Энди ҳеч ким ўз мулкидан суд қарорисиз маҳрум этилмайди.

Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 2022 йил 28 август куни ПФ-198-сонли Президент Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ, бир қатор янги тартиблар жорий қилинди. Жумладан, мулкка бўлган ҳуқуқни уни вужудга келтирган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

 Ердан ихтиёрий воз кечиш мулкдорнинг нотариал тасдиқланадиган аризасига асосан амалга оширилади. Энди бунинг учун ҳоким қарорини қабул қилиш талаб этилмайди.

Юридик шахс тугатилганда унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди ва ер давлат захирасига қайтариб олинмайди. Мазкур ерлар тугатилаётган юридик шахснинг муассисларига ўтади.

“Хабеас корпус” институти доирасида суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкини хатлаш билан боғлиқ қарорларини судда кўриб чиқиш тартиби жорий этилди.

Хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ҳолатлар белгилаб берилди.

          Эндиликда хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга мулкдорнинг рухсатисиз кириш учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган чоралар қўлланиши мумкин.

          Мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Турар жойга нисбатан мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди.

Давлат органлари ва ташкилотлари судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган ҳолатлар қисқартирилади.

Фуқаролик судларида мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогарлар (давлат органлари ва ташкилотлари бундан мустасно) давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Фармонга асосан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқиш, лойиҳада ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилди.

Фарғона туманлараро маъмурийсуди раиси:                                            Курбанов Солижон Мурадович.

“Аёллар дафтари”га киритилган аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр учрашув.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг хотин-қизларга ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш ҳақидаги топшириғига асосан 2022 йил 26 август куни Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси Курбанов Солижон Мурадович томонидан Фарғона шаҳар И.Навоий, Дўстлик, Ифтихор ҳамда Шодиёна маҳалла фуқаролар йиғинларида “Аёллар дафтари”га киритилган, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга бағишланган сайёр учрашувлар ўтказилди.

Мазкур учрашувларда “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар билан суҳбат олиб борилиб, уларни қийнаб келаётган муаммолари бўйича тушунтиришлар бериб ўтилди.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг

судья ёрдамчиси Ахрорбек Аъзамов

Маъмурий судларда ҳам келишув битими тузилади.

Ўзбекистон Респубюликаси Президентининг 2022 йил 29 январь куни “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор доирасида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур бўлиб ҳисобланади.

Шунга асосан, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар белгиланди, яъни маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш;

маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;

ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;

маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;

оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш.

Шунингдек,  жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида мазкур қарорнинг 2-бандига асосан процессуал қонун ҳужжатларида белгиланаётган тартиблар доирасида қуйидагилар назарда тутилган, яъни, тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллашни назарда тутади.

И.Марифжонов Р. Шукуров.

М.Ахмедов Ш.Насыров

Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига янги имтиёзлар

Солиқ кодексига махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига солиқ имтиёзларини назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

Солиқ кодексининг 473-моддаси янги иккинчи қисм билан тўлдирилди (илгари 2 ва 3-қисмлар рақамларини бир позиция пастга силжитувчи). Тузатишга биноан махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари фойда солиғини тўлашдан ўзи киритган инвестициялар ҳажмига қараб:

3-5 млн АҚШ доллари-3 йил;

5-15 млн АҚШ доллари-5 йил;

15 млн АҚШ доллари ундан юқори-10 йил муддатга озод қилинади.

Солиқ кодекси 474-моддасининг янги таҳририга мувофиқ кўрсатилган имтиёзнинг амал қилиш муддати махсус иқтисодий зона ҳудудида ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) объекти фойдаланишга қабул қилинган санадан эътиборан ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 483-моддаси эса янги тўлдирилган қисмга кўра махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари томонидан фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг 2020 йил 1 январдан кейин фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар реестрга киритилган иштирокчиларга нисбатан улар томонидан киритилган, 2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб, мазкур иштирокчилар реестрга киритилган пайтдан эътиборан 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга тўлиқ қўлланилади. Ушбу шарт Солиқ кодексининг 473-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган фойда солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддатига нисбатан татбиқ этилмайди.

М.Усмонова Ш.Насыров М.Ахмедов

Skip to content