Маъмурий суд нега тақдимнома киритади?

Бирор бир жиноят ёки қонунбузилиши ўз-ўзидан содир бўлмайди. Уни келтириб чиқарувчи омиллар бўлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ваколатли органлар томонидан чиқарилаётган тақдимномалар аслида огоҳлик сабоғи бўлиши керак. Аммо айрим ташкилотлар, мутасадди раҳбарларнинг бу борада бефарқлилиги кузатилмоқда. Шуни эътиборга олиш керакки, тақдимнома жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан киритилади.

Хўш, бугунги кунда судлар томонидан қандай тақдимномалар чиқарилмоқда ва унга масъулларнинг муносабати қай даражада? 
Жорий йилнинг 9 ойи давомида Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан кўриб чиқилган ишлар бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан корхона, ташкилот, идораларга нисбатан 3 та тақдимнома, 298 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Хусусан, Ўзбекистон тумани ҳокими томонидан ерни захирага олиш, ажратиш ҳамда ижарага беришда жуда кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани ҳолати аниқланганлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш ва муҳокама қилиш учун вилоят маъмурий суди томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига тақдимнома  киритилган. Мазкур тақдимнома Кенгаш сессиясида кўриб чиқилиб, унга кўра, ер муносабатларини тартибга солиш, ерга оид қонунларни қўллашда йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилинган.    
Шунингдек, Олтиариқ тумани ҳокимлигининг қарорлари суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши бошқа туман (шаҳар) ҳокимликларига нисбатан юқори салмоқни ташкил этганлиги ва туманда ерга оид қонун ҳужжатларини қўллашда кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги сабабли вилоят маъмурий суди томонидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашига муҳокама қилиш ва чора-тадбирлар белгилаш учун 2021 йил 25 июнь куни тақдимнома киритилган.
–Бундан ташқари, вилоят маъмурий суди томонидан суд мажлиси жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар (Олтиариқ, Қува, Бешариқ, Фарғона туманлари ва Қувасой шаҳар) мансабдор шахсларига нисбатан текшириш ўтказиш ва қатъий чоралар кўриш юзасидан прокуратура органларига 6 та хабарномалар юборилган, – дейди вилоят маъмурий суди раиси Дониёрхўжа Маҳаматов. –Чиқарилган хусусий ажримлар натижасида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги сабабли кадастр органларида фаолият юритаётган 7 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Ҳозирги кунга қадар мазкур чиқарилган  298 та хусусий ажримларнинг 269 тасига белгиланган тартибда жавоб хатлари берилган бўлсада, бироқ 19 та муддати ўтган хусусий ажримларнинг ижроси бўйича шу кунга қадар судга маълумотлар тақдим этилмаган. Хусусан, “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалигининг Олтиариқ туман ҳокимининг 2021 йил 27 январь кунги 26-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси бўйича Фарғона вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг                    2021 йил 11 май кунги қарори билан биринчи инстанция суди томонидан Олтиариқ тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан ер билан боғлиқ муносабатларга оид қонунларнинг бажарилишида кўплаб қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги сабабли уларнинг ҳаракатларига тегишли муносабат билдириш учун Олтиариқ туман ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди. Хусусий ажрим Фарғона вилояти ҳокимлигига муҳокама, чора кўриш ва келгусида қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш учун юборилган.
Маъмурий органлар, хусусан, туман, шаҳар ҳокимликлари мансабдор шахслари томонидан суд ҳужжатлари ижроси тўлақонли бажарилмаяпти. Шуни унутмаслик керакки, тақдимнома ёки хусусий ажрим бажарилмаган ёки виждонан бажарилмаган тақдирда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг айбдор раҳбари қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.

Д. Махаматов
М. Сулаймонов