Гендер тенгликни таъминлашни ўзига хо хусусиятлари.

Гендер тенгликни таъминлаш масаласи дунё бўйлаб муҳим аҳамиятга эга. БМТ томонидан қабул қилинган ҳужжатларда, хусусан, 2015 йил қабул қилинган 70-сонли резолюцияда бу ўз ифодасини топган.

БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари” қабул қилинган.

Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад – “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”дир.

Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Ушбу вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек, давлат аҳамиятидаги жамоат ташкилотлари масъул.

2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида миллий қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда “гендер” тушунчасига таъриф берилди. Унга кўра, гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади.

“Гендер” тушунчасининг луғавий маъноси лотинча “genus”, яъни “жинс” маъносини англатади. Агарда, биологик жинс инсонларни аёл ва эркакларга ажратадиган бўлса, гендер – бу аёл ва эркакларнинг жамиятдаги ўрнини ажратишга қаратилган. Жамиятда аёл ва эркакларнинг ўз ўрнини топиши ва белгилаши учун давлат уларга бир хил шароит ва имконият яратиб бериши гендер тенгликни таъминлашда асос бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган ушбу олий юридик кучга эга қонун ҳужжатида қонун ва ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида янги йўналиш – гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий этилди.

Хусусан, гендер-ҳуқуқий эспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш ҳисобланади.

Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида мазкур қонуннинг 4-моддасига мувофиқ қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқлик, жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби принциплар белгиланди.

Гендер-ҳуқуқий эспертизани ўтказиш ваколатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотларга юклатилди. Уларнинг ҳар бири ўз фаолияти йўналишидан келиб чиқиб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг лойиҳаларини таҳлил қилади ҳамда гендер-ҳуқуқий эспертиза хулосасини қабул қилади.

Бундай ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш оқибатлари баҳоланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган, камситиш хусусиятига эга хавфлар аниқланади. Уларни бартараф этишга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқилади.

Қайд этиш керакки, қонун юртимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, унда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳада давлат бошқаруви механизмлари каби масалалар ҳам белгиланди.

Хусусан, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси –хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш. Ушбу соҳадаги давлат дастурларини, миллий ҳаракатлар режаларини ва стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Амалга оширилган ишлар бўйича ҳар йили Олий Мажлисга ахборот тақдим этади. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш ва бу борада халқаро стандартларга риоя этиш соҳасида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорликни амалга оширади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судьяси                                                                   Ш.Ахмеджанова

Конституцион ислоҳотлар нима учун керак?

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституцион ислоҳотлар юзасидан турли фикр ва мулохазалар билдирилмоқда. Мазкур жараёнда барчага тенг яратилган фикр эркинлиги сабабли оддий фуқародан тортиб, мамлакатнинг кўзга кўринган мансабдор шахслари ва олимлари хам бу борада фикрини эркин ва баралла айтмоқда. Албатта, бу борадаги мулоҳазалар турлича ва доим хам бир-бирига мутаносиб эмас.

Биз хам мамлакатнинг амалдаги конституциясига киритилаётган ўзгартиришларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги аҳамиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Маълумки, жамият ва давлат ривожланиб борар экан амалда бўлган қонунлар хам ушбу ўзгариш ва ривожланишга мос тарзда такомиллаштирилишни талаб қилади. Акс ҳолда, замон талабига жавоб бермаган қонун юридик кучга эга ҳисоблансада, амалда жамият ва фуқаролар учун фойдасиз, ишламайдиган қоидага айланиб қолади.

Ўтган сўнгги беш йилликда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.

Жумладан, Конституциянинг 111-моддасида Судьялар Олий кенгашининг мустақиллиги белгиланиб, ушбу модда “Судьялар олий кенгаши – судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органдир” деган тахрирда баён қилинмоқда.

Мазкур киритилаётган ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида собитқадамлигини, судларнинг мустақиллиги конституциявий принцип даражасига кўтарилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Шунингдек, Конституциянинг 112-моддаси 1-қисми тахриридаги “Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади” деган жумладан “одил судловни амалга ошириш борасидаги” деган сўзлар чиқариб ташланмоқда. Яъни, эндиликда судьянинг нафақат одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига, балки умумий фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Шу моддадаги “Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин” деган жумла “Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин” деган жумлалар билан алмаштирилмоқда.

Бугунги кунда, судларга бўлган аҳолининг ишончини янада ошириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, судни чин маънода адолат қўрғонига айлантириш давлатимиз олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ривожланган ҳорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, суд ҳокимиятининг мустақиллиги бошқа ҳокимият тармоқларини тийиб туриш, ҳокимият ваколатларини тақсимлашда адолатга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизга киритилаётган юқоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг муҳим конституциявий принципларини белгилаб беради.

Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда жамият, давлат ва фуқаролар олдида турган энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилаётган нормалари соҳани жахон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович

Ерга оид хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан
2021 йил 6 ноябрь куни инаугурация маросимида сўзланган нутқда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг йўналишлари бўйича тўхталиб, ҳусусий мулк ҳуқуқи устиворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланиши, давлат идораси маълумотига ишониб, мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритган илк даврлардан бошлаб мамлакатда хусусий мулкнинг давлат томонидан ҳуқуқий кафолатланишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин” деган қоида бежиз киритилмаган.

Мустақиллик йилларида хусусий мулк ҳуқуқини химоя қилиш борасида давлат томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Мулкдорлар ҳуқуқларини химоя қилишнинг ҳуқуқий базаси ва механизми яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ерга оид муносабатларда хусусий мулк институтининг жорий этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонларига хусусий мулк ҳуқуқи асосида эга бўлиш имкониятини яратди. Бу қоида шуни англатадики, эндиликда хусусий мулк ҳуқуқини таъминлаш юзасидан қабул қилинган ҳар қандай норматив ҳужжатлар хусусийлаштирилган ер майдонларига нисбатан хам татбиқ этилади.

Ерга ҳусусий мулк мақомини бериш борасидаги қонунчилик асосларини яратишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги
ПФ-6243-сонли “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Жумладан, Фармоннинг 6-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кириш вазифаси юклатилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил
15 ноябрь куни имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.             

Қонуннинг 10-моддасига асосан, хусусийлаштириш объектлари сифатида юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари кўрсатиб ўтилди.

Қонуннинг мазкур нормасига асосан фуқаролар ўзарига якка  тартибда уй-жой қуриш, ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, фуқаролар бўш турган ер участкаларини хам электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиб олишлари мумкин.

Энг муҳим жиҳат шундаки, Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ “Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектларидир.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва қонунга мувофиқ давлат томонидан ҳимоя қилинади” деб белгиланди.

Қонуннинг 31-моддасида эса “Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш” деб кўрсатилган.

Таъкидлаш керакки, айни қонун амалга киритилгунга қадар мавжуд бўлган тартибга мувофиқ, ер давлат мулки ҳисобланган. Бу эса, айрим ҳолларда давлат мулки ҳисобланган ер майдонларини олиб қўйишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонида жойлашган бино-иншоотларга доир мулк ҳуқуқининг бузилишига олиб келган.

Эндиликда Қонун талабига кўра, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорлардан олиб қўйилиши мумкин эмас, фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сотиб олиниши мумкин.

Ер қонунчилигига киритилган мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини самарали химоя қилиш, ерни хусусий мулк сифатида эътироф этиш ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашдан иборатдир.     

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев 

Конституцион ислоҳотлар нима учун керак?

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституцион ислоҳотлар юзасидан турли фикр ва мулохазалар билдирилмоқда. Мазкур жараёнда барчага тенг яратилган фикр эркинлиги сабабли оддий фуқародан тортиб, мамлакатнинг кўзга кўринган мансабдор шахслари ва олимлари хам бу борада фикрини эркин ва баралла айтмоқда. Албатта, бу борадаги мулоҳазалар турлича ва доим хам бир-бирига мутаносиб эмас.

Биз хам мамлакатнинг амалдаги конституциясига киритилаётган ўзгартиришларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги аҳамиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Маълумки, жамият ва давлат ривожланиб борар экан амалда бўлган қонунлар хам ушбу ўзгариш ва ривожланишга мос тарзда такомиллаштирилишни талаб қилади. Акс ҳолда, замон талабига жавоб бермаган қонун юридик кучга эга ҳисоблансада, амалда жамият ва фуқаролар учун фойдасиз, ишламайдиган қоидага айланиб қолади.

Ўтган сўнгги беш йилликда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судларга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.

Жумладан, Конституциянинг 111-моддасида Судьялар Олий кенгашининг мустақиллиги белгиланиб, ушбу модда “Судьялар олий кенгаши – судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органдир” деган тахрирда баён қилинмоқда.

Мазкур киритилаётган ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида собитқадамлигини, судларнинг мустақиллиги конституциявий принцип даражасига кўтарилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Шунингдек, Конституциянинг 112-моддаси 1-қисми тахриридаги “Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади” деган жумладан “одил судловни амалга ошириш борасидаги” деган сўзлар чиқариб ташланмоқда. Яъни, эндиликда судьянинг нафақат одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига, балки умумий фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Шу моддадаги “Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин” деган жумла “Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин” деган жумлалар билан алмаштирилмоқда.

Бугунги кунда, судларга бўлган аҳолининг ишончини янада ошириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, судни чин маънода адолат қўрғонига айлантириш давлатимиз олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ривожланган ҳорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, суд ҳокимиятининг мустақиллиги бошқа ҳокимият тармоқларини тийиб туриш, ҳокимият ваколатларини тақсимлашда адолатга эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизга киритилаётган юқоридаги ўзгаришлар Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг муҳим конституциявий принципларини белгилаб беради.

Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда жамият, давлат ва фуқаролар олдида турган энг муҳим ҳамда кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилаётган нормалари соҳани жахон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович

Коррупция – тараққиёт кушандаси

Давлат ва жамиятнинг тараққиёти, унда яшайдиган инсонлар фаровонлиги турли омилларга боғлиқ. Мазкур омиллар у ёки бу даражада жамиятда қарор топган ижтимоий тизимнинг харакатерини очиб беради, жамиятнинг тараққий топиши ёки таназзулга юз тутишида асосий сабаб бўлиб хизмат қилади.

Масалан, жамиятни таназзул сари етакловчи, маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлувчи иллат коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум. Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли. Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлиги вазифасига киришиши билан имзо чеккан энг биринчи ҳужжат «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди. Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга.

Жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармони, унда белгилаб берилган чора-тадбирлар, мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, келгусида ҳар бир соҳа ва давлат органида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилган.

Фармоннинг 1-бандига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда (кейинги ўринларда — давлат органлари ва ташкилотлари) ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилгани, Фармоннинг 3-бандига кўра эса 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида мавжуд штат бирликлари доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилгани, мазкур тадбирлар натижасида ҳар бир давлат идорасида коррупцион ҳаракатларни чеклаш имконини берувчи жамоатчилик ва ички назорат функциялари кучайтирди.

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш фаолияти нафақат бу соҳага масъул идораларнинг фаолияти билан, балки бутун жамият, ҳар бир жамоа ва фуқаронинг виждон талаби, қалб амрига айлангандагина бу иллатнинг жамият тараққиётига салбий таъсирини минималлаштириш мумкин.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Р.Юлдашев

Кўзга кўринмас фирибгарлар ёки “Сиз катта ютуқ соҳибига айландингиз”

Замон шиддат билан ривожланмоқда. Ахборот-технологиялар, интернет, ижтимоий тармоқлар ва электрон пул ўтказмалари турмуш тарзимизнинг бир қисмига айланиб улгургани бор гап. Ушбу омиллар инсоннинг турмуш тарзи, касби ва кундалик хаётида қатор қулайликларни келтириб чиқардики, ижобий жиҳатлар тўғрисида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.          

Бироқ, бугун биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу интернет тармоғи ёки у билан боғлиқ бошқа тармоқларнинг фойдали жиҳатлари эмас, балки мазкур тармоқлар фаолияти ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзининг ғараз ниятларини амалга ошириб келаётган айрим шахслардир.

Афсуски, кўпчилик ижтимоий тармоқлар орқали юборилган “сиз фалон миллион сўм ютуққа эга бўлдингиз” деган хабарни кўриши билан шошиб қолади. Табиийки бу хабарни ким юборганию, манбаанинг ишончлилигини текшириб кўриш хаёлига хам келмайди. Тезроқ хабарда кўрсатилган ютуқни олиш пайида бўлади.

Мазкур хабарлар асосан, одамларни ишонтириш мақсадида, канал ёки компаниялар расмий номининг бир оз ўзгартирилган шаклидан фойдаланган холда юборилади. Масалан, “Payme” расмий иловасидан “Сиз 50 миллион сўм бонусга эга бўлдингиз” деган хабар келади. Бундай ютуқдан эсанкираб қолган фуқаро хабар юборилган интернет манзилининг тўлиқ номи “Paymetk.uz” эканига эътибор қаратиб хам ўтирмайди.

Сайтга киришингиз билан сиздан ютуқни пул ўтказмаси орқали олишингизни таъминлаш мақсадида, пластик карта рақамингиз ва унинг амал қилиш муддатини кўрсатиш сўралади. Сиз ушбу маълумотларни киритишингиз билан, уяли телефонингизга СМС хабарнома орқали код юборилади. Албатта, сиздан мазкур код рақамини сайтда ёзишингизни сўровчи электрон ойна пайдо бўлади. Ваъда қилинган 50 миллионни тезроқ олиш мақсадида кодни ёзиб юборасиз.

Ва ниҳоят, энг қизиқ жойи! Пластик картангизда мавжуд маблағ қаергадир ғойиб бўлади. Пластик картангизда маблағ йўқ бўлса ёки жуда кам миқдорда маблағ бўлса, сизни “лох” қилмоқчи бўлганлар устидан мийиғингизда кулиб қўясиз. Акс холдачи?!

Унутмаслик керакки, сизнинг пластик картангизга пул ўтказиш учун хеч қачон унинг амал қилиш муддати ёки юборилган СМС хабарнома керак бўлмайди. Бундай маълумотлар сиздан сўраляптими, билингки сиз ФИРИБГАРлар тузоғига яқинсиз.

Афсуски, мана шундай кўзга кўринмас фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз мингларча топилади. Инсонларнинг ҳалол топган пулини алдов йўли билан қўлга киритиш ва бу орқали бойлик орттиришни ўзига касб қилиб олган нафс бандалари хам ундан кам эмас.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси “Фирибгарлик” деб номланади. Фирибгарлик жиноятининг мазмунида алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш ҳаракатлари ётади.     

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисмида “Фирибгарлик:

а) анча миқдорда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб кўрсатилган.

Жиноятчику жазосини олар, алданган фуқарога етказилган моддий зарар қопланар. Лекин, оддийгина ҳавфсизлик қоидаларини билмаслик, ўзига тегишли қонуний маблағларни ойлаб давом этган тергов ва суд жараёнлари натижасида қайтариб олиш, энг асосийси қимматли вақтимиз ва асабимиздан айрилишимизга арзирмикан.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев 

Интернетдаги фирибгарлик ёки ундан ҳимояланиш чораси борми? 

Ҳозирги кунда интернет тармоғидан мамлакатимиздаги 7 ёшдан (балки 3 ёки 5 ёшдан) 70 ёшгача бўлган аҳоли қатлами фойдаланиб келмоқда десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, замона зайли билан интернет, ижтимоий тармоқ, IT технологиялар кириб бормаган соҳа ёки хонадонни топишнинг ўзи мушкул масала.

Хаётимизга кириб келган ушбу ижобий янгиликдан ҳар ким ҳар хил мақсадларда фойдаланмоқда. Кимдир хизмат зарурати юзасидан, кимдир оилавий эҳтиёжи бўйича – яқинлари билан дийдорлашиш учун, кимдир эрмак учун вақт ўтказиш билан оввора бўлса, яна айрим кимсалар тармоқ орқали бошқаларни чув тушириб, алдаб, ўзганинг маблағини ўзлаштиришни ўзига касб қилиб олган.

Сўнгги вақтларда радио, телевидения ва ижтимоий тармоқлар орқали интернет фирибгарлигидан огоҳ бўлишга оид қатор мақолалар эълон қилинди, аҳолини хушёрликка чақирувчи хабарлар тарқатилмоқда. Бироқ, фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Айни вақтда фирибгарлар томонидан инертнет тармоғи орқали фойдаланилётган, кенг тарқалган асосий схемалар қуйидагилар:

  • “е-Фишинг” – мазкур схема орқали фирибгарлар фуқароларга тегишли банк карталарининг рақами ва махфий кодини қўлга киритган ҳолда банк картасидан маблағни ечиб олади. Схема қоидасига кўра, уларга банк картаси рақами ва кодини ишонувчан фуқаронинг ўзи алдов йўли билан тақдим қилади.
  • Инернет магазинларнинг сохта дубликатларини яратиш. Расмий равишда фаолият кўрсатиб келаётган интернет магазинларнинг дубликати яратилиб, айрим товарлар арзон нархда сотувга қўйилади, кўпчилик фуқаролар арзон нархга учиб ушбу товарларни пул ўтказиш йўли билан сотиб олишга уринади, бироқ пул ўтказилгандан сўнг товар етказиб берилмайди.
  • Интернет-банкинг хизматларининг сохта дубликатларини яратиш. Фирибгарлар томонидан банк ва тўлов иловаларининг сохта версиялари яратилади ҳамда фойдаланувчилар мазкур иловалардан рўйхатдан ўтганда, ўзининг шахсий маълумотларини киритишга мажбур бўлади. Шахсий маълумотлардан фойдаланган фирибгарлар ҳисоб рақамидаги маблағни ўзлаштириб олади.
  • Электрон почта блоклангани тўғрисидаги хабар. Фирибгарлар сизнинг электрон почтангиз блоклангани тўғрисида сохта хабар юбориб, уни очиш учун маълум миқдорда пул талаб қилади.
  • Катта ютуқ ёки турли саҳоват акциялари. Фирибгарлар томонидан сиз катта ютуққа эга бўлганингиз тўғрисида хабар юборилиб, уни сизга юбориш ҳаражатлари учун маълум миқдорда пул талаб қилинади. Соҳта маълумотлардан фойдаланган холда саҳоват акциялари ўтказилади, аслида йиғилган пуллар фирибгарларнинг чўнтагига тушади.
  • Интенет тармоғидаги ножўя ҳаракатларингиз учун жарима. Ички ишлар вазирлиги номидан сизга интернет тармоғида ноқонуний сайтларга кирганингиз ёки рўйхатдан ўтганингиз учун жарима қўлланилгани тўғрисида қарор ёки хабар юборилиб, жарима суммасини кўрсатилган ҳисоб рақамига маълум муддатда тўлаб бермасангиз жавобгарликка тортилиш тўғрисида огоҳлантириласиз.

Умуман олганда, фирибгарлар томонидан интернет тармоғида ўзгалар мулкини ўзлаштиришнинг усул ва воситалари мунтазам янгиланиб, такомиллаштириб келинмоқда.

Ҳақли савол туғилади, фуқароларимизни ушбу кўзга кўринмас фирибгарлар хужумидан ҳимоя қилишнинг қандай чораси бор?

Менимча, фирибгарларнинг тузоғига тушмасликнинг энг осон ва самарали усули фуқароларнинг интернет саводхонлигини ошириш ҳисобланди. Зеро, расмий, лицензияга эга сайтларнинг сохта, хеч қандай расмий мақомга эга бўлмаган, норасмий сайтлар билан фарқини тушуна олмаган одамлар интернет тармоғидан фойдаланар экан, қайта ва қайта фирибгарлар тузоғига тушиши табиий ҳолдир.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович

Фирибгарлар огоҳ бўлинг! Жазо чоралари кучайтирилди

Ҳозирги кунда интернет тармоғи қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар”, яъни интернет фирибгарлари учун содда фуқароларни алдаб, уларнинг ишончига кириб, пул маблағларини ўзлаштиришнинг қулай востасига айланиб улгурди десак муболаға бўлмайди.

Сўнгги вақтларда радио, телевидения ва ижтимоий тармоқлар орқали интернет фирибгарлигидан огоҳ бўлишга оид қатор мақолалар эълон қилинди, аҳолини хушёрликка чақирувчи хабарлар тарқатилмоқда. Бироқ, фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган ватандошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Мазкур ҳолатнинг ўзи интернет фирибгарлиги жамиятда ижтимоий хавфли тус олиб, фуқаролар учун жиддий хавф сифатида намоён бўлаётганини англатади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди” деб белгиланган. Демак, фуқароларни интернет фирибгарларининг турли тажовузларидан ҳуқуқий ҳимоя қилиш давлатнинг вазифаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси
2-қисмида “Фирибгарлик:

а) анча миқдорда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” деб кўрсатилган эди.

2022 йил 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-794-сонли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни имзоланди. Жамиятда интернет фирибгарлиги иллатининг кенг тарқалиб, ижтимоий хавфлилик даражаси ортиб бораётгани сабабли, бундай ҳаракатлар учун жиноий жазо чоралари кучайтирилди.

Жумладан, эндиликда фирибгарлик жиноятини ахборот технологиялардан фойдаланиб содир этганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида баён этилди.

Мазкур ўзгариш фирибгарлик жиноятининг ахборот технологиялардан фойдаланиб содир этилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланишига сабаб бўлди.

Мазкур ҳолат интернет фирибгарлиги учун жазо чораларини оғирлаштириш билан бир қаторда, мазкур қилмишнинг Жиноят кодекси талабларига асосан “оғир жиноятлар” тоифасига киришини хам белгилади.

Чунки, амалдаги Жиноят кодексининг 15-моддаси талабига кўра, унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.

Шу моддада “оғир жиноятлар”га берилган таърифга мувофиқ оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.

Демак, қонунчиликка киритилган ўзгартиришга мувофиқ интернет фирибгарлиги эндиликда оғир жиноят ҳисобланди. Бу эса мазкур жиноятни содир этган шахсларга жазо чораларини тайинлаш, уларни жавобгарликдан ёки жазо чораларидан озод қилиш ёхуд жазони енгилроғи билан алмаштириш тартибида хам Жиноят кодекси талаблари кучайтирилганини билдиради.

Шундай экан, огоҳ бўлинг! Интернет фирибгарлиги эндиликда оғир жиноят ва оғир жазога сазовор қилмиш ҳисобланади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Юлдашев Бахтиёр Рахимович

Ерга оид хусусий мулк ҳуқуқининг вужудга келиши

Мустақиллик йилларида хусусий мулк ҳуқуқини химоя қилиш борасида давлат томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Мулкдорлар ҳуқуқларини химоя қилишнинг ҳуқуқий базаси ва механизми яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ерга оид муносабатларда хусусий мулк институтининг жорий этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонларига хусусий мулк ҳуқуқи асосида эга бўлиш имкониятини яратди. Бу қоида шуни англатадики, эндиликда хусусий мулк ҳуқуқини таъминлаш юзасидан қабул қилинган ҳар қандай норматив ҳужжатлар хусусийлаштирилган ер майдонларига нисбатан хам татбиқ этилади.

Ҳақли савол туғилади – фуқаролар ўзларига тегишли ер майдонларини қандай тартибда хусусийлаштиришлари мумкин ва ер майдонларини хусусийлаштириш уларга қандай ҳуқуқлар беради?

Фуқаро ёки юридик шахс томонидан ўзига тегишли ер участкасини хусусийлаштиришининг энг зарурий шарти – ушбу ер майдони тоифасига кўра қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар жумласига кирмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил
14 февралда тасдиқланган 71-сонли қарорига мувофиқ ўзига тегишли ер участкасини хусусийлаштириш мақсадида бўлган фуқаролар ва юридик шахслар бу тўғрисидаги аризани давлат хизматлари марказларига шахсан ташриф буюрган ҳолда ёки ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали бериши мумкин.

Берилган аризалар автоматлаштирилган ахборот тизими орқали, инсон омили аралашувини истисно этган холда 5 иш куни ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижасида ваколатли идоралар томонидан, ер майдонини хусусийлаштириш бўйича ижобий хулосага келинса, аризачига ер майдонини хусусийлаштириш мумкин бўлган сумма кўрсатилган холда хабарнома юборилади. Аризачи 10 календар кун ичида хабарномада кўрсатилган миқдордаги маблағни кўрсатилган ҳисоб рақамига тўлаши керак.

Пул тўланиши билан, яъни узоғи билан 5 дақиқа ичида мулкдорга ерга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери автоматик равишда тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 24 сентябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 2021 йил 30 сентябрда маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил
15 ноябрь куни имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.             

Қонуннинг 10-моддасига асосан, хусусийлаштириш объектлари сифатида юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари, хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари, бўш турган ер участкалари кўрсатиб ўтилди.

Қонуннинг мазкур нормасига асосан фуқаролар ўзарига якка  тартибда уй-жой қуриш, ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларини хусусийлаштириш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, фуқаролар бўш турган ер участкаларини хам электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотиб олишлари мумкин.

Энг муҳим жиҳат шундаки, Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ “Хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ва фуқаролик муомаласи объектларидир.

Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва қонунга мувофиқ давлат томонидан ҳимоя қилинади” деб белгиланди.

Қонуннинг 31-моддасида эса “Хусусийлаштирилган ер участкаларининг мулкдорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ва ўз манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан ундан гаров предмети сифатида фойдаланиш, юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш;

хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш;

уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш” деб кўрсатилган.

Таъкидлаш керакки, айни қонун амалга киритилгунга қадар мавжуд бўлган тартибга мувофиқ, ер давлат мулки ҳисобланган. Бу эса, айрим ҳолларда давлат мулки ҳисобланган ер майдонларини олиб қўйишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ер майдонида жойлашган бино-иншоотларга доир мулк ҳуқуқининг бузилишига олиб келган.

Эндиликда Қонун талабига кўра, хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорлардан олиб қўйилиши мумкин эмас, фақатгина қонунда белгиланган тартиб ва шартлар асосида сотиб олиниши мумкин.

         Ер қонунчилигига киритилган мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ерга оид ҳуқуқларини самарали химоя қилиш, ерни хусусий мулк сифатида эътироф этиш ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини таъминлашдан иборатдир.    

 Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев

Маъмурий суд ислоҳотлари фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг муҳим кафолати

Мамлакатимизда ўтган беш йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўлган маъмурий судларнинг ташкил қилиниши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқди.

Амалга оширилган барча ислоҳотларнинг тадрижий давоми сифатида жаҳон миқёсидаги жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг  2022 йил 28 январь кунги ПФ-60 сонли Фармонлари билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси  тасдиқланди.

Ушбу Фармонда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида,  маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтиришга алоҳида урғу берилган.

Бугунги кунга келиб маъмурий судлар жисмоний ҳамда юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келаётган низоларни ҳал этишга ихтисослашган судга айланди. Фуқаролар давлат органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатларидан (ёки ҳаракатсизлиги) норози бўлган тақдирда бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун маъмурий судларга ариза билан мурожаат қилмоқдалар.

Хусусан, 2021 йилда Фарғона вилояти маъмурий судлари томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг судга тақдим қилган
552 та аризалари қаноатлантирилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Шу жумладан, давлат органларининг 376 та  қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган, давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш юзасидан 149 та ариза ва шикоят  қаноатлантирилган.

Фуқаролар ва юридик шахслар аризаларига асосан кўплаб давлат идоралари қарорлари ҳақиқий эмас деб топиш ёки хатти-ҳаракатларини (ёки ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Суд қарорларига асосан фуқароларнинг давлат идораларининг ноқонуний қарорлари ёки хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида муайян ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисида мажбуриятлар юкланган.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг                     10-моддасида қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шартлиги,  суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Фарғона вилоят маъмурий суди томонидан 2017-2020 йилларда кўриб тамомланиб, давлат ташкилотларига мажбурият юклаш тўғрисида чиқарилган суд ҳужжатларининг ижро этилиши аҳволи ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра, кўрсатилган давр мобайнида жами 1346 та иш бўйича давлат идоралари томонидан суд ҳужжати ижро этилганлиги ҳақида маълумотлар келиб тушмаган. Давлат идоралари томонида суд ҳужжатларининг ўз  вақтида лозим даражада ижро этилмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Суд ҳужжатларини ижро этмаслик билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 1346 та иш бўйича давлат ташкилотларига эслатма хатлари, 855 та иш бўйича прокуратура органларига хабарномалар юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январь кунги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарори қабул қилинди. Унга кўра давлат органлари томонидан суд қарорларини ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирча механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.

Хусусан, Қарорга кўра, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш амалиётини йўлга қўйиш кўрсатилган.

Мазкурга қарорга мувофиқ фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсад қилинган.

Фарғона вилоят маъмурий суди  судьяси                    Н.Хаджиматов

Skip to content