Суд мажлисида оммавий ахборот вакиларининг иштироки.
Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур ва шарт
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда суд ҳокимияти органлари фаолиятининг ижтимоий аҳамиятига баҳо бериш, уларнинг очиқлиги, ривожланиш динамикаси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда турли ижтимоий институтлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги катта ҳажмдаги ахборот, маълумотларни кенг жамоатчиликка осон ва қулай, тушунарли тарзда етказиш учун оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Суд мажлисларини ёритишдаги процессуал тартиб-таомиллар, журналистларнинг суд биносига кириши, суд муҳокомаси залида ҳозир бўлиши ва суд мажлисини қайд қилишига оид қоидалар, очиқ ва ёпиқ суд мажлисларида иштирок этиш талаблари, унда фото, видео ва киносъёмка қилиш, интернетда ёритишдаги чеклашлар доираси, суд жараёнларини ёритиш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил
21 февралдаги“Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли Пленум қарори билан тартибга солинган.Оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас. Судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.
Суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланади.
Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги ажрим эълон қилингунга қадар процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиши мумкин эмас. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги қарор ишни суд муҳокамасига тайинлаш чоғида қабул қилинган ҳолларда, процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига киритилмайди.
Очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан;
очиқ суд мажлисида аудиоёзувни амалга оширишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
фуқаролик ишини кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида – суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.
Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса аудиоёзув олиб боришлари мумкин.
Шуни назарда тутиш лозимки, суд мажлисида қатнашиш учун келган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд биносига кириши суднинг ички фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар билан ўрнатилган қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда таъминланиши лозим.
Суд мажлисларининг жамоатчилик учун очиқ ва ошкора ўтказилиши тамойили қонун устувор бўлган тизимнинг асосий шартларидан биридир. Ҳорижий давлатларнинг суд ҳокимият билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик амалиёти ўрганилганди Германия давлатида суд ўта жиддий сабабсиз матбуот вакилини суд процессидан чиқариб юбориши мумкин эмас. Масалан, мухбир бир неча марта иш тартибини бузиб, ўзини одобсиз тутганида бунга йўл қўйилиши мумкин. Бироқ, агар у аввалги суд жараёни юзасидан шарҳида суд ва судьяларни бир неча бор ва кескин танқид қилган бўлса ҳам, суд уни процессда иштирок этишдан маҳрум эта олмайди. Ўз-ўзидан маълумки, матбуот эркинлиги ҳуқуқи ҳодисаларни сидқидилдан, масъулият билан ёритишни кўзда тутади ва Германияда ушбу жиҳатлар Федератив Республиканинг турли штатлари матбуот тўғрисидаги қонунларига ҳамда Матбуот ишлари бўйича Германия Кенгашининг Уставига киритилган. Мазкур қоидаларга мувофиқ, жиноий тергов ишлари ва суд процесслари бировга ён босмай, холисона, оддий гумондор ва ҳукм қилинганлар ўртасида аниқ фарқ мавжудлигини кўрсатиб (айбсизлик презумпцияси қоидаси ҳар қандай шароитда ҳам таъминланиши шарт) ёритилиши; ҳеч бир гумондор унинг айби ва жавобгарлиги тўғрисида суд қарори чиққунига қадар ҳукм қилинган, деб кўрсатилиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, журналист репортаж тайёрлаш жараёнида Германия Конституциясининг 2-моддасида кўрсатилган инсон шаъни, қадр-қиммати ва шахсининг дахлсизлиги ҳуқуқини эътиборда тутиши шарт.
Асосий конституциявий ҳуқуқ ва қадриятлар каби матбуот эркинлиги ва шахснинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқлари — амалда ўзаро тенг мавқега эга ва ҳеч бири иккинчисидан устунликка эга эмас.
Бу, айниқса, суд процессида иштирок этаётган одамлар
исми-шарифини баён этишда ёки фото-видео тасвирга туширишда ўта муҳим. Германия қонунларида матбуот эркинлигини чеклашга оид яна бир хусусият мавжуд: иш олиб бораётган суд процессларини тасвирга тушириш, теле-радио орқали бевосита эфирга узатиш, ҳатто айбланувчилар ёки гувоҳлар, суд процессига жалб қилинган бошқа кишилар рози бўлган ҳолда ҳам тақиқланади.Англияда суд қарорлари тўпламлари чоп этилади. Махсус нашрлар орқали халққа ҳисоботлар бериб турилади. Бу ишни ҳатто хусусий нашрлар ҳам амалга оширади.
Канадада Олий суди раиси қошида ҳуқуқий масалалар бўйича бош котиб вазифасини бажарувчи “Ижро этувчи қонун вакили” ОАВни суд томонидан чиқарилган қарорлардан доимо хабардор қилиб туради. У қабул қилинган қарорларга баҳо бермасдан, чиқарилган қарор моҳиятини тушунтириши, саволларга жавоб бериши, шунингдек суд томонидан амалга оширилган ишнинг аҳамиятини тушунтириши мумкин.
Шуниси қизиқки, Канадада ижро этувчи қонун вакили кўрилаётган иш бўйича келиб чиққан саволларга ишни кўришдан ва қарор ўқишдан олдин матбуот конференцияси ўтказиб, жавоб беради. Лекин барча маълумотлар видео ёки аудио шаклда ёзиб олмаслик шарти билан тақдим этилади, бироқ журналистлар ушбу маълумотлардан расмий ахборот сифатида фойдаланиши мумкин эмас.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатлари жараёнида суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйилиши суд муҳокамасининг ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Нозимахон Тожиева
Судья ёрдамчиси Фаризода Абдубоисова