Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
29 январдаги ПҚ-107-сон Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун мохияти юзасидан

Суд тизимини демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган салмоқли ишлар бажарилганлигини, Олий суднинг расмий веб-сайтида барча суд қарорлари доимий равишда эълон қилиниб келинаётганлигини, судлар ўз қарорларининг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириб келинаётганлигини, суд раислари ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари билан брифинглар ўтказиб келаётганлигини, шу билан бирга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш зарур бўлиб ҳисобланишини, жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш талаб этилаётганлигини, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида, Маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши, Олий суд Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган қуйидаги тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгиланишини таъминлаш қайд этилганлигини, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш белгиланган.

Шунингдек, Мазкур қарорда процессуал қонун ҳужжатларида белгиланаётган тартиблар доирасида қуйидаги яъни тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш каби вазифалар белгиланган.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчилари:

Ф.Абдубоисова, А.Бурхонов, Д.Султонов

Суд ҳужжатларини ижро этишга аралашганлик учун жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 11 апрель куни “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига, жиноят процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги, Банк сири тўғрисидаги қонунларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 2321-моддаси билан тўлдирилди, унга кўра, суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашиш, яъни ижро ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилишни ёки давлат ижрочисига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказишни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланаши белгиланди.

Ўша қилмишлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса —

муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, йирик битимлар тузишда, молия-кредит хизматларини кўрсатишда, халқаро йўловчи ташиш ва давлат хизматларини кўрсатишда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик борлигини текширмаслик ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонун билан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Унга кўра, соддалаштирилган тартибда ундирув қарздорнинг мол-мулкига (пул мустасно) қаратилмайди ва қарздорга жавобгарлик чоралари қўлланилмайди.

Соддалаштирилган тартибда ундирув банкдаги пулга, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кўп бўлмаган суммани ундириш учун эса иш ҳақига, стипендия, пенсия ва бошқа даромадларга қаратилади.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан кучга кириши белгиланди.

О.Тошпўлатов, Р.Шукуров

Халқаро-ҳуқуқий ёрдам.

Халқаро ҳуқуқий ёрдам – бу бир давлатнинг суд ва бошқа ваколатли органлари томонидан бошқа бир давлатнинг суд ва бошқа ваколатли органларига фуқаролик, жиноий ва бошқа ишларни кўришда амалий ёрдам кўрсатишдир.

Ҳозирги кунда кўплаб ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида 30 дан ортиқ халқаро шартнома, битим ва конвенциялар тузилган бўлиб, улардан 1992 йил 20 мартда имзоланган “Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида”ги Киев битими, 1993 йил 22 январда имзоланган “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар юзасидан ҳуқуқий алоқалар ҳамда ҳуқуқий ёрдам тўғрисида”ги Минск конвенцияси ҳамда 1995 йил 22 декабрда имзоланган “Хорижий арбитраж ҳал қилув қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисида”ги Нью-Йорк конвенцияси ушбу йўналишда судлар фаолиятини тартибга солувчи махсус халқаро шартномалар ҳисобланади.

Улар ўртасида МДҲ давлатлари ўртасида 1993 йил 22 январда Минск шаҳрида имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги кўп томонлама Конвенцияни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Конвенция унга аъзо давлатлар ваколатли органлари томонидан фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг бир қатор шаклларини кўзда тутади. Хусусан, Конвенциянинг 1-моддасига асосан аҳдлашувчи томонлардан ҳар бирининг фуқаролари, шунингдек унинг ҳудудида яшовчи бошқа шахслар бошқа аҳдлашувчи томоннинг фуқаролик, оилавий ва жиноий ишларни кўриш ваколат доирасига кирадиган суд, прокуратура, ички ишлар ва бошқа муассасаларига эркин ва тўсиқларсиз мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, ушбу аҳдлашувчи томон фуқаролари каби ана шундай шартларда уларда қатнашишлари, илтимосномалар киритишлари, даъво аризаси билан мурожаат қилишлари ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин.

Конвенция доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатларга ҳамда жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатларга бўлинади.

Ҳуқуқий ёрдам доирасида муносабатлар Конвенциянинг
5-моддаси билан тартибга солинган бўлиб, унга кўра Конвенция талабларини бажариш учун ваколатли органлар ўзларининг марказий органлари орқали муносабатга киришадилар. Ўзбекистон Республикасида фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, жиноий ишлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси марказий орган сифатида белгиланган.

Конвенцияга асосан (6-модда) ваколатли органлар томонидан кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам ҳужжатларни тузиш ва жўнатиш, тинтув ўтказиш, кўздан кечириш, ашёвий далилларни олиш ва жўнатиш, экспертиза ўтказиш, томонларни, учинчи шахсларни, гумонланувчи, айбланувчиларни, жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни сўроқ қилиш, жиноятда айбланувчи шахсларни қидириш, жиноий таъқиб қилишни амалга ошириш, жиноятда айбланувчи шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш, фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича суд қарорларини, жиноий ишларнинг фуқаролик даъвоси қисми бўйича ҳукмларни, ижро ёзувларини тан олиш ва ижро этиш, ҳужжатларни топшириш йўли билан бир-бирларига ёрдам беришни ўз ичига олади.

Конвенция 10-моддасида ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги топшириқнинг шакли ва тили ҳамда ҳужжатларни топшириш тартиби белгиланган. Унга асосан суд топшириғи уни олувчи давлатнинг тилида ёки рус тилида тузилиши ёки ушбу тилларга қилинган расмий таржима билан таъминланиши лозим.

Чет эл элементи билан мураккаблашган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, хусусан, фуқаролик, оилавий, жиноий ва бошқа ишларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш кўп ҳолларда хорижий давлатнинг ҳудудида алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлади.

Хорижий давлатнинг ҳудудида алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш лозим бўлганда, ушбу ҳаракатлар чет эл давлатининг ваколатли органлари ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Бунда, ушбу ваколатли органларга мурожаат қилишнинг белгиланган процессуал талабларига риоя қилиш лозим. Ушбу процессуал жараёнда, мурожаат қилиш шакли илтимоснома, топшириқ ва сўровнома кўринишида бўлиши мумкин.

Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосноманинг мазмуни ва бундай ёрдам кўрсатилаётган ишнинг ҳарактери қуйидаги унинг турларининг бўлинишига хизмат қилади:

-фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича алоҳида процессуал ҳаракатларни бажариш. Масалан, томонларни сўроқ қилиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш, ҳужжатларни топшириш;

-халқаро шартноманинг талабларига кўра аниқ бир ишни кўриб чиқиш бўйича бир давлатнинг суди томонидан бошқа давлатнинг судига ваколатнинг берилиши;

-хорижий давлатларнинг қарорларини тан олиш ва ижро этиш билан боғлиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, яъни бошқа давлатларнинг суд қарорларини тан олиш (хорижий судларнинг қарорларини миллий судлар томонидан қабул қилинган ҳамда қонуний кучга кирган суд қарорларига тўла тенглаштириш) ва ижросини (сўралаётган томон қонунчилигига кўра қарздорга нисбатан ижро ҳаракатлари доирасида мажбурлов чораларини қўллаш) таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш;

-жиноятчиларни ушлаб бериш (экстрадиция), яъни ҳудудида мазкур шахс жойлашган давлат томонидан, сўраётган давлатга уни жиноий жавобгарликка тортиш ёки унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижросини таъминлаш.

Юқоридагилардан ташқари, ҳуқуқий ёрдам давлатлар томонидан ҳужжатларнинг ўзаро тан олинишини ҳам таъминлайди. Хусусан, Конвенциянинг 13-моддасига асосан аҳдлашувчи томонлардан бирининг ҳудудида муассаса ёки бунга махсус ваколатли шахс томонидан ўз ваколати доирасида белгиланган шаклда тайёрланган ёки тасдиқланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган ҳужжатлар бошқа аҳдлашувчи томон ҳудудида бирон-бир махсус гувоҳномасиз қабул қилинади.

Бундан ташқари, Конвенция аҳдлашувчи томонлар ўртасида бир томон ҳудудида қабул қилинган фуқаролик, оилавий ва зарарни ундириш тўғрисидаги жиноий судларнинг қарорларини бошқа томон ҳудудида тан олиниши ва ижро қилиниши учун ҳуқуқий асосни яратди

Хусусан, ҳеч қандай махсус иш юритувсиз, ҳарактерига кўра ижрони талаб қилмайдиган қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари тан олинади. Бошқа турдига ҳал қилув қарорлари, ҳудудида тан олиниши лозим бўлган аҳдлашувчи томоннинг бошқа давлатнинг қарорини тан олиш тўғрисидаги илтимосномаси асосида қабул қилинган ҳал қилув қарорлари асосида тан олинади.

Хорижий давлат судларининг Ўзбекистон Республикасида ҳал қилув қарорларини ҳамда зарарни ундириш юзасидан жиноий судларнинг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисдаги илтимосномалари Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Конвенцияга асосан жавобгарнинг яшаш жойидаги судлар томонидан кўриб чиқилади.

Хорижий давлатларнинг судлари номига ёзилган Ўзбекистон Республикаси судларининг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномалар, қарорларни қабул қилган судларга тақдим этилади ва улар томонидан чет эл давлатларининг ваколатли органларига Конвенциянинг 53-моддаси талабларига кўра юборилади.

Жумладан, илтимосномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

1) қарор ёки унинг тасдиқланган нусхаси, шунингдек қарор қонуний кучга кирганлиги ва ижро этилиши кераклиги ҳақидаги расмий ҳужжат ёки у қонуний кучга киргунга қадар ижро этилиши керак бўлган, агар бу қарорнинг ўзидан келиб чиқмаса, ҳужжат;

2) суд жараёнида иштирок этмаган томонга қарши қарор чиқарилганлигини, белгиланган тартибда ва ўз вақтида судга чақиртирилганлигини ва келмаганлиги натижалари тўғрисида хабардор бўлганлиги, унинг процессуал муомалага лаёқатли эмаслиги ҳоллари эса белгиланган равишда айтилганлигини билдирувчи ҳужжат;

3) ҳужжат жўнатилиш вақтида қарорлар қисман бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

4) шартномавий судловлилик тўғрисидаги ишлар юзасидан, томонлар келишувини тасдиқловчи ҳужжат.

Шунингдек, Конвенцияда қонуний кучга кирган ҳукмлар ва судланганлик тўғрисидага маълумотлар юзасидан ахборотлар юборилиши кераклиги тўғрисида талаб белгиланган. Жумладан, Конвенциянинг 79-моддаси, 1-қисмига асосан аҳдлашувчи томонлар ҳар йили бошқа аҳдлашувчи томоннинг фуқароларига нисбатан уларнинг судлари томондан чиқарилган айблов ҳукмлари қонуний кучга кирганлиги тўғрисида бир-бирларига маълум қиладилар, айни вақтда ҳукм қилинганларнинг мавжуд бармоқ изларини юборадилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш ушбу вазифани бажариш юклатилган махсус ваколатли давлат органларнинг вазифаси бўлиб, уларга ушбу вазифаларни бажариш юзасидан махсус мажбурият юкланади. Чунки, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнини тўғри ташкиллаштириш давлатлар ва уни амалга оширувчи ваколатли органларнинг обрўсини ва салоҳиятини белгилайди. Шунингдек, Конвенцияга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий алоқаларнинг ривожланиши, улардан фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда вужудга келувчи ҳуқуқий муносабатлар юзасидан масалаларни аниқ ва тезкорлик билан ҳал қилинишини талаб қилади.

Фарғона туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси А.Аъзамов

Фарғонада 167 та иш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Фарғона вилояти маъмурий судларининг 2021 йилда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги аризалар асосида кўрилган маъмурий ишлар бўйича суд амалиёти такроран таҳлил қилинди.

Таҳлиллар натижасига кўра, ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилишда кўп ҳолларда қонун нормаларининг бузилишига йўл қўйилганлиги маълум бўлган. Хусусан, Фарғона вилояти маъмурий судлар томонидан ўтган йилда кўриб чиқилган 1 минг 256 та маъмурий ишлардан 388 таси ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ тоифадаги низолар ташкил этиб, шундан 167 та иш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. 

Жумладан, Олтиариқ туман ҳокимининг 35 та, Фарғона туман ҳокимининг 19 та, Риштон ва Ўзбекистон туман ҳокимларининг 17 тадан, Фарғона шаҳар ҳокимининг 15 та, Учкўприк туман ҳокимининг 11 та, Бешариқ ва Қува туман ҳокимларининг 9 тадан, Қувасой шаҳар ҳокимининг 7 та, Тошлоқ туман ҳокимининг 6 та иш бўйича қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.  

Вилоятда ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ тоифадаги низолар 2020 йилга нисбатан 2021 йилда 9 тага, яъни 4,9 фоизга ошган. Туман-шаҳар ҳокимлари томонидан қарорлар қабул қилишда қонунлар талабларига етарли даражада риоя этилмаганлиги сабабли судлар томонидан туман уларга нисбатан 114 та хусусий ажримлар чиқарилган. Бундан кўриниб турибдики, ҳокимлар томонидан йўл қўйилган хато-камчиликлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузилишига сабаб бўлмоқда.  

Фарғона вилояти маъмурий судининг раиси

Дониёрхўжа Маҳаматов

Skip to content