Референдумда овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масаланинг матни аниқ акс эттирилади ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари «ҳа» ёки «йўқ» ёхуд «рози» ёки «қарши» деб кўрсатилади.
Референдумга бир нечта масала қўйилганда улар битта овоз бериш бюллетенига киритилади, кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонтал чизиқлар билан ажратилади. Қонун лойиҳаси бирон-бир моддасининг муқобил матнлари ҳам кетма-кет рақамлаб чиқилади ва бири иккинчисидан горизонтал чизиқлар билан ажратилади.
Овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак.
Бюллетенлар давлат тилида, шунингдек округ комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда чоп этилади.
Овоз бериш бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкин.
Участка комиссиялари овоз бериш бюллетенларини референдум ўтказиладиган кунга, шу жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида 3 кун қолганида округ комиссияларидан олади.
Овоз бериш бюллетенлари берилганлиги ва олинганлигини округ ва участка комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби тегишли ҳужжатда ўз имзоси билан тасдиқлайди.
Участка комиссияси оладиган овоз бериш бюллетенларининг сони участка бўйича рўйхатларга киритилган фуқаролар сонининг ярим фоизидан кўп бўлиши мумкин эмас. Масалан, референдум участкасида жами 50 нафар фуқаро рўйхатга киритилган бўлса, бюллетенлар сони
75 дан ошмаслиги керак.
Овоз бериш бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига референдум ўтказувчи участка комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Участка комиссияси томонидан тасдиқланмаган овоз бериш бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик
ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларидаги овоз берувчилар сони ҳақида Ўзбекистон
Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси овоз бериш бюллетенларининг тайёрланиши ва етказиб берилишини таъминлайди.
Овоз бериш жараёни.
Туман, шаҳар ҳокимлиги овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир участкани бино билан таъминлайди. Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка комиссияси зиммасида бўлади.
Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланган бўлиши, овоз бериш бюллетенлари тақдим этиладиган жой аниқланган ва овоз бериш қутилари ўрнатилган бўлиши лозим.
Овоз бериш қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.
Овоз бериш биносида ёки бевосита унинг олдида участка комиссияси стенд жиҳозлаб, унга овоз бериш бюллетенининг намунаси ва уни тўлдириш тартиби жойлаштирилади.
Агар референдумга қонун лойиҳаси қўйилган бўлса, стендда
шу лойиҳа матни жойлаштирилади. Агар референдумга қўйилган қонун лойиҳаси амалдаги қонуннинг бекор қилинишини ёки унга ўзгартишлар ёхуд қўшимчалар киритилишини назарда тутса, стендга бекор қилиниши, ўзгартирилиши ёхуд қўшимчалар киритилиши таклиф қилинаётган амалдаги қонун матни жойлаштирилади.
Овоз бериш вақти ва жойи.
Овоз бериш референдум куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида 10 кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларида, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, участка комиссияси овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.
Овоз беришнинг бошланиши.
Референдум куни овоз бериш биноси участка комиссияси аъзоларининг камида 2/3 қисми ҳозир бўлгандагина очилади.
Комиссия раиси комиссия аъзолари ҳозирлигида овоз бериш қутисини муҳрлайди, овоз бериш бюллетенлари ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатларини комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда овоз бериш бошланганлигини эълон қилади.
Овоз бериш бюллетенларининг умумий сони алоҳида ҳужжат билан расмийлаштирилади.
Фуқаро овоз бериш биносига келгач, участка комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга овоз бериш бюллетени берилади.
Бирор-бир сабабга кўра рўйхатга кирмай қолган фуқароларнинг фамилиялари шахсни, турар жойни тасдиқловчи ҳужжатга асосан овоз берувчи фуқаролар рўйхати иловасига киритилади.
Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Бунда овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.
Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилиши мумкин.
Фуқаролар овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масала бўйича ўзи овоз бераётган вариант рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «
» ёхуд «х» белгисини қўяди.
Тўлдирилган бюллетен участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб турадиган овоз бериш қутиларига ташланади.
Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.
Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган тақдирда, уларнинг илтимосига кўра референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ана шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этади.
Фуқароларнинг аризалари бўйича йўлга тушадиган участка комиссиясининг аъзолари аризалар сонига тенг миқдордаги бюллетенларни имзо чекиб оладилар.
Фуқаролар аризаларининг сони, шунингдек ишлатилган
ва қайтарилган овоз бериш бюллетенларининг сони алоҳида далолатномада қайд этилади. Бир вақтнинг ўзида овоз берувчи
фуқаролар рўйхатида фуқаро референдум участкаси биносидан
ташқарида овоз берганлиги қайд этиб қўйилади.
Участка комиссияси аъзолари референдум участкаси биносига қайтганларидан кейин кўчма овоз бериш қутиси овозларни санаб чиқиш бошлангунча очилмайди.
Овоз беришни референдум участкаси биносидан ташқарида ташкил этиш ва ўтказиш овоз бериш сирининг ошкор бўлиши ёки фуқаронинг хоҳиш-иродаси бузиб кўрсатилиши эҳтимолини истисно этиши керак.
Участка комиссиясининг аъзоси ёки кузатувчи овоз бериш сирини ошкор қилса ёки фуқароларнинг хоҳиш-иродасига таъсир кўрсатишга ҳаракат қилса, участка комиссиясининг аъзоси комиссия ишида иштирок этишдан четлаштирилади, кузатувчи эса овоз бериш биносидан дарҳол чиқариб юборилади. Бу ҳақда референдум ўтказувчи участка комиссияси қарор қабул қилади.
Муддатидан олдин овоз бериш.
Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
Муддатидан олдин овоз бериш референдумга 10 кун қолганида бошланади ва референдумга 3 кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва фуқароларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига ОАВ орқали етказилади.
Овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш в.ҳ.) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади.
Овоз берувчи референдумда овоз бериш бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида
2 нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди.
Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади.
Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг 2 нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.
Фуқаронинг чет давлатда турган жойида овоз бериши.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш фуқаронинг турган жойида ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик
ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка комиссияси фуқароларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда фуқароларни, кузатувчиларни ОАВ орқали хабардор этади.
Фуқароларнинг турган жойида овоз бериши Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка комиссиясининг камида 2 нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.
Овоз бериш тугаганидан кейин участка комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги овоз бериш бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни пломбалайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.
Овоз бериш бюллетенлари солинган қоп пломбаланган ҳолда далолатнома билан бирга референдум участкасига олиб борилади
ва референдум куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг раиси: Курбанов Солижон Мурадович.