Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.
Қонун (ЎРҚ–810, 16.12.2022 й.) билан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»га ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказиш белгиланди.
Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланганда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилгандан эътиборан 48 соатда уни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномага муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни аниқлаган мансабдор шахснинг шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги, тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи раҳбари томонидан тасдиқланган қарори, яшаш манзиллари (манзиллар бўйича бюро) ҳақида ахборот берувчи органнинг маълумотномаси, шунингдек муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги яшаш жойини текшириш натижалари тўғрисидаги маълумот, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг тушунтириши ёки бундай шахс томонидан тушунтириш бериш рад этилганлиги тўғрисида тегишли тарзда тузилган далолатнома, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тўғрисида тиббий маълумотнома, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённомалар илова қилинади, шунингдек, юқорида кўрсатилган илтимосномага уни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши ва ушбу билан илтимоснома тегишли тартибда асосланиши мумкин.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.
Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади. Суд мажлисида ўзига нисбатан иш материали кўрилаётган шахс ва ички ишлар ходими иштироки мажбурийдир, шунингдек, адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.
Судья томонидан илтимоснома тегишли тартибда қаноатлантирилиши ёки қаноатлантиришдан рад этилиши мумкин.
Илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда, судья томонидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ушбу қарорнинг ижроси зудлик таъминланиши шарт.
Шунингдек, суднинг қарори устидан апелляция тартибида шикоят (протест)берилиши мумкин.
И.Садриддинов
Фарғона вилоят маъмурий
судининг судья катта ёрдамчиси
О.Абдусатторов
Фарғона вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси






