Референдум ўтказишнинг асосий принциплари
Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг
ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.
Референдум ўтказиш принципларининг мазмун-моҳиятини қўйидагича изоҳлаш мумкин:
Ўз хоҳиш-иродасини умумий билдириш.
Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида
18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси қаерда истиқомат қилишидан қатъий назар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.
Бироқ, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Ўз хоҳиш-иродасини тенг билдириш.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар ва ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.
Ўз хоҳиш-иродасини тўғридан-тўғри билдириш.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда бевосита иштирок этадилар.
Яширин овоз бериш.
Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди. Бунда яширин овоз бериш референдумда иштирок этувчи фуқаронинг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади.
Референдумда иштирок этиш ихтиёрийлиги ва эркинлиги.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини референдумда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга, шунингдек хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкоралик.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат органлари ва жамоат бирлашмалари ўз фаолиятларини ошкора амалга оширадилар.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни референдум ўтказувчи комиссиялар амалга оширадилар. Улар фуқароларни
ўз ишларидан, округлар, овоз бериш участкалари тузилганлиги, комиссияларнинг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этадилар, овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари билан таништирадилар, овоз бериш якунларидан хабардор қиладилар.
Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари (келугсида ОАВ деб юритилади) референдумга тайёргарликнинг бориши ва у қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда очиқлик.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар,
ОАВ вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар (гувоҳнома, мандат в.ҳ.) билан тасдиқланган бўлиши керак.
Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари
ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қиладилар.
Референдум ўтказувчи округ комиссияси манфаатдор ташкилотдан, фуқаролар ташаббускор гуруҳидан ариза олганидан кейин 5 кун ичида мандатни кузатувчи учун беради. Бошқа давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг раиси: Курбанов Солижон Мурадович.






