Инсон ҳуқуқларининг ҳимоясида

Маъмурий судларнинг ташкил этилишидан бошлаб шу давргача бир неча ўнлаб қонун ҳужжатлари, президент қарор ва фармонлари қабул қилиниб, фуқаролар ўртасида кенг тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилди, юқоридаги фармонлар ҳам шуларнинг жумласида кенг тарғибот қилиниб, амалиётга жорий этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 ва 17 январдаги 11 ва 12-сонли Фармонларида белгиланган вазифалар ижроси ўз вақтида, сифатли ижро этилиши нафақат суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун, балки фуқароларда давлат сиёсатига ва давлат органларига бўлган ишончни ҳам мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.
Бизга маълумки, мансабдор шахсларнинг қарорлари ва қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари устидан фуқароларнинг судга ариза (шикоят) билан мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатини амалга оширувчи маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг судга бўлган ишончини янада оширишга, шу жумладан, уларнинг суд томонидан ҳимоя қилиниш даражасини юқорилашга эришди. Бу ҳам юртимизда суд тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида ҳам инсон ҳуқуқлари усутворлиги таъкидланиб, Конституциянинг 2 моддасига кўра, Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатимизнинг энг устувор вазифаларидан биридир. Ваҳоланки, маъмурий судларни жахон стандартларига мос равишда такомиллаштириб бориш давр талаби ҳисобланади.
Бунинг учун, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгилаш талаб этилади.
Шунингдек юқоридаги фармонлар билан тасдиқланган қисқа муддатли стратегия ва уни амалга ошириш юзасидан қабул қилинган ҳаракатлар дастури давлатимиз томонидан сўнги йилларда одил судловни амалга оширишни мустаҳкамлаш юзасидан олиб борилаётган ишларни ва қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатларини янада мустаҳкамлаб, уларнинг ижросини кенг амалга ошириш учун имкон яратибгина қолмасдан, суд ишларини юритишни сифат жихатдан янги маррага олиб чиқиб, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлайди.

Д.Мадаминов
Фарғона туманлараро
маъмурий судининг судьяси

О.Абдусатторов, Х.Ахмаджонов
Фарғона вилоят маъмурий
суди судья катта ёрдамчилари