Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди
2021 йил декабрь ойининг 09-куни Фарғона вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида ўз биносида, раислик қилувчи: Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси И.Матмусаев, апелляция инстанцияси аъзолари судьялар: Ж.Касимов, Н.Хаджиматовлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси И.Марифжоновнинг котиблигида, Фарғона вилоят прокуратураси бўлим прокурори Б.Таваккаловнинг иштирокида, аризачи ОАБнинг жавобгар Олтиариқ туман ҳокимлигига нисбатан “Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида”ги аризаси бўйича юритилган маъмурий иш юзасидан қабул қилинган Фарғона туманлараро маъмурий судининг 18.10.2021 йилдаги ҳал қилув қароридан аризачи А.Они норози бўлиб ёзган апелляция шикояти маъмурий иш ҳужжатларига қўшиб кўриб чиқилди.
Аризачи А.О судга ариза билан мурожаат қилиб, Олтиариқ туман ҳокимининг 26.05.2014 йилдаги ХХХ-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Фарғона туманлараро маъмурий судининг 18.10.2021 йилдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантиришдан рад қилинган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қароридан аризачи А.О норози бўлиб ёзган апелляция шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги қарор билан аризани қаноатлантиришни сўраган.
Иш ҳужжатларидан ва судда аниқланишича, Олтиариқ туман ҳокимининг 26.05.2014 йилдаги ХХХ-сонли қарорига кўра, Олтиариқ туман собиқ Ўзбекистон колхози колхозчиларининг 05.09.1989 йилдаги йиғилиш қарорига асосан Б.Жга ер харитасининг 388-контуридан уй-жой қуриш учун ажратиб берилган 0,16 га ер майдони Б.Жнинг вафот этганлиги муносабати билан туман давлат захирасига қайтарилиб, ушбу ер майдони марҳум Б.Жнинг турмуш ўртоғи М.Жга уй-жой қуриш ва деҳқон хўжалиги юритиш учун бириктириб берилган.
Ушбу қарорга асосан М.Ж номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳамда 25.08.2020 йилда кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида давлат реестридан кўчирма берилган.
Марҳум Б.Ж номида кадастр ҳужжатлари архив сақловида мавжуд эмаслиги Кадастр агентлиги Олтиариқ туман филиалининг 18.10.2021 йилдаги 07/02-2022-сонли хати билан тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 33-моддасига асосан ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатдир.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаси бериш (ажратиш) тўғрисидаги қарорига ёки ижара, олди-сотди шартномасига ҳамда ер участкасини ўзга шахсга ўтказишнинг бошқа турларига, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерига, мулкдорларнинг ёки улар ваколат берган шахсларнинг қарорига асосан берилади.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқ ушбу ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинганидан кейин кучга киради.
Биринчи инстанция суди: – аризачи А.Ода низоли ер майдонини ўзига ёки марҳум отаси Б.Жга тегишли эканини тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги;
– аризачининг марҳум отаси Б.Жни ер майдонига нисбатан ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтмагани ва ерга бўлган ҳуқуқ вужудга келмагани;
– ушбу ҳоким қарори аризачи А.Онинг ҳуқуқларини бузмаслиги асосида аризани қаноатлантиришдан рад қилиб, қонуний тўхтамга келган.
Шу боис, суд қарори апелляция инстанциясида ўзгаришсиз қолдирилди.
Фарғона вилоят суди судьяси
Н.Хаджиматов