Референдум ўтказувчи комиссиялар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби
Референдум ўтказувчи комиссиялар референдумни ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг Қонун талаблари бузилганлиги ёки референдумни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари (Қонуннинг тегишинча 18, 20 ва 22-моддалари) доирасида кўриб чиқади.
Мазкур мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олингач, улар бўйича референдум ўтказувчи комиссиялар текширувлар ўтказади
ва 3 кунлик муддатда мурожаатчиларга ёзма жавоб беради.
Референдумга камида 6 кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар эса дарҳол кўриб чиқилиб, жавоб қайтарилиши шарт.
Референдум ўтказувчи комиссиянинг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни Қонунда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.
Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган референдум ўтказувчи участка комиссиясига келиб тушган мурожаат
3 кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс
бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.
Мурожаатни кўриб чиққан референдум ўтказувчи комиссиялар аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилади
ва бу тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилади.
Таъкидлаш лозимки, референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш референдум ўтказувчи комиссияларнинг ваколатига кирмайди. Бундай шикоятлар қатъий равишда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари.
Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.
Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади.
Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин.
Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати асосида тузилади.
Ҳарбий қисмлардаги овоз берувчи ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ва бошқа фуқароларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ерда истиқомат қилсалар, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади.
Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг турар жойлари бўйича умумий асосларда овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиладилар.
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкалари бўйича фуқароларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар (идоралар) раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.
Овоз берувчи фуқароларнинг фамилиялари рўйхатларда овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади.
Чет давлатларда турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум ўтказувчи участка комиссияларига уларни овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш тўғрисида референдумдан 15 кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларини 3 кун ичида текширади ва фуқарони овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик
ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка комиссиялари
овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни дарҳол Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни дарҳол Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.
Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари овоз бериш
кунига 10 кун қолганда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса овоз бериш кунига 7 кун қолганида ҳамма танишиши учун тақдим қилинади.
Участка комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида фуқароларни хабардор этади.
Фуқароларга участка комиссияси биносида ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали овоз берувчи фуқароларнинг рўйхати билан танишиш имконияти таъминланади.
Чет давлатларда турган фуқароларга овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади.
Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш референдумга 5 кун қолганида тўхтатилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка комиссиясига арз қилиши мумкин.
Референдум ўтказувчи участка комиссияси 24 соат ичида бундай аризани текшириб чиқиши ва хатоларни тузатиши ёки аризачига унинг аризаси рад этилишининг асослари кўрсатилган ҳолда маълумотнома бериши шарт.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг раиси: Курбанов Солижон Мурадович.






