Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси БЎЙИЧА СУДНИНГ ТАРКИБИ ЮЗАСИДАН ТУШУНТИРИШ.

17-модда. Ишларнинг якка тартибда ва ҳайъатда кўрилиши

Биринчи инстанция бўйича маъмурий ишлар (бундан буён матнда иш деб юритилади) туманлараро маъмурий судида, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судида судья томонидан якка тартибда, Ўзбекистон Республикаси Олий судида биринчи инстанция бўйича ишлар уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда кўрилади.

Ишни апелляция ва кассация тартибида кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилади.

Ишни кассация тартибида такроран кўриш беш нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилади.

Иш ҳайъатда кўрилаётганда судьялардан бири суд мажлисида раислик қилади.

Ишни кўришда барча судьялар тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ушбу Кодексга биноан судьяга ишни якка тартибда кўриш ва айрим масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқи берилган тақдирда, судья суд номидан иш кўради.

18-модда. Суд таркибини шакллантириш

Муайян ишни кўриш учун суд таркиби судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашуви ҳисобга олинган ҳолда, суд таркибини шакллантиришга суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда шакллантирилади.

Бир судья ёки суд таркиби томонидан кўрилиши бошланган иш айнан шу судья ёки суд таркиби томонидан кўриб чиқилиши керак.

Судья ёки судьялардан бири:

судья ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўзини ўзи рад қилган ёки судьяни рад қилиш ҳақида ариза берилган ва бу қаноатлантирилган тақдирда;

судья йўқлиги сабабли ишни кўриш имкони бўлмаган тақдирда алмаштирилиши мумкин.

Судья алмаштирилганидан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.

19-модда. Масалаларни суд томонидан ҳайъат таркибида ҳал қилиш тартиби

Суд томонидан иш ҳайъат таркибида кўрилаётганда юзага келадиган масалалар судьялар томонидан кўпчилик овоз билан ҳал қилинади. Судьяларнинг бирортаси овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Суд мажлисда раислик қилувчи судья ҳаммадан кейин овоз беради.

Кўпчиликнинг фикрига қўшилмаган судья суд ҳужжатига имзо қўйиши шарт ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён қилишга ҳақли, алоҳида фикр муҳрланган конвертда ишга қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайди.

Юқори инстанция суди судьянинг алоҳида фикри билан танишишга ҳақли.

20-модда. Ишни кўришда судьянинг такрор иштирок этишига йўл қўйилмаслиги

Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок этиши мумкин эмас, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари мустасно.

Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судида ёхуд ушбу Кодекснинг 2481-моддасига мувофиқ кассация инстанцияси судида такроран кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг раиси:                                                           Курбанов Солижон Мурадович.

Фарғона туманлараро маъмурий

судининг судья ёрдамчиси:                    Аъзамов Ахрорбек Тохиржон ўғли.