Асосий Қонунимизга ўзгартиришлар киритилмоқда

Конституция ҳар бир давлатнинг асосий қонунидир, у жамият учун ишлаши, унинг орзу ва истакларини акс эттириши лозим. Конституциянинг мазмуни – мамлакатнинг давлат, ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг барча асосларини белгилашдан иборат. Конституция ҳуқуқ тизимининг пойдевори ва асоси бўлиб, қонунлар ва бошқа барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар унинг асосида ишлаб чиқилиб қабул қилинади.

Конституциявий ислоҳот бошланганидан буён фуқаролардан икки юз мингдан зиёд таклифлар келиб тушган ва мазкур таклифлар асосида Янги Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Келиб тушган таклифлар асосида асосий қонундаги моддалар сони
128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси «Xalq so’zi» va «Narodnoye slovo» газеталарида эълон қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси муқаддима, 6 бўлим,
155 моддадан иборат.

Янгиланаётган Конституция “Инсон-жамият-давлат” тамойилига асосланиб, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг мазмунини ва моҳиятини белгилаши аниқ кўрсатиб ўтилмоқда. Киритилаётган ўзгаришлардан бири бу – инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланмоқда.

Ўзгаришлардан яна бири бу – Президент ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга ўзгартирилмоқда. Айни бир шахс президентлик лавозимини кетма-кет икки мартдан ортиқ эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида сақланиб қолмоқда. Бу қоида, шунингдек, президентдан ташқари парламент палаталарининг раҳбарлари, ҳокимлар, бош прокурор ва бир қатор бошқа лавозимларга ҳам нисбатан жорий қилинади.

Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга камаяди. Сенат ва Қонунчилик палатасининг ваколатларида ўзгаришлар бўлади. Қонунчилик палатаси вазирларни ишдан олиш ҳақида президентга таклиф киритиш ваколатига эга бўлади.

Сайлов тизимида ҳам айрим ўзгаришлар бўлиши мумкин. Партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтиш таклиф этилмоқда. Бунда депутатлик ўринларининг бир қисми можаритар тизимга, иккинчи қисми пропорционал тизимга ажратилади. Можаритар тизимдаги ўринларни энг кўп овоз тўплаган номзодлар эгаллайди, пропорционал тизимдаги ўринлар эса партия рўйхатлари асосида тақсимланади. Мисол учун, жорий йил 19 март куни Қозоғистон Республикасида ўтказилган депутатлик сайловларида ҳам аралаш сайлов тизимидан фойдаланилди.

Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири – ҳокимларнинг айни бир вақтда маҳаллий халқ депутатлари кенгаши раиси бўлмаслигидир.  

Ушбу Конституциявий қонун лойиҳаси турли экспертизалардан, хусусан лингвистик, юридик, гендер, коррупцияга қарши, жамоатчилик ва инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги бўйича экспертизалардан ўтказилди.

Конституцияга ўзгартиришлар киритиш юзасидан берилган таклифлардан бири – ихчам ва халқчил давлат бошқаруви жорий этиш, бу орқали мамлакатда парламент ролини янада кучайтиришга эришиш ҳисобланади. Янгиланаётган Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат,мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган.

Амалда бўлган Конституциянинг 91 та моддасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Конституцияни янги таҳрирда баён этишни асосли деб топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2023 йил 14 март кунги ўн саккизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди ва Сенат мазкур қонунни ва уни умумхалқ референдумига қўйишни маъқуллади.

Ҳозирги кунда республикамизда муҳим сиёсий тадбир – умумхалқ референдумига тайёргарлик кўрилмоқда.

Умумхалқ референдуми жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилади.

Конституциявий қонун референдум якунлари Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Конституциявий қонун қонунуий кучга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Конституциявий қонун таҳриридаги мамлакат Конституциясига зид бўлмаган қисмида қўлланилади.

Конституциявий қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъий назар, Конституциявий қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан тўғри амал қилади.

Қонунчилигимизга кўра, Конституцияни қабул қилиш бўйича референдум ўтказилганидан кейин қўшимча ҳужжат қабул қилиш, парламентда муҳокама қилиниши ва президент томонидан имзоланиши шарт эмас, умумхалқ овози якуний қарор бўлиб хизмат қилади.

О.Тошпўлатов,

Х.Ахмаджонов,

Р.Шукуров,

Фарғона вилоят маъмурий суди

ходимлари