Маъмурий судларга оид қонунчиликдаги ўзгаришлар хусусида

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғриси”даги ЎРҚ-833-сонли Қонуни қабул қилинди.

Юртимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, мансабдор шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни маъмурий судларда кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратининг қўлланилиш соҳасини кенгайтириш, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбуриятини уни қабул қилган мансабдор шахснинг зиммасига юклатиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш назарда тутилган.

Бугунги кунда маъмурий суд ишларини юритишда аризачи тегишли ваколатларига эга бўлган маъмурий органга, унинг мансабдор шахсига — жавобгарга нисбатан тенгсиз ҳолатдадир.

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича чиқарилган суд ҳужжатининг давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда ижро этилишини таъминлаш устидан самарали назорат механизми ҳам назарда тутилмаган. Бунинг натижасида фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб чиқарилган суд ҳужжатлари кўп ҳолларда давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолмоқда.

Ушбу ҳолатларни инобатга олиб, эндиликда, янги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги Кодексининг 122-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, унга кўра, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солинади. Суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, дастлабки солинган жариманинг ўн баравари миқдорида суд жаримаси солинади.

Шунингдек, ушбу Қонун билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича тарафларга келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги Кодексига янги “Келишув битими” номли 151-боб қўшилиб, унга кўра, тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкинлиги, келишув ихтиёрийлик, ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширилиши, тарафларнинг келишувига фақат жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлганда йўл қўйилиши, келишув фақат уларнинг низоли оммавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бўлиши ҳамда тарафларнинг ўзаро ён беришига йўл қўйилган тақдирда амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди ҳамда ушбу келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан сўнггина тузилган деб ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга ушбу келишув битими билан боғлиқ масалалар, яъни келишув битими юзасидан бериладиган аризаларнинг шакли ва мазмуни, уларни кўриб чиқиш тартиби, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиши лозим бўлган шартлар ҳамда келишув битимини тузишни рад этиш асослари ҳам белгиланиб қўйилган.

Ушбу янги қонун билан бошқа қонун ҳужжатларини ҳам кенг қамраб олган, кейинчалик бу қонун давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси Д.Мадаминов

Фарғона вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси О.Абдусатторов