Округ комиссияси.

Округ комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан 10 кундан кечикмай комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг 8-18 нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Округ комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин 7 кундан кечикмай Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Округ комиссияси:

  1. тегишли округ ҳудудида Қонун ижросини назорат қилади;
  2. референдум участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;
  3. участка комиссияларини тузади ҳамда уларнинг таркиби
    ва жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;
  4. участка комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
  5. маблағларни участка комиссиялари ўртасида тақсимлайди, участка комиссияларининг бинолар, транспорт, алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ва округда референдумни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;
  6. референдумга қўйилган масаланинг мазмунини тушунтиришга қаратилган тадбирларни ўтказишда ОАВга кўмаклашади;
  7. маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди;
  8. овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари тузилиши ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;
  9. участка комиссияларини овоз бериш бюллетенлари билан таъминлайди;
  10. округ бўйича овоз бериш якунларини аниқлайди ва Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;
  11. овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар
    юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан референдум ўтказувчи комиссияларнинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган
    шикоятлар мустасно.

Участка комиссияси.

Участка комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин округ комиссияси томонидан 25 кундан кечикмай 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан комиссия раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда тузилади.

Референдум ўтказувчи участка комиссияси таркибининг сони зарур бўлган ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум ўтказувчи участка комиссияси раисининг вазифаларини уларнинг раҳбари амалга оширади.

Участка комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Участка комиссияси ваколатлари:

  1. участка бўйича референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатини тузади;
  2. фуқароларни овоз берувчи фуқаролар рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади;
  3. аҳолини овоз бериш ўтказиладиган кун ва жой тўғрисида хабардор этади;
  4. овоз бериш хоналари, кабиналари ва қутилари ҳамда бошқа ашёлар тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;
  5. референдум участкасида овоз беришни ташкил этади;
  6. референдум участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;
  7. овоз беришга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ўтказиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

 

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси:      Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли.