Судья маънавияти, одоби ва масъулияти
Мамлакатимизда сўнгги беш йилликда амалга оширилган демократик ислохотлар натижасида суднинг давлат ҳокимиятининг алоҳида тармоғи сифатида мустақиллиги мустахкамланди, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминотини оширилди. Ахолининг суд ҳокимиятига ишончини янада ошириш ва судни чин маънода адолат қўрғонига айлантириш борасидаги навбатдаги энг муҳим вазифа соҳани билмли, малакали, маънавияти юқори ва масъулиятли кадрлар билан таъминлаш бўлиб қолмоқда.
Амалдаги қонунчилигимизда судьяликка номзодларга қўйиладиган талаблар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 67-моддасига мувофиқ “Ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.
Қуйидагилар судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас:
жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;
илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;
чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;
судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс”.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгашининг 2018 йил 29 январдаги 490-сонли қарори билан “Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” тасдиқланган бўлиб, ушбу кодекснинг 1-моддасида “Кодекс ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-ахлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатлари қоидаларига, одил судлов ва судьялар одоб ахлоқи сохасидаги халқаро стандартларга асосланган хулқ-атвор қоидаларини белгилайди.” деб кўрсатилган.
Юқорида кўрсатиб ўтилган норматив хужжатларда судьяликка номзод ва судьяларнинг хизмат ва хизматдан ташқари вақтда ўзларини тутишлари ва ахлоқ-одобларига оид қатор талаблар белгиланган. Бироқ, қатор илмий мақолалар ва жамоатчилик мухокамасида судьянинг маънвияти юксак инсон бўлиши кераклиги кўп таъкидлансада, шу вақтга қадар судьянинг маънавий фазилатлари хақида аниқ тушунча берувчи ва бундай фазилатларни шакллантиришга хизмат қилувчи қўлланма ёки илмий мақолалар сони кўп эмасди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан нашрга тайёрланган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби айни суд тизимида амалга оширилаётган ислохотларнинг амалий ифодаси сифатида, суд тизимидаги судьялар ва суд ходимларининг, судьяликка номзодларнинг ва келгусида бундай шарафли касбни эгаллашга ахд қилган ёшларнинг маънавий фазилатларини ривожлантиришга хизмат қиладиган қўлланма ҳисобланади.
Мазкур китоб хақида фикр билдирган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хуршид Дўстмухаммад китоб тўғрисида “Нихоятда самимий руҳда ёзилган мақолалар мутолааси судьяларимиз тафаккури, дунёқараши ва албатта, касбий малакаси ва инсоний ахлоқининг тобланишида яқин ёрдамчига, маслаҳатчига ва амалий кўмакчига айланиши муқаррар. Зеро, том маънодаги адолат инсонни севишгина эмас, балки уни тушуниш, тушунган ҳолда ўзга инсон устидан холис ҳуқуқий хукм чиқаришдан иборатдир” дея фикр билдирганлар.
Китобда кўплаб уламо ва сиёсий арбобларнинг адолат ва адолатли қозилар (судьялар) тўғрисидаги фикрлари хамда фалсафий қарашлари келтириб ўтилган.
Хусусан, Али ибн Абу Толибнинг “Ўзингизга душманлик қилган кишини авф этингиз, лекин Ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик қилган кишини кечирмангиз” ва Цицероннинг “Халол одам хакамлик курисисига ўтирар экан, шахсий майлларини унутади…” деган сўзлари диққатга сазовордир.
Айтиш мумкинки, “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби судьялар, суд ходимлари ва келгусида ушбу касбни эгаллаш ниятида бўлган ёшларнинг маънавий-ахлоқий кодексига, дастурул-амалига айланиши керак. Зеро, юксак маънавиятга эга бўлмаган инсондан чин маънодаги адолатни талаб қилиш мумкин эмас.
Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси Н.Хаджиматов ва Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Юлдашев






