ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ ДАРҲОЛ АМАЛДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
28 январь куни «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонни ҳамда 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини имзолади.
Албатта, Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Дарҳақиқат, ўтган олти йилда адолат ва қонунийликни таъминлаш, суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, уларни “Адолат қўрғони”га айлантириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 2017 йилда ташкил этилган маъмурий судлар қисқа муддат ичида ўз самарадорлиги ва долзарблигини кўрсатди.
Шу сабабли, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур бўлиб ҳисобланади.
Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборат.
Шунинг учун ҳам, “Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида, давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий қилинилишига – адолат ва қонун устуворлиги таъминлаш учун асосий мақсадлардан бири сифатида урғу берилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилнинг29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор, Тараққиёт стратегияси қабул қилинишининг эртаси кунида дарҳол имзолангани – Стратегиянинг амалдаги ижроси таъминланаётганлигини кўрсатади.
Қарорга мувофиқ, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидаги тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминлаш бўйича вазифалар берилди.
Биринчидан, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш.
Иккинчидан, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш. Мисол учун ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этиш мумкин эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризалар иқтисодий судларга тааллуқли иш ҳисобланса-да, бироқ мазкур низо оммавий-ҳуқуқий муносабатдан вужудга келганлиги боис, маъмурий судларнинг ваколатига ўтказилиши ўринли ҳисобланади.
Учинчидан, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш. Халқаро тажрибада мазкур амалиёт кенг қўлланилади.
Бунда, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини
у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериши керак бўлади.
Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш белгиланади.
Мансабдор шахслар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан “ошиб борадиган” жарима ва бошқа ҳуқуқий чораларни қўллаш тартиби киритилиши орқали шикоятларнинг сони камида икки баробар қисқаришига эришиш мумкин.
Тўртинчидан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш.
Яъни тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида, тарафлар суд жараёнида келишувга эришгандан сўнг пайдо бўлган низо тўла бартараф этилишига олиб келади.
Шунингдек, судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш тақиқланади.
Бунда, даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш белгиланмоқда.
Маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланади.
Эътиборлиси, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланади.
Шу билан бирга, бир қатор вазирлик ва идораларга маъмурий судларнинг ижро органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашдаги ўрни, маъмурий юстиция, унинг аҳамияти ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали ҳуқуқий механизм ҳисобланиши бўйича тематик кўрсатувлар ҳамда ижтимоий роликларни яратиш ва намойиш этиш каби вазифалар берилган.
Бундан ташқари, қарорда белгиланган вазифаларни ижро қилиш мақсадида, қўйидагилар:
судлар томонидан даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш бўйича “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш;
оммавий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш бўйича ижобий халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш;
ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритилади.
Ҳозирда фуқаролик ишлари бўйича ҳамда иқтисодий судлар томонидан кўрилаётган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча ишларни, шу жумладан, акцептсиз тартибда ундириладиган ижро ҳужжати устидан шикоят қилиш билан боғлиқ ишларни маъмурий судлар тааллуқлилигига ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга ҳамда маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтганда барча суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш туради.
Зеро, келгуси беш йилда ушбу мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши юксак маррага эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, “Инсон қадри учун” тамойилини тўлиқ ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилади.
Ф.Мамажонова, Д.Абдуманнабова
Фарғона туманлараро маъмурий
суди судья ёрдамчиси