КОНСТИТУЦИЯ БИЗНИКИ
Янги Конституцияда энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш мақсад қилинган. Халқимиз конституциявий ислоҳотлардан катта ўзгаришлар кутмоқда. Лойиҳа бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жараёнида аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги ҳам фуқароларимиз ушбу масалага жуда катта қизиқиш ва эътибор билан ёндашганлигидан яққол далолат беради.
Конституциявий қонун лойиҳаси устида ишлашда сенаторларимиз ҳам фаол иштирок этдилар. Хусусан, 19 нафар сенаторларимиз Конституциявий комиссия таркибида Конституциявий қонун лойиҳаси устидаги ишларда бевосита қатнашдилар. Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида, етук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамаларда ҳар томонлама таҳлил қилинди ва маромига етказилди.
Хусусан, лойиҳани тайёрлашда ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилди, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, шунингдек, республиканинг турли ҳудудларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ташкил этилди.
Лойиҳа 10 га яқин хорижий ва халқаро экспертизалардан, шу жумладан, лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизалардан ўтказилди. Халқаро экспертлар ҳам лойиҳа халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этганлигини эътироф этдилар.
Шу ўринда Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва энг асосий, муҳим жиҳатларига кўра, лойиҳада мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда. Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.
Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси Э.Ортиқов
Фарғона вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчиси Х.Ахмаджонов






