Референдум округлари

Референдум округлари Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида жами 14 та тузилади.

Референдум округларининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони ва референдум ўтказувчи округ комиссиялари жойлашган ер кўрсатилган рўйхатлари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин кечи билан 5 кун ичида Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.

Референдум участкалари.

Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида, қоида тариқасида, камида 20 ва кўпи билан 3.000 нафар фуқародан иборат этиб, референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин 15 кундан кечикмай тузилади.

Референдум участкалари ҳарбий қисмлар, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам тузилади.
Бу участкалар ўзлари жойлашган ердаги референдум округларига киради.

Референдум участкалари Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилиши мумкин.

Ўзбекистондан ташқарида тузиладиган референдум участкаларини тегишли округга бирикитиш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади.

Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш
ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам референдум участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса истисно тариқасида референдум ўтказишга камида 5 кун қолганда тузилади.

Референдум участкалари туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тузилади.

Ҳарбий қисмларда референдум участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан тузилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум
участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Референдум ўтказувчи комиссиялар.

Референдум ўтказувчи комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:

  1. Марказий сайлов комиссияси;
  2. референдум ўтказувчи округ комиссиялари (келгусида округ комиссияси деб юритилади);
  3. референдум ўтказувчи участка комиссиялари (келгусида участка комиссияси деб юритилади).

Референдум ўтказиш билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимият вакиллик органларига сайловлар ўтказиладиган бўлса, референдумни ўтказиш тегишли сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши мумкин.

21 ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар округ ва участка комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин.

Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар округ
ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Участка комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпини бир ташкилотда ишлайдиган шахслар ташкил этадиган бўлса, улар ушбу комиссия таркибига тавсия этилиши мумкин эмас.

Бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка комиссиялари мустасно.

Комиссиянинг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Комиссия аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга (Марказий сайлов комиссияси ёки оркуг комиссияси) тегишли бўлиб, комиссия аъзоси Қонун талабларини бузган ёки ўз вазифаларини мунтазам равишда эътиборсиз қолдириб келган тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                      Курбанов Солижон Мурадович.