчи қийноқ ёки шафқатсиз муомала учун тезкор, адолатли ва тенг компенсация олиш ҳуқуқига эга.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида яна бир муҳим мақсадлардан бири сифатида давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш вазифаси белгиланган. Бунда асосий эътибор вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили асосида фуқарога хизмат қилишга йўналтиришга қаратилган.

Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси
Касимов Жамолхон Одилович
Фарғона вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси

Ахмаджонов Хусниддин Мухаммадрахим ўғли