Коррупция – тараққиёт кушандаси

Давлат ва жамиятнинг тараққиёти, унда яшайдиган инсонлар фаровонлиги турли омилларга боғлиқ. Мазкур омиллар у ёки бу даражада жамиятда қарор топган ижтимоий тизимнинг харакатерини очиб беради, жамиятнинг тараққий топиши ёки таназзулга юз тутишида асосий сабаб бўлиб хизмат қилади.

Масалан, жамиятни таназзул сари етакловчи, маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлувчи иллат коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум. Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли. Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлиги вазифасига киришиши билан имзо чеккан энг биринчи ҳужжат «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди. Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга.

Жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармони, унда белгилаб берилган чора-тадбирлар, мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, келгусида ҳар бир соҳа ва давлат органида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилган.

Фармоннинг 1-бандига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилгани, Фармоннинг 3-бандига кўра эса 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилгани, мазкур тадбирлар натижасида ҳар бир давлат идорасида коррупцион ҳаракатларни чеклаш имконини берувчи жамоатчилик ва ички назорат функциялари кучайтирди.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш фаолияти нафақат бу соҳага масъул идораларнинг фаолияти билан, балки бутун жамият, ҳар бир жамоа ва фуқаронинг виждон талаби, қалб амрига айлангандагина бу иллатнинг жамият тараққиётига салбий таъсирини минималлаштириш мумкин.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Р.Юлдашев