Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, уларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини қонунчиликда янада мустаҳкамлаш, одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ўз навбатида, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, мавжудларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонунчилик ҳужжатларини бекор қилишни тақозо этади.
Бунда ўзгартирилаётган ёки янги кириталаётган норматив қоидаларнинг Конституциявий асосини яратиш эса мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барқарорлигини таъминлайди.
Ўтган беш йил давомида Ҳаракатлар стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш устувор йўналиши бўйича белгиланган вазифалар ижросига эришилди десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни (2021-йил 28-июл) қабул қилиниши ҳамда судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби, судьяларнинг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судьяларнинг ва улар оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий таъминоти ва бошқа шу каби Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган муҳим тадбирлар алоҳида қоида сифатида ушбу қонунда ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026-йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” иккинчи устувор йўналиш сифатида мустаҳкамаланган бўлиб, мазкур йўналишда асосий мақсадлардан бири давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз бериши” белгиланган.
Юқоридаги нормани амалда қўллаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳада конституциямиз муқаддимаси, шунингдек, асосий принциплар, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс, маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибига оид муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар назарда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХХII боби Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида:
Конституциянинг 109-моддаси 7-бандини қуйидаги мазмундаги
7 ва 8-бандлар билан алмаштириш:
“7) фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқади;
8) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади”;
Конституциянинг 111-моддаси биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш:
“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг Конституциявий принсипига риоя этилишини таъминловчи мустақил органидир”;
Конституциянинг 112-модда биринчи қисмидаги “одил судловни амалга ошириш борасидаги” деган сўзларни чиқариб ташлаш, мазкур моддани “Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин” мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдириш, “Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин” мазмунидаги қисмини чиқариб ташлаш;
Конституциянинг 116-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилган:
“116-модда. Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилади.
Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принсипларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга ёʻл қўйилмайди”.
Юқорида қайд этилган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда бошқа соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳам ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмоқда ҳамда бу борада стратегик ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Лойиҳада келтирилган таклифлар фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончининг ортишига, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга, қонунбузилиш ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш иккинчи устувор йўналиш сифатида белгилангани бежиз эмас. Зеро, давлат ва жамиятни тубдан модернизатсия қилишда, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупсияга қарши самарали курашиш муҳим аҳамият касб этади. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Маълумки, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларатсиясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғота олади. Бу жиҳатдан Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 29-декабр куни Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида таъкидланганидек, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида стратегик аҳамиятга эга муҳим қадам ташланди.
Жумладан, судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида, Судьялар олий кенгаши ташкил қилинди. Шунингдек, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди. Ҳудудлардаги хўжалик судлари иқтисодий судлар сифатида қайта ташкил этилди, 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ишларни биринчи инстансияда кўриб чиқиш ваколати берилди. Судья лавозимида фаолият юритишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва муддатсиз даври белгиланди. Судларнинг ўз молиявий, моддий-техник масалаларини мустақил ҳал қилиш борадаги ваколатлари адлия органларидан олиниб, Олий судга ўтказилди. Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Шахснинг жиноят содир этишдаги айбдорлиги фақат суд муҳокамасида ўз исботини топган далилларга асосланиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилди. Қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатлари қатъиян тақиқланди.
Судда ишларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди. Судлар фаолиятининг шаффофлиги, очиқлиги йўлида 10 мингдан ортиқ жиноят иши сайёр суд муҳокамаларида кўриб чиқилди. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ва дастлабки терговнинг энг юқори муддатлари камайтирилди.
Судьяликка номзодларни танлов асосида ишга қабул қилиш механизми жорий этилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини онлайн ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга ошириладиган бўлди. Албатта, малакали ва етук судьялар корпусини ҳамда суд аппарати ходимларини тайёрлашнинг янги тизими жамиятда суд идораларига бўлган ишончни ошириш, адолат барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, том маънода судни “Адолат қўрғони”га айлантириш ҳамда одил судловнинг юқори даражага кўтарилишига хизмат қилади.
Шунингдек, инвеститсиявий низолар ва рақобатга оид ишлар фақат иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган бўлди. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Энди, бундан буён прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, суд ишларини юритишда назорат инстансияси тугатилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “Бир суд – бир инстансия” тамойили, шунингдек, туманлараро судларнинг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстансия суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати томонидан апеллятсия тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.
Айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилинди. У мамлакатда жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигининг татбиқ этилиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси юқори поғонага кўтарилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, Бош прокурор ва ўринбосарларининг суднинг қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор бўлди. Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар (рейтинг дастури) амалиётга татбиқ этилди. Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупсиянинг олдини олиш мақсадида тузилган суд инспексияси, шубҳасиз, судьялар дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитатсия асосларига кўра, жиноят иши тугатиладиган бўлди.
Бугун мамлакатнинг суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, айниқса, аёл судьяларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳамда ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасида тизим йўлга қўйилди. Конституциявий ҳуқуқни амалда таъминлаш мақсадида яратилган ушбу тизим қисқа муддатда ўз натижасини бера бошлади.
Ўтган 4 йил мобайнида 2770 нафар, 2020-йилда 781 кишига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, 3434 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 5958 фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловлардан чиқарилди ёки ўзгартирилди. Бу, шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган улкан ютуқлардан биридир.
Мамлакатимизда судларни янада ихтисослаштириш, маъмурий судларни ташкил этиш, ихтисослашган судьяларни қатъий сақлаб қолган ҳолда ягона суд тизимини жорий этиш бўйича дадил қадамлар ташланди. Кейинги тўрт йилда қабул қилинган кўплаб қонун ҳужжатлари «Янги Ўзбекистон — янги суд» даврини бошлаб берди.
Президентимиз томонидан имзоланган янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги қонун юқорида қайд этилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми, қонуний асоси бўлди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг судья ёрдамчиси А.Бурхонов