Суд тизимига “Ягона дарча” тамойили жорий этилди.
Мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, мансабдор шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни маъмурий судларда кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратининг қўлланилиш соҳасини кенгайтириш, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбуриятини уни қабул қилган мансабдор шахснинг зиммасига юклатиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш назарда тутилган.
Бундан ташқари даъво аризасини (аризани), шикоятни ёхуд ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган судга ўтказган ҳолда, судлар томонидан даъво аризасини, аризани, шунингдек шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этишни ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш белгиланиши зарурати юзага келмоқда.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-833-сон қонуни қабул қилинди.
Қонун билан фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг сарсонгарчилигини олдини олиш, одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида суд тизимига “ягона дарча” тамойили жорий этилди. Унга кўра аризаларни маъмурий, иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқлилигидан қатъий назар, қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш тартиби жорий этилди.
Шу муносабат билан, ишнинг фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлиши аризани қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишни тугатиш учун асос бўла олмайди.
Янги тартибга кўра, ариза (шикоят) судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда маъмурий судга тақдим этилганлиги аниқланса, суд беш кун ичида “ариза (шикоят) тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш тўғрисида” ажрим чиқариб, иш материалларини тегишли судга юборади.
Мазкур ажрим нусхаси у чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмасдан МСИЮтКнинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд ва иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабларни ўзаро бирлаштирган ҳолда маъмурий судга ариза берилган тақдирда ФПК 27-моддасининг 1-қисмига кўра, ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилганда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судида кўрилиши белгиланганлиги сабабли, бундай аризалар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга ўтказилиши лозим.
Судга ариза талабларининг айримлари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштириб берилганда эса, бундай ариза МСИЮтК 134-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилади.
Башарти, бундай ҳолат ариза иш юритишга қабул қилингандан сўнг аниқланса, суд талабларнинг фуқаролик ишлари бўйича ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлган қисмини МСИЮтКнинг 138-моддасига асосан алоҳида иш юритишга ажратиб, шу қисмини тааллуқлилигига кўра тегишли судга ўтказиш ва иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқариши зарур.
Ариза (шикоят) бўйича иш қўзғатилгандан сўнг унинг фуқаролик ишлари бўйича ёки иқтисодий судга тааллуқлилиги аниқланган тақдирда бундай иш тааллуқлилиги бўйича тегишли судга ўтказилиши ва маъмурий иш иш юритишдан тугатилиши лозим бўлади.
Ўз навбатида, судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича суддан ёки иқтисодий суддан ариза (шикоят) ёки материаллари келиб тушганда судья ариза (шикоят) МСИЮтКнинг 128, 129 ва 130-моддаларида кўрсатилган талабларга мувофиқ эканлигини текширади.
Агар ариза (шикоят) ушбу талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланса, судья ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай “камчиликларни бартараф этиш тўғрисида” ажрим чиқариб, уларни бартараф этиш учун аризачига ўн кундан ошмайдиган муддат белгилайди.
Мазкур ажрим аризачига МСИЮтКнинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
Бундай ажрим ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги сабабли унинг устидан шикоят келтирилмайди.
Ажримда кўрсатилган муддатда камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, ариза (шикоят) ва унга илова қилинган ҳужжатлар МСИЮтКнинг 134-моддаси биринчи қисмининг 11-бандига асосан қайтарилади.
Ажримда кўрсатилган муддатда камчиликлар бартараф этилган тақдирда, ариза (шикоят) ёки иш материаллари маъмурий суд томонидан МСИЮтКнинг 132-моддасида белгиланган тартибда иш юритишга қабул қилинади.
Жорий этилган “ягона дарча” тамойили давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси – Иқроржон Матмусаев.






