8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллий йилларида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун, яъни 1992 йил 8 декабрь мамлакатимиз тарихидаги ва халқимиз учун буюк саналардан бири ҳисобланади.
Чунки, Конституциямиз мустақил ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш, шунингдек мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ижобий ислоҳотларни ишончли ва муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни чоғда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тарихий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий ва халқаро аҳамиятини ҳамда конституциявий нормаларни ҳаётга тадбиқ этиш демократик ҳуқуқий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Жумладан, Конституциямиз жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган ва умумэътироф этилган ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига жавоб берадиган тарзда тайёрланган. Тараққий этган давлатлар, хусусан АҚШ, Франция, Германия, Италия, Япония ва бошқа илғор тараққий этган давлатларнинг тажрибасидан ҳамда миллий менталитетимиз, фуқароларимизнинг таклифлари инобатга олинган ҳолда кенг муҳокамалар натижасида ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – муқаддима, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборатдир.
Биринчи бўлим Асосий принципларга, иккинчи бўлим инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига, учинчи бўлим жамият ва шахс, тўртинчи бўлим маъмурий ҳудудий ва давлат тузилишига, бешинчи бўлим давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ҳамда олтинчи бўлим Конституцияга ўзгартириш киритиш тартибига бағишланган.
Ижтимоий сиёсий ҳаёт, халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда Конституциямизга бир неча қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган.
Жумладан, 2002 йил 27 январда ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига кўра ҳамда унинг асосида қабул қилинган Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси XVIII, XIX, XX, XXIII бобларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган Қонуни билан Конституциянинг 89-моддаси, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига тузатишлар киритилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрда қабул қилинган Қонуни билан Конституциянинг 77-моддасининг 1-қисмига ўзгартириш, 2011 йил 18 апрелда қабул қилинган Қонун билан 78, 80, 93 ,96 ва 98-моддаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилдаги 8 февралдаги Қонунига асосан Конституциянинг 117-моддасига киритилган ўзгаришга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Шунингдек, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси 107-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди.
– Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ қонунчилик ва ижро ҳокимияти органларининг самарали ҳамкорлиги, кенг қамровли демократик ҳамда ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда, Конституциямизга киритилган ҳар бир ўзгартириш ва қўшимчалар нафақат миллий амалиёт, балки ҳалқаро ва хорижий тажрибага ҳам таяниб амалга оширилмоқда.
О. Тошпўлатов, Р. Шукуров, М.Ахмедов.