Солиқ текширувида гувоҳнинг иштироки
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон Фармонида солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтиришда халқаро солиқ муносабатларининг роли ҳозирги кунда долзарб масалалардан бири ҳисобланиши кўрсатилган.
2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш мамлакатда амалга оширилаётган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига, Ҳукуматнинг молиявий-иқтисодий муносабатларнинг барча жиҳатларини ислоҳ қилиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ қабул қилинган қарорларига асосланади. Концепцияни ишлаб чиқиш зарурати узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини чеклайдиган мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни, хавф-хатар ва таҳдидларни ҳал этиш, шунингдек, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожланишга ўтишнинг мақсадлари ва устуворликларини белгилаш ва аҳоли ҳаёт даражасини ошириш билан боғлиқлиги эътироф этилган.
Бу йўналишда солиқ текширувларини тўғри ва изчил амалга ошириш солиқ оганларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар
ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади.
Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.
Солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бирор-бир ҳолатлар ўзига маълум бўлган ҳар қандай вояга етган жисмоний шахс кўрсатмалар бериш учун гувоҳ сифатида чақирилиши мумкин.
Солиқ текшируви давомида кўрсатмалар олишдан аввал солиқ органининг мансабдор шахси гувоҳни кўрсатмалар беришни рад этганлик ёки бундан бош тортганлик ёхуд била туриб ёлғон кўрсатмалар берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради.
Солиқ органлари назорат тадбирлари доирасида солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бирор-бир ҳолатлар ўзига маълум бўлган шахсни гувоҳ сифатида чақиртириши мумкин. Солиқ кодексида белгиланишича, ҳар қандай вояга етган жисмоний шахс кўрсатма бериш учун гувоҳ сифатида жалб этилади.
Гувоҳларни сўроқ қилишнинг мақсади назорат қилувчида шубха ўйғотадиган солиқ тўловчи томонидан муайян молиявий-хўжалик фаолиятни амалга оширишнинг ҳолатларини аниқлашдан иборат. Сўроқ солиқ органи томонидан солиқ қонунбузилиш фактини аниқлашда энг асосий ва аҳамиятли далил ҳисобланади. Мисол сифатида қуйидаги ҳолатни кўриб чиқиш мумкин, солиқ текширувчида солиқ тўловчига ҳақиқиқтдан ҳам махсулот етказиб берилганлигида шубха пайдо бўлган ҳолатда, солиқ органи мансабдор шахснинг омбор ишчиларини, юк ташувчиларини, шунингдек, ҳайдовчи ва махсулот етказиб берувчини сўроқ қилиши мумкин. Бундан ташқари, корхона ҳужжатларида субпудратчи хизматига мурожаат этганлиги акс этган, бироқ амалда барча ишлар корхона ишчилари томонидан бажарилган. Бундай ҳолатда субпудратчининг ишчилари объектга келмаганлигини билган ишчилар чақиртирилиши мумкин.
Сўроқ қилиш давомида олинган маълумотлар солиқ органи томонидан келажакда солиқ қонун бузилиши тўғрисидаги ишлар бўйича исботлар базасининг элементи сифатида фойдаланилади. Яъни, бошқача қилиб айтганда мазкур тадбир текшириш ўтказилаётган солиқ тўловчи учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли бунга катта эътибор билан ендашиш лозим.
Амалдаги қонунчилик солиқ органи вакили томонидан назорат қилувчи органнинг фикрича солиқ назорати учун ахамиятли маълумотларга эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахс гувоҳлар каторига киритилиши мумкин. Хусусан, солиқ органи солиқ тўловчи мансабдор шахснинг ўзидан ҳамда унинг ходимидан, шунингдек контрагентлар, солиқ агентлари ва бошқа шахслардан кўрсатма олиш ҳуқуқига эга.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг судьяси Ш.Ахмеджанова