Муйян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 2022 йил 16 декабрдаги ЎРҚ–810 сонли «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 24 бобидаги муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш бўйича тегишли туман ва шаҳар ИИБ органлари томонидан берилган илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормалар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказилиши, шуниндек, ушбу туркумдаги ишлар маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича тегишли туман, шаҳар судларига ўтказилиши белгиланди.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланганда, ИИБ органлари томонидан улар тегишли тартибда текширилади ва текширув натижалари бўйича ИИБ органига келтирилган кундан эътиборан 48 соат ичида муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномага
-муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни аниқлаган мансабдор шахснинг шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги, тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органи раҳбари томонидан тасдиқланган қарори;
-яшаш манзиллари (манзиллар бўйича бюро) ҳақида ахборот берувчи органнинг маълумотномаси, шунингдек муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги яшаш жойини текшириш натижалари тўғрисидаги маълумот;
-муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг тушунтириши ёки бундай шахс томонидан тушунтириш бериш рад этилганлиги тўғрисида тегишли тарзда тузилган далолатнома;
-муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари тўғрисида тиббий маълумотнома;
-муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг ҳуқуқлари, шу жумладан адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ва ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги ҳақидаги баённомалар илова қилинади.
Шунингдек, илтимосномага уни асословчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ИИБ органи томонидан берилади.
Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади. Суд мажлисида ўзига нисбатан иш материали кўрилаётган шахс ва ИИБ ходими иштироки мажбурийдир, шунингдек, адвокат ҳам иштирок этиши мумкин.
Д.Махаматов,
Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси






