СУД ИСЛОҲОТЛАРИ ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ
Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштири
ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ҳамда аҳамиятини ошириш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўлган маъмурий судларнинг ташкил қилиниши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқди.
Амалга оширилган барча ислоҳотларнинг тадрижий давоми сифатида жаҳон миқёсидаги жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Президентимизнинг
2022 йил 28 январь кунги ПФ-60 сонли Фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.
Ушбу Фармонда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида, маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш механизмини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтиришга алоҳида урғу берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли қарори давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, маъмурий органлар томонидан суд қарорларини ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро андозаларга мувофиқ такомиллаштиришга хизмат қилади.
Хусусан, қарор билан маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
Шу асосда суд ишларини юритишнинг процессуал тартибида “суднинг фаол иштироки” тамойилини жорий этиш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш ҳамда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилиши белгиланмоқда.
Ҳозирги вақтда маъмурий органлар ва мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолар маъмурий судлар томонидан, ушбу ҳаракатлар натижасида етказилган зарар суммасини ундириш ҳақидаги низолар эса фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан кўрилади. Бу ҳолат фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд идораларига қайта-қайта мурожаат қилишига сабаб бўлмоқда.
Эндиликда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига
оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи тақдим этилади ҳамда бундай талабларни кўриб чиқиш маъмурий судлар ваколатига ўтказилади.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда маъмурий органлар суд қарорларини ижро этишни турли баҳоналар билан бажармаслик ва ижро этишни пайсалга солиш ҳолатларини тез-тез кузатамиз.
Бу ҳолатларга чек қўйиш мақсадида, маъмурий органлар томонидан қонуний кучга кирган маъмурий суд қарорини ижро этилиши устидан суд назоратининг таъсирчан механизмини жорий этиш, жумладан, маъмурий судларнинг
оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини оширилган миқдорда қўллаш тартиби белгиланмоқда.
Қарорга кўра, жиноят, иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича амалда бўлган ярашув ва келишув битими институтлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларга ҳам жорий қилинади.
Шунингдек, энди судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатиш тақиқланмоқда, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки иш уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказилади.
Суд ишларини юритишнинг процессуал қонунчилигида маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланади ва бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланади.
Албатта, ушбу тартиблар амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш йўли билан амалга оширилади.
Мазкурга қарорга мувофиқ, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судларнинг, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсад қилинган.
Касимов Жамолхон Одилович
Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси