Мурожаатнома юзасидан

Куни кеча президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаат ўқиб эшиттирилди, унда ҳар бир соҳа бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусида амалга оширилиши сув ва ҳаводек зарур бўлган ислоҳотлар юзасидан кенг тўхталиб ўтилди. Ҳар бир давлат органининг ваколатлари ва шунингдек, уларнинг ўз ваколатларини қай даражада амалга оширгани, келгусида қай даражада амалга оширилиши лозимлиги юзасидан топшириқлар берилди. Хусусан, давлат бошқарувида оптималлаштириш ишларини амалга ошириш, яъни вазирлик ва идораларни сонини қисқартириш ва сифатини ошириш белгиланди.

Шунингдек, суд ҳокимиятининг фаолияти юзасидан ҳам олиб борилиши зарур бўлган топшириқлар берилди ва суд тизимида амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳақида айтиб ўтилди. Одил судлов сифатини оширадиган тизим шакллантириш мақсадида судьялар олдига ҳам салмоқли вазифалар қўйилди, шу ўринда суд қарорларини барқарорлигини таъминлаш, бу йўналишда эса қуйи судларнинг масъулиятини ошириш яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, тинтув ўтказиш, телефонни эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокуратурадан судга ўтказилиши маълум қилинди. Бу ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкам ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид ҳар бир хатти-ҳаракат фақат суднинг қарорига асосан амалга оширилишидан далолат беради, шу ўринда таъкидлаш жоизки, одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилиши ҳам бунинг яққол далилидир.

Мурожаатномада энди, терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмаслигини, бундан буён мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали амалга оширилиши айтиб ўтилди

Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилиб, улар махсус ўқитилиши, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланиши таъкидланди.

Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши айтиб ўтилди, бу эса фуқароларга қулайлик яратиб, улар ўзи хоҳлаган ҳудудда ишлари кўрилишини белгилайдилар.

Бир сўз билан айтганда, мурожаатнома бизнинг кейинги йилларда амалга оширишимиз зарур бўлган ислоҳотларнинг остонасидир.

Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси Д.Махаматов