Инсон ҳуқуқлари олий қадрият.
Халқимизда азалдан холислик, ҳаққонийлик, тўғри сўзлик ва адолатлилик улуғ қадрият саналиб, бу эзгу фазилатлар замирида инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром мужассам. Давлатимиз раҳбари таклифи билан 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” ҳамда 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб аталиши ҳам миллатимизнинг ана шу эзгу қадриятлари бардавомлигини таъминлашга хизмат қиляпти.
Яқинда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2023 йил 7 февраль кунги ПҚ-46-сонли қарори қабул қилинди ва бу ҳужжат мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда 2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Мазкур қарори моҳиятида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдек улуғвор мақсадлар ётибди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги ташаббус ва таклифларини амалга ошириш доирасида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” Глобал форуми ўтказилгани ҳам фикримизни тасдиқлаб турибди.
Бу қарорнинг яна бир аҳамияти шундаки, унга кўра Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди. Бу дастур орқали 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилиши белгиланди. Айниқса, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ташкил этилиши эса ёшларимизда бу борадаги билим ва салоҳиятини оширишда муҳим рол ўйнайди. Қарорда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилиши қайд этилди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мазкур қарор ва дастур келажакда ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ва ушбу йўналишлардаги муҳим вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг раиси: Курбанов Солижон Мурадович.
Фарғона туманлараро маъмурий
судининг судья ёрдамчиси: Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли.






